Сайлов жараёни ва уни ўтказиш тартиби
Барчамизга маълумки, фуқароларнинг сайлов компаниясида иштирок этиш йўли билан сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини амалга ошириши, жамият ва давлат ишларида бевосита, ўз вакиллари орқали иштирок этиши ҳуқуқи сайлов орқали амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасида, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенгилиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади деб белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2017 йил 11 декабрь куни Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов қонунчилиги бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатларидан иборат бўлса-да, афсуски ҳанузгача яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаганлигини таъкидлаб, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов Кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини қўйган эди. Шунга асосан, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов Кодекси Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 18 февралда қабул қилинди. Сенат томонидан 28 февралда маъқулланди ҳамда 2019 йил 25 июнь куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланиб, расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киритилди.
Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.
Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига кўра, сайловларда ҳар бир фуқаро бир овозга эга. Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 117-моддасининг 2-қисмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси билан сайловда иштирок этмайдиган шахслар белгиланган бўлиб, унга кўра, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайдилар.
Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш очиқ ва ошкора амалга оширилади. Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга ўн беш кун қолганида, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкаларда эса сайловга уч кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилади.
Президент сайлови, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов компанияси бошланганлиги уларнинг ваколатлари тугашидан камида уч ой олдин эълон қилинади.
Конституцияга мувофиқ, 2021 йил 23 июль куни сайлов компанияси иш бошлади ва 2021 йил 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш куни деб эълон қилинди.
Сайловлар юқорида қайд этилган кун соат 08:00 дан 20:00 гача ўтказилади.
Сайловчи овоз бериш биносига келгач участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин, унга белгиланган тартибда тасдиқланган сайлов бюллетени берилади.
Номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми сайлов бюллетенига унинг туғилган йили ва уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партия кўрсатилган ҳолда алифбо тартибида киритилади.
Сайлов бюллетени яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Сайлов бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.
Сайловчи сайлов бюллетенини олгач, уни яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдиради. Сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида овоз берувчи шахсдан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли, бундан сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустасно.
Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки « » ёхуд «х» белгисини қўяди.
Овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди.
Бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши (юқори чап бурчагини кесиш йўли билан) лозим ва алоҳида сақланади.
Ҳозирги кунда сайловчилар Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида сайловчиларнинг рўйхати тўғрисидаги ўзи учун керакли маълумотларни олиш имкониятига эга.
Шу билан биргаликда барча фуқаролар сайлов қонунчилигига киритилган янгиликлардан хабардор бўлишлари ва ўзларининг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланишлари мумкин.
Эндиликдаги вазифамиз сиёсий жараён – Президент сайловларида фаол иштирок этиб, конституциявий ҳуқуқларимиздан фойдаланган ҳолда ўзимиз танлаган муносиб номзодимизга овоз беришимиз лозим бўлади.
Бахтиёр Садуллаев, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси
Нурбек Рахимов, Бухоро вилоят судининг бош консультанти