Келажак марказлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди

Бухоро вилоятида “Келажак” марказлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда марказлар фаолияти, амалга оширилаётган ташаббуслар ҳамда келгусидаги режалар юзасидан кенг қамровли ахборот берилди. Анжуман давомида журналистларни қизиқтирган саволларга соҳа масъуллари томонидан атрофлича жавоблар тақдим этилди.

Матбуот анжуманида 2025 йил давомида Бухоро вилоятида мактабдан ташқари таълим тизимида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар таҳлил қилинди. Қайд этилишича, жорий йилда мазкур соҳани ривожлантириш борасида изчил ва самарали ислоҳотлар амалга оширилиб, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, замонавий касб-ҳунарлар, хорижий тиллар ҳамда IT йўналишлари бўйича билимларини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги PQ–277-сонли “Мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 декабрдаги 776-сонли “Келажак” марказлари фаолиятини тартибга солишга қаратилган қарорлари соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этди.

Президентимиз таъкидлаганидек, “Тараққиётнинг тамалтоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир”. Шу боис ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни замонавий касбларга йўналтириш ва рақобатбардош билимлар билан таъминлашда “Келажак” марказлари фаолияти янада кучайтирилмоқда.

Тўгараклар фаолияти ва қамров

2025 йил январь ҳолатига кўра, вилоятдаги 14 та “Баркамол авлод” болалар мактабларида 7 йўналиш бўйича 79 номда 929 та тўгарак фаолият юритиб, уларга 22 минг 890 нафар ўқувчи жалб этилган бўлса, йил якунида тўгараклар сони 952 тага, қамров эса 23 минг 340 нафарга етди.

Мазкур кўрсаткич умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг 7,1 фоизини ташкил этиб, Бухоро вилояти Қорақалпоғистон Республикасидан кейин республика миқёсида 1-ўринни эгаллади.

Педагог кадрлар салоҳияти

Ўқувчилар билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида 1053 нафар педагог ходим ва тўгарак раҳбарлари фаолият олиб борди. Олий маълумотли педагоглар улуши 48 фоиздан 52 фоизга етди.

Шунингдек, Бухоро вилояти Педагогик маҳорат марказининг 2025 йил иш режасига мувофиқ, март–декабрь ойларида 7 йўналиш бўйича 200 нафар тўгарак раҳбарлари учун малака ошириш курслари ташкил этилди.

Креатив индустрия ва янги йўналишлар

Президентнинг 2025 йил 15 майдаги PQ–183-сонли қарорига мувофиқ, креатив индустрия йўналишидаги тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан,

– “Техника, конструкторлик ва моделлаштириш” йўналишида 104 та тўгарак ташкил этилиб, 2 430 нафар ўқувчи қамраб олинди;

– “Маданият ва санъат” йўналишида 142 та тўгарак фаолият юритиб, 3 280 нафар ўқувчи жалб этилди.

Тўгарак хоналари маҳаллий бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан таъмирланиб, замонавий компьютерлар, техник жиҳозлар ва зарур хомашё билан таъминланди.

Ижтимоий ҳимоя ва инклюзивлик

Амалдаги низомларга мувофиқ, 991 нафар кам таъминланган оила фарзандлари, 50 нафар “Оилавий болалар уйи” тарбияланувчилари ҳамда 420 нафар махсус мактаб-интернат ўқувчилари тўловлардан озод этилди.

Натижалар ва ютуқлар

2025 йилда 215 нафар тўгарак аъзолари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиниб, бу кўрсаткич бўйича Бухоро вилояти республикада 1-ўринни эгаллади.

Шунингдек, халқаро ва республика миқёсидаги танлов ва мусобақаларда жами 175 та совринли ўрин, жумладан 83 таси халқаро даражада қўлга киритилди. Ҳудудларда ташкил этилган “Жасорат мактаб”ларида 13 та спорт йўналишидаги тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди.

Инфратузилма ва молиявий таъминот

Мактабдан ташқари таълим муассасаларида қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилиб, тўгарак хоналари замонавий компьютерлар ва интерактив доскалар билан таъминланди.

2025 йил давомида “Баркамол авлод” болалар мактаблари томонидан 307 миллион 464 минг 506 сўм миқдорида бюджетдан ташқари маблағлар жалб қилиниб, муассасаларнинг моддий-техника базаси янада мустаҳкамланди.

2025 йилда Бухоро вилоятида мактабдан ташқари таълим тизими ёшларнинг иқтидорини ривожлантириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва уларни замонавий билим ҳамда касбларга йўналтиришда республика миқёсида етакчи ҳудуд сифатида эътироф этилди.

Back to top button