Bo'limsiz

Маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиби

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларининг ишончли суд ҳимоясини таъминлаш, маъмурий суд иш юритувини амалга ошириш бўйича конституциявий нормани, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш зарурати, Ўзбекистон Республикаси суд тизимига ўзгартириш киритиб маъмурий судлар тизимини ташкил этишни тақозо этганлиги боис, 2017 йил 21 февраль кунидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-4966 сонли “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга асосан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари ташкил этилди.
Ушбу судлар ўз фаолиятини 2017 йил июнь ойидан бошлади.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 15 декабрь куни қабул қилинди. Сенат томонидан 2017 йил 20 декабрь куни маъқулланди ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 462-сонли Қонуни билан
2018 йил 25 январь куни Президент томонидан тасдиқланди.
Шундай қилиб, маъмурий судлар ўз фаолиятларини Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга асосан иш олиб бора бошлади.
Унга кўра ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.
Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, судга прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар мурожаат қилишга ҳақли.
Кодекснинг 26-моддасида маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир, бундан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига, фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий судларга ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар мустаснолиги кўрсатилган.
Шунингдек, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий суд ўзига тааллуқли ишларни фуқаролар, юридик шахслар ва маъмурий органлар, шунингдек ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошираётган чет эл юридик шахслари, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокида кўрилиши белгиланди.
2021 йил 12 январь кунидаги 662-сонли Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш киритилиб, 271 (Инвестициявий низолар бўйича ишлар) ва 272 (Рақобат тўғрисидаги ишлар) моддалари билан тўлдирилди.
Эндиликда инвестициявий низолар жумласига инвесторлар билан маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги улар мансабдор шахсларининг инвестиция шартномаси шартларига риоя қилиниши билан боғлиқ қарорларига, ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) доир ишлар киради.
Шунингдек, рақобат тўғрисидаги ишлар бўлиб юридик шахслар, шу жумладан чет эллик юридик шахслар, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва монополияга қарши орган ўртасида товар ҳамда молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган, маъмурий суд судловига тегишли низолар ҳисобланиши белгиланди.
Бу эса ўз навбатида Республикамизга келиб ўз фаолиятини бошлаган ва келажакда келмоқчи бўлган хорижий инвесторларнинг қонунда белгиланган ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши маъмурий судлар томонидан ҳимояланиши кафолатланди.
Энди маъмурий судларга мурожаат қилиш шаклига тўхталадиган бўлсак, ушбу мавзудаги барча тушунтиришлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 5-моддасида ўз аксини топган.
Унга кўра, судга мурожаат қилиш:

  • фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишлар бўйича, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда — ариза (шикоят) ва илтимоснома шаклида;
  • апелляция ва кассация инстанцияси судларига мурожаат этилганда, шунингдек Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги Кодекс ҳамда бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.
    Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармонлари ва 2020 йил 3 сентябрь кунидаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги 4818-сонли Қарорлари билан ҳам бир қарор ислоҳотлар амалга оширилди ҳамда бу билан суд тизимига ва фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича бир мунча ислоҳотлар амалга оширилди.
    Ушбу фармонга кўра, эндиликда судларга қилинадиган мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин. Шу билан бирга маъмурий судларга электрон шаклда юборилган мурожаатларнинг тақдирини онлайн кузатиб туриш имкони ҳам мавжуд бўлди.
    Ҳозирги кунда маъмурий судларга мурожаат қилувчиларга қулайлик бўлиши ва уларнинг вақтларини тежаш ҳамда уларни оввора бўлишларини олдини олиш мақсадида, судларда кўриладиган ишлар бўйича якуний суд ҳужжатини Олий суднинг сайтидан кириб ҳеч қандай қийинчиликсиз олишлари мумкин бўлди.
    Бундан ташқари, 2021 йилнинг бошидан суд тизимида бир суд бир инстанция тамойилига асосан ишлар кўрила бошлади.
    Шундай қилиб, эндиликда ҳар бир инстанцияда ишлар бир маротаба кўрилади.
    Масалан: дастлаб судга мурожаат қилган жисмоний ва юридик шахсларнинг ариза(шикоят)лари бўйича суд мажлислари биринчи инстанцияда туман(шаҳар) ва туманлараро судларида кўрилади.
    Биринчи иснтанция суд ҳужжатларидан норози бўлиб келтирилган шикоятлар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилади.
    Апелляция инстанция суди қароридан норози бўлиб келтирилган шикоят Ўзбекистон Республикаси Олий суди кассация судлов инстанцияси томонидан кўриб чиқилади.
    Кассация инстанцияси қароридан норози бўлиб келтирилган шикоятлар фақатгина Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва Республика бош прокурори ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарлари томонидан киритиладиган протестга асосан, беш нафар судьядан иборат таркибда қайта кассация инстанциясида кўриб чиқилади.
    Шундай қилиб, қайта кассация инстанциясида кўрилган ишлар бошқа бирорта инстанцияда кўрилмайди. Яъни ушбу инстанция охирги инстанция ҳисобланади.
    Бугунги кунда суд фаолиятига оид амалга оширилаётган ҳар қандай ислоҳотлар, судлар фаолиятини очиқлигини, шаффофлигини ва суд фаолиятига ташқи аралашувларни олдини олиш ҳамда фуқароларнинг қонунда белгиланган ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган.
    Ўз навбатида бу каби ислоҳотлар биз судьяларни ўз фаолиятимизни адолатли, холисона ва фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишимизни, шунингдек фуқароларимизни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Қонунларига бўйсуниш ҳамда уларнини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
    Ихтиёр Холов,
    Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси,
    Маъруф Саидов,
    Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button