Олот ва Қоракўл туманларида янги МТТлар фойдаланишга топширилди
Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманларида МТТ муассасанинг фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ҳозирги кунда Олот туманида 3-7 ёшли болалар сони 7 минг 870 нафарни ташкил этиб, 17 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида 2 минг 462 нафар, 1 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги боғчада 50 нафар, 60 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида жами 1 минг 500 нафар бола таълим-тарбия олмоқда. Қамров даражаси 49,6 фоизни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21-22 январь кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Олот тумани “Кўлчовдур” МФЙ ҳудудида жойлашган 1989 йилда қурилган 100 ўринга мўлжалланган маънан эскирган мактабгача таълим ташкилоти биносини реконструкция қилиш ҳамда туманнинг “Усмоншайх”, “Асажам”, “Қиртай”, “Шайхлар”, “Буржоқ”, “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 180 ўринли, “Халифа” МФЙ ҳудудида 150 ўринли янги давлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этиш режалаштирилган.
“Асажам” МФЙ ҳудудида 180 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти қуриш ишлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ташаббуси асосида амалга оширилди.
Ушбу 23-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиш- таъмирлаш ишлари “Қоровулбозор Сардоба қурилиш сервис” МЧЖ бунёдкорлари томонидан бажарилди. Бунинг учун 6 млрд 150 млн сўм маблағ сарфланди. Икки қаватли ушбу муассасада болажонларнинг сифатли бошланғич билим олишлари, ҳар томонлама соғлом ўсиб-улғайишлари учун барча шароитлар яратилган. Ўйин майдончалари, ошхона, мусиқа ва спорт заллари замонавий жиҳозланган.
Бугун, 3 декабр куни муассасанинг фойдаланишга топшириш маросими ўтказилди.
Маросимда Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, вилоят ва туман ҳокимликлари мутасаддилари, маҳалла фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда келажагимиз эгалари бўлган болажонларни ҳар тарафлама баркамол қилиб тарбиялаш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айлангани алоҳида таъкидланди.
Қайд етиш лозим, муассасанинг фойдаланишга топширилиши натижасида 35 та янги иш ўрни яратилди.
Шу куни Қоракўл туманида 180 ўринга мўлжалланган 31-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳам фойдаланишга топширилди. Республикада ягона бўлган математикага ихтисослашган мазкур муассаса туманнинг 4-секторига қарашли “Дарғали” маҳалласида фаолият бошлади. “Меридиан автострой” МЧЖ бунёдкорлари томонидан 2 млрд. сўм маблағ евазига қурилган 3 қаватли бино барча талабларга тўлиқ жавоб беради, замонавий шароитларга эга.
Тантанали тадбирда сўз олган Мактабгача таълим вазири А.Шин дарғаликларни бугунги қувончли кун, янги таълим-тарбия масканининг очилиши билан қутлади. Шунингдек, вазир тарбиянинг негизи бўлган мактабгача таълим ташкилотларини замон талаблари даражасида юқори савияда ташкил этиш, зарур анжомлар, малакали кадрлар билан таъминлаш етук, баркамол келажак авлодни тарбиялашда муҳим омил еканлигини қайд этди.
Педагогика коллежи негизида ташкил этилган мактабгача таълим ташкилотида гуруҳ ва санитария-гигиена хоналари, тиббиёт хонаси, мусиқа зали, алоҳида ошхона, умумий овқатланиш зали, ўйин майдончалари барпо этилган.
Маълумот учун, туманда жами 135 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритади, шундан, 32 та давлат, 103 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидир. Айни вақтда туман миқёсида мактабгача таълимга 7057 нафари ёки 53,2 фоизи қамраб олинган. Ушбу кўрсаткич 2020 йил якунида 38 % ни ташкил қилган эди.