Бухорода “Йилнинг энг яхши ёрдамчи-агенти — 2025” танловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 8 октябрь куни Бухоро шаҳридаги “Garden Plaza” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан ташкил этилган “Йилнинг энг яхши ёрдамчи-агенти — 2025” танловининг Бухоро вилояти босқичи якунланди.
Тадбирда Марказий банкнинг масъул ходими Рамазон Барноев, шунингдек, Марказий банк Бухоро вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Джумаев сўзга чиқиб, танловда фаол иштирок этган ва ғолибликни қўлга киритган ёрдамчи-агентларни табриклади. Улар ёшларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, аҳоли орасида банк хизматларини оммалаштиришдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, келгусидаги фаолиятларига муваффақият тиладилар.
Таъкидланишича, ёрдамчи-агентлар бугунги кунда маҳаллаларда банк хизматларини аҳолига етказишда муҳим бўғин сифатида фаолият юритмоқда. Улар “маҳалла банкири”га яқиндан кўмак бериб, ҳар бир хонадонда молиявий саводхонликни ошириш ва тадбиркорликни ривожлантиришда катта ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2025 йил 12 августдаги фармойишига мувофиқ, жорий йилнинг август–декабрь ойларида мамлакат миқёсида ёрдамчи-агентлар фаолиятини баҳолаш ва рағбатлантириш мақсадида мазкур танлов ўтказилиши белгиланган эди.
Биринчи босқичда Бухоро вилояти бўйича 516 нафар ёрдамчи-агентлардан 173 нафари фаол иштирок этди ва уларнинг 39 нафари иккинчи босқичга йўлланмани қўлга киритди.
Иккинчи босқичда ёрдамчи-агентлар 3 та йўналишда —
- бизнесга йўналтирилган банк маҳсулотларини тарғиб қилиш,
- фирибгарлик ҳолатларидан огоҳликка чақириш,
- омонатлар бўйича тарғибот ишларини олиб бориш каби мавзуларда ижодий ишларни тақдим этдилар.
Агентлар томонидан тайёрланган ноанъанавий фото ва видео лавҳалар ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди. Натижада, улар орасидан 13 нафар ёрдамчи-агент финал босқичда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
Танлов якунида фаол иштирокчилар ва ғолибларга ташаккурнома, 500 минг сўмлик ва 1 миллион сўмлик ваучерлар, шунингдек, эсдалик совғалари топширилди.
Маросим кўтаринки руҳда ўтди ва иштирокчилар танловни ташкил этган Марказий банк ҳамда вилоят бошқармаси раҳбариятига миннатдорлик билдирди.