Мустақиллкнинг 30 йиллиги: Ҳамма айтган гап бўлса ҳам, айтаман…
…Ўша куни кеч соат 10 ларда уйга қайтаётган эдим. Шу вақтда телеграм ижтимоий тармоғидан менга табриклар кела бошлади. Мустақиллик байрами билан табриклар бўлса керак, деб ўйладим. Кўзим тушди-ю, ўқишга имконим бўлмади. Уйга етиб бориб, хабарларни ўқидим. Мукофот ва орден ҳақида гап кетган. Шунда фармонни қидириб топиб, ўз кўзларим билан кўргач, исм-шарифимни ўқимагунча ишона олмадим. Сабаби, кутилмаган бу хабар мени шошириб қўйди. Адашмадимикин, деган хаёл ҳам йўқ эмас. Хурсандчилигимни оила аъзоларимга ҳам айтдим. Улар билан баҳам кўрдим. Ҳамма айтган гап, деб ўйларсиз. Лекин бу мукофот берилгандан кейин ҳаяжон билан бирга ўзимда жавобгарлик, масъулият янада ошганини ҳис қиляпман. Бу шарафга, эътирофга муносиб бўлишим керак, деган ўй-хаёллар оғушида юрибман. Режалар тузяпман, мақсадлар қиляпман. Ишимга бошқача кўз билан қараб, янгиликлар қилишим керакми ёки фаолиятим сифатини ошириш каби фикларим бор. Очиғи, муносиб бўлиш ҳақида бош қотиряпман.
Бугун банк ва кредит ташкилотлари фаолиятини жонлантириш билан боғлиқ қонунчиликни такомиллаштириш, уларнинг ишини ривожлантириш масалалари устувор саналади. Қўмитамиз шу кунларда соҳага алоқадор қонунни биринчи ўқишда мажлисга олиб чиқиш устида ишлаяпти. Лойиҳани чуқур ўйлаб, белгиланган топшириқларни инобатга олган ҳолда пухта шаклда тайёрлаш лозим.
Шунингдек, солиқ сиёсати бўйича ҳам ташаббуслар кутилмоқда. Солиқ кодекси амалиётга жорий этилган. Бироқ унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳам талаб этилмоқда. Масалан, солиқ маъмурчилигига тааллуқли бўлган, солиқ ставкалари ва улар қай даражада тадбиркорлар талабларига мослигини ўрганган ҳолда таклифлар тайёрлаш кўзда тутилган. Солиқ юки бизнес эгаларини қанчалик қониқтиряпти ва бюджетга даромадлар тўлақонли тушишини назорат қилиш ҳам бевосита вазифаларимиздан саналади.
Бу янгиланишлар асоси кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодиёт ва жамият ижтимоий ҳаётини мувозанатли ривожлантиришга бориб тақалади. Биргина иқтисодиёт соҳасини олсак, ўтган қисқа давр мобайнида тармоқда тизимли ишларнинг йўлга қўйилиши уни мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Хусусан, миллий валютамиз – сўмнинг эркин конвертацияси жорий этилгани, солиқ ва бюджет сиёсатининг янги асосда шакллантирилгани, тадбиркорликнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалаш янада кучайтирилгани, улар фаолиятини режадан ташқари, муқобил текширишларнинг бекор қилингани миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга, тармоқларда жаҳон стандартларига мос, ташқи бозорларда харидоргир маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида келтирилганидек, 2017-2020 йилларда мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиш даражаси 18,3 фоизни ташкил этиб, ялпи ички маҳсулот 60 миллиард долларга етди. Ташқи савдо айланмаси 2016 йилдаги 24 миллиард доллардан 2020 йилда 36 миллиард долларга кўпайди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 369 триллион сўмни ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 23,4 фоизга ўсди. Натижада саноат маҳсулотларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 19,5 фоиздан 27,4 фоизга кўтарилди.
Ислоҳотларимиз самарасининг турли халқаро рейтингларда тан олиниши мамлакатимиз учун халқаро молия бозорларига чиқиш имкониятини яратди. Жумладан, жорий йилда 635 миллион долларлик ва 2,5 триллион сўмлик давлат еврооблигациялари, Ипотека банкининг 785 миллиард сўмлик ва “Ўзавтомоторс” акциядорлик жамиятининг 300 миллион долларлик корпоратив облигациялари чет эл инвесторларига сотилди.
Сармоядорларнинг мамлакатимиз иқтисодиётига бўлган ишончини кескин оширишга муваффақ бўлдик. Инвестицияларнинг умумий ҳажми қисқа муддатда 2,1 мартага, шу жумладан, хорижий инвестициялар ҳажми 3 баробарга яқин ўсгани ҳам бунинг исботидир.
Юртимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг яна бир ўта муҳим жиҳати, уларнинг ҳудудларни комплекс ва жадал ривожлантиришга қаратилганидир. Бу борада маҳаллий бюджетларнинг юқори бюджетларга бўлган боғлиқлигини кескин камайтириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет маблағларини бошқаришдаги мустақиллиги ва масъулиятини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар барча бўғиндаги бюджетларнинг барқарорлигини таъминловчи тизимни яратибгина қолмай, Давлат бюджетининг самарали ижросини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Умуман олганда, мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш билан боғлиқ ислоҳотларга бефарқ бўлмаслик, уларнинг такомиллашувига бироз бўлса-да ҳисса қўшиш биз, депутатлар учун ҳам фарз, ҳам қарз, деб биламан.
Мукофот ва эътиборни эса бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш ва иш сифатини ошириш учун берилган рағбат деб биламан.
Шарофиддин НАЗАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси