BuxoroSud

Иқтисодий судларга мурожаат қилиш тартибини биласизми?

Сўнгги йилларда бошқа соҳалар каби ҳуқуқ соҳасида, хусусан, суд-ҳуқуқ тизимида ҳам ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида ҳуқуқ тизимини тубдан яхшилашга қаратилган қатор қонунларнинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг ишончли кафолати бўлди. Бинобарин, иқтисодий судлар ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашда салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бироқ, иқтисодий судлар амалиётида даъвогарлар томонидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилишда баъзи камчиликларга йўл қўйилаётганлиги кузатилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 3-моддасида судга мурожаат қилишда низоларнинг тоифасига кўра қандай турдаги ҳужжатлар тақдим этилиши баён қилинган. Унга кўра судга тақдим қилинадиган ҳужжатлар даъво аризаси, ариза ва шикоят тарзида расмийлаштирилиб тақдим қилинади.
Даъво ариза(ариза)си иқтисодий судларда иш қўзғатиш учун асос ҳисобланади. Агар суднинг олдига ҳал қилиш учун бирор масала қўйилган ҳолда ариза тақдим этилган бўлиб, унинг шакли ва мазмуни даъво ариза(ариза)сига қўйиладиган талабга жавоб бермаса, бу ҳолат даъво қўзғатишга асос бўлмайди.
Дарвоқе, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 149-моддасида даъво аризанинг шакли ва мазмунига қўйиладиган талаблар ўз аксини топган. Унга кўра, даъво аризаси судга ёзма шаклда берилади. У даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Даъво аризасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
ариза берилаётган суднинг номи;
ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
агар даъво баҳоланиши лозим бўлса, даъвонинг баҳоси;
даъво талабларига асос бўлган ҳолатлар;
даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далиллар;
ундирилаётган ёки низолашилаётган сумманинг ҳисоб-китоби;
даъвогарнинг қонунчиликка асослаб келтирган талаблари, даъво бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар;
жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Даъво аризасида даъвогарнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Даъво аризасида, агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек даъвогардаги мавжуд илтимосномалар кўрсатилади. Даъвогар ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни битта даъво аризасига бирлаштиришга ҳақли.
Даъво аризаси судга девонхона орқали топширилганда суднинг масъул ходими унинг илова ҳужжатлари рўйхат асосида текширилади. Бунда агар илова ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса, даъво аризаси тақдим этаётган шахсга илова ҳужжатлар тўлиқ эмаслиги тўғрисида тушунтириш берилади. Олиб борилаётган ислоҳотларни янги поғонага чиқариш, суд соҳасига замонавий руҳ бериш ҳамда судга мурожаат қилишни енгиллаштириш мақсадида судга электрон кўринишда даъво аризалар, ариза ва шикоятлар тақдим этиш имконияти яратилган. Дарҳақиқат, иқтисодий судларга “E-XSUD” ахборот тизимига электрон шаклда дунёнинг исталган бурчагидан “ONE-ID” орқали мурожаат қилиш ва суд мажлисида иштирок этиш имкониятининг яратилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида қилинган ислоҳотдир. Судга электрон кўринишда даъво аризаси тақдим этилаётган ёки почта бўлими орқали судга ўз даъво аризасини юбораётган шахслар илова ҳужжатларининг тўлиқлигига эътибор бериши талаб қилинади. Таъкидлаш жоизки, даъво аризасига қўйиладиган ушбу талабларга риоя қилмаслик Иқтисодий процессуал кодексининг 155-моддасига асосан даъво аризасининг иш юритишга қабул қилинмай қайтарилишига ва ўз навбатида жисмоний ва юридик шахсларнинг ортиқча оворагарчилигига сабаб бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, судларга даъво аризаси, ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилиш тартибини билиш ҳақ-ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблайдиган шахслар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг вақтини тежашга ва низоларнинг ўз вақтида самарали ечим топишида бирламчи аҳамият касб этади.

Бухоро туманлараро иқтисодий 
            суди судьяси        Д.Чориев

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button