BuxoroSud

“КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ ДАВР ТАЛАБИ”

Ҳозирги замон миллий ва халқаро ҳуқуқида тобора кўп қўлланилаётган атамалардан бири бу коррупциядир. Коррупция бугун пайдо бўлган иллат эмас, у қадимдан мавжуд бўлиб келмоқда. Маълумки, “Коррупция” сўзи лотинча сўздан олинган бўлиб, мазмуни “бузиш, емириш” маъносини англатади. Халқаро ҳуқуқнинг айрим манбаларида “Коррупция”га пора олиш, давлат ёки хусусий соҳада муайян ваколатга эга бўлган шахс, мансабдор шахснинг ёки хусусий соҳада фаолият юритадиган шахс ёки мустақил агентнинг шунга ўхшаш муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларини бузадиган шунингдек, ўзи ёхуд ўзга шахслар манфаати учун ҳар қандай шаклдаги афзалликларга эга бўлиш мақсадида ифодаланган хатти-ҳаракат деб таъриф берилган. Миллий қонунчилигимизда эса коррупция-шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш деб таъриф берилган.
Бутун дунё ҳамжимияти коррупцияга қарши курашаётган даврда
2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республиканинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 34-моддадан иборат бўлиб, ушбу қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Мазкур Қонуннинг 4-моддасига асосан, қонунийлик; фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги; очиқлик ва шаффофлик; тизимлилик; давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги; коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги; жавобгарликнинг муқаррарлиги Коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари этиб белгиланган. Мансабдор ёки мансабдор бўлмаган шахслар томонидан юқорида назарда тутилган хатти-ҳаракатлар содир этилиши оқибатида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилади.
Юртимизда коррупцияга қарши курашни жадаллаштириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг сабаблари ва юзага келиш шарт-шароитларини комплекс бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан иш олиб борилмоқда.
Республика идоралараро комиссиянинг Давлат дастури лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутувчи 6 та йўналиш бўйича шакллантирилмоқда:
Коррупцияга қарши курашиш соҳасида қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш;
фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш; таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар; коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш; коррупцияга қарши курашиш соҳасида ташкилий чоралар, тадқиқотлар ўтказиш, халқаро ҳамкорлик.
Қайд этилишича, ҳар бир фуқаро Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этиши мумкин.
Мазкур Давлат дастурини тайёрлашда коррупцияга шарт-шароит яратувчи муаммоларни бевосита фуқаролардан ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади.
Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида фуқаролик жамиятини қуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бир коррупциядир, деб қайд этган. Давлатлар ўртасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик, бизнес ҳамда инвестиция ривожида шафқатсиз тўсиқ ҳам айни шу коррупция ҳисобланади. Ҳар йили кўплаб қўшма корхоналарнинг очилиши ва ёпилиши замирида ана шу “кўринмас қўллар” ётади. Коррупция даражаси юқорилашган давлатга чет эл инвестициясини киритиш камайиб бораётганининг асл сабабларини ҳам шу хавфли иллатдан излаш лозимга ўхшайди.

Алишер БАХРОМОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг судьяси

Нурбек РАХИМОВ,
Бухоро вилоят судининг бош консультанти

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button