Bo'limsiz

«Ойна» телеграм каналида Ўлмас Тўлаев ҳақида тарқатилган асоссиз маълумотлар юзасидан 

РАСМИЙ МУНОСАБАТ 

Жорий йилнинг 2026 йил 22 ноябрь куни «Ойна» Telegram ва Instagram саҳифаларида «Taftish.uz» собиқ директори, «Tezkor yangiliklar.uz» нашри мухбири Ўлмас Тўлаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, унинг процессуал тартибда қўлга олингани ҳамда бир қатор оғир жиноятларни содир этганликда гумон қилинаётгани ҳақида мақола эълон қилинди.

«Tezkor yangiliklar.uz» таҳририяти мазкур хабар юзасидан расмий муносабат билдиради.

Мақолада келтирилган Ўлмас Тўлаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, унинг қўлга олингани ва ноқонуний олтин қазиб олиш фаолиятига алоқадорлиги ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга мос эмас. Бугунги кун ҳолатига кўра, Ўлмас Тўлаевга нисбатан мақолада баён этилган ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида тасдиқланган расмий маълумот мавжуд эмас.

Шахсни оғир жиноятларда гумонланувчи сифатида кўрсатиш, унинг номи ва фаолияти билан боғлиқ асоссиз маълумотларни оммага тарқатиш жиддий ҳуқуқий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлигини, 28-моддаси эса айбсизлик презумпциясини кафолатлайди. Шунингдек, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасида ОАВ тарқатаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун жавобгарлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, шахснинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказиш қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Шу муносабат билан таъкидлаймизки, ахборот майдонида ҳар қандай хабарни эълон қилишдан олдин унинг ҳаққонийлигини текшириш, расмий манбаларга таяниш ва журналистик этика қоидаларига риоя қилиш ҳар бир ОАВнинг масъулиятидир.

«Tezkor yangiliklar.uz» таҳририяти инсон шаъни, қадр-қиммати ва қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тарафдори. Ҳақиқатга мос келмайдиган ахборот тарқатиш ҳолатларига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий чоралар кўрилиши учун тегишли ваколатли органларга мурожаат қилиш ҳуқуқимиздан фойдаланамиз.

Унутманг: сўз эркинлиги — масъулиятсизлик эмас. Фейк ахборот тарқатиш ҳам қонундан устун эмас. Ҳар бир тарқатилган маълумот учун унинг муаллифи ва тарқатувчиси қонун олдида жавоб бериши мумкин.

«Tezkor yangiliklar.uz» таҳририяти

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button