Bo'limsiz

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ САЛОМАТЛИГИГА ЭЪТИБОРЛИ БЎЛАЙЛИК

Полиомиелит – ўткир шол касаллиги бўлиб уни майда, ҳатто оддий микроскопда ҳам кўриб бўлмайдиган вируслар чақиради. Касаллик асаб тизими, айниқса орқа мияни шикастлайди ва жиддий асоратларни, ҳатто умрбод фалажлик ёки болалик ёшидаёқ ўлим ҳолатини олиб келиши мумкин.
Полиомиелит билан асосан 10 ёшгача бўлган болалар касалланадилар. Касалликнинг яширин даври ўртача 5-12 кун бўлиб, баъзида 35 кунгача давом этиши мумкин.

Касалликнинг юқиш йўллари ва келтириб чиқарувчи омиллари:
✅Касалликнинг ягона манбаи хасталикнинг енгил ёки яширин шакли билан оғриган бемор ҳисобланади.
✅Касаллик шахсий гигиена қоидаларига амал қилинмаганда, оғиз орқали ифлос қўл, вирус билан зарарланган сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар орқали юқади.
✅Баъзан ҳаво-томчи йўли орқали ҳам юқиши мумкин.

Касаллик аломатлари:
❇️касалликнинг паралитик бўлмаган шаклида – кўпинча қисқа муддатли иситма, йўтал, томоқда оғриқ бўлиши кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши;
❇️паралитик шаклида – тана ҳарорати юқори бўлиши, нафас қисилиши, шамоллаш белгилари, ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши, бош, бел, оёқ-қўлларда кучли оғриқ бўлиши, алаҳсираш ва менингиал белгилар, юз нерви ва мимик мускулларда фалажлик, оёқ, тана бўйин ва диагфрагмада бўшашган паралич кузатилиши мумкин.

Кўриладиган чоралар:
❇️ касаллик аломатлари кузатилганда, шифокорга эрта мурожаат қилиш ҳамда унинг тавсиясига кўра, даво муолажаларини олиш керак.

Профилактик тадбирлар:
❇️полиомиелит касаллигининг олдини олишда ягона чора касалликка қарши эмлашдир. Миллий эмлаш календарига асосан, полиомиелитга қарши эмлаш боланинг 2, 3, 4 ва 16 ойлигида ва 7 ёшида оилавий поликлиникаларда ОПВ-оғиз орқали юбориладиган полиомиелит вакцинаси билан эмлаш ўтказилади.
❇️ ИПВ-инактивланган полиомиелит вакцинаси билан болалар 4 ойликда бир маротаба эмланади. Эмлаш бир маротабалик шприц билан инъекция усулида ўтказилади, вакцинанинг бир дозаси – 0,5 мл. мушак орасига юборилади.
❇️ Республикани даволаш-профилактика муассасалари эмлаш пунктида жорий йилнинг 20-30 сентябрь кунлари 4-5 ёшдаги болаларни ИПВ-инактивланган полиомиелит вакцина билан эмлаш кунлари режалаштирилди. Ушбу жараённи ўтказиш учун бир миллион икки юз минг доза инактивланган полиомиелит вакцина маъмурий ҳудудлар эмлаш пунктларига эҳтиёжга асосан етказиб берилди.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button