Bo'limsiz

СУДДА АДОЛАТ ФАҚАТ ҚАРОР БИЛАН ЭМАС, МУОМАЛА ВА МАСЪУЛИЯТ БИЛАН ҲАМ НАМОЁН БЎЛАДИ

Судда кўрилган бир ибратли ҳолат: судьянинг ташаббуси ва камтарликнинг ходимлар фаолиятидаги акс-садоси

Яқинда фуқаролик ишлари бўйича Пешку туманлараро судида қарзни ундириш билан боғлиқ фуқаролик ишининг кўрилишида иштирок этдим. Даъвогар — МЧЖ суд бошқарувчиси, жавобгар эса мазкур корхонада ишлаган талаба йигит эди.

Иш материалларидан маълум бўлишича, МЧЖ раҳбари ўз қўл остида ишлаган Ё.Ж. номига пластик карта очтириб, унинг номидан гўё қарз шартномаси расмийлаштирган. Сўнг жамият ҳисоб рақамидан ушбу картага 295 миллион сўм ўтказиб, маблағни нақдлаштирган ва шахсий эҳтиёжларига сарфлаган. Пул тугагач эса картани Ё.Ж.га қайтариб берган. Энг ачинарлиси, талаба йигит бу ҳолатлардан мутлақо бехабар бўлган.

Ҳозирда МЧЖнинг собиқ раҳбари Жиноят кодексининг бир нечта моддалари, жумладан, фирибгарлик жиноятида айбланиб, суд ҳукмига асосан жазони ўтамоқда.

Фуқаролик иши судья Ҳ. Қорёғдиев раислигида кўриб чиқилди. Суд мажлиси давомида ҳақиқатни тўлиқ аниқлаш, иш ҳолатларига ойдинлик киритиш мақсадида судьянинг ўзи жазони ижро этиш муассасасига хат юбориб, маҳкумнинг видеоконференцалоқа (ВКС) орқали суд мажлисида иштирок этишини таъминлади.

Мени энг кўп қувонтирган жиҳат ҳам айнан шу бўлди. Чунки бу ташаббус кимнингдир талабидан эмас, бевосита судьянинг ўзидан чиқди. Назаримда, суднинг асосий вазифаси ҳам фақат ишни кўриб, қарор қабул қилиш эмас, балки ҳар бир ҳолатни холисона ўрганиб, ҳақиқат ва адолатни қарор топтиришга интилишдир.

Яна бир жиҳат эътиборимни тортди. Судьянинг муомала маданияти, камтарлиги ва фуқароларга бўлган ҳурматини унинг ёрдамчиси ва суд ходимлари муносабатида ҳам кўриш мумкин эди. Фуқаролар билан бунчалик хушмуомала, эътиборли ва самимий муносабатда бўладиган суд ходимларини анчадан бери учратмаган эдим.

Тахминан уч йил аввал ҳам ушбу судда бир фуқаролик ишида иштирок этганман. Ўшанда ишни кўрган судья Ў. Разиқовнинг ўта хушмуомала, камтарин ва самимий инсон эканига гувоҳ бўлганман.

Шунда бир ҳақиқатни яна бир бор англадим: раҳбарнинг шахсий фазилатлари, муомала маданияти ва ишга муносабати жамоа муҳитида ҳам ўз аксини топади. Суд раиси камтар ва хушмуомала бўлса, бу фазилатлар ходимлар фаолиятида ҳам намоён бўлади. Аммо раҳбар лавозимидан кетганидан кейин ҳам бундай ижобий муҳитнинг сақланиб қолиши мен учун алоҳида ибрат бўлди.

Албатта, судья учун энг муҳим мезон — қонунни билиш, билим, малака, мустақиллик ва холислик. Бироқ булар билан бир қаторда инсоннинг муомала маданияти, камтарлиги, фуқароларни тинглай олиши ва уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ҳурматли Судьялар олий кенгаши!

Судьяларни, айниқса, суд раисларини танлаш ва лавозимга тавсия этиш жараёнида уларнинг касбий билими ва малакаси билан бир қаторда, шахсий фазилатлари, муомала маданияти, камтарлиги ва инсонларга муносабатига ҳам алоҳида эътибор қаратишингизни сўраб қоламан.

Зеро, судга келган инсон нафақат қонуний қарорни, балки ўзини эшитишларини, ҳурмат қилишларини ва мурожаатига бефарқ бўлмасликларини ҳам истайди.

Баъзан бир оғиз ширин сўз, бир самимий муносабат ва ҳақиқатни аниқлаш йўлидаги кичик бир ташаббус инсоннинг адолатга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.

✍️ Адвокат Ш. Мавлянов

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button