BuxoroSud

Судланганликнинг ҳуқуқий аҳамияти

Судланганлик — бу шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм қилинишидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолат ҳисобланади. 

Жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган деб ҳисобланади. Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс судланмаган деб ҳисобланади.

Судланганлик ушбу қонунда назарда тутилган ҳолларда ва шахс янги жиноят содир этгандагина ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлади.

Судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади.

Жазони ўтаган, аммо қонуннинг ўзгариши билан бундай қилмиш жиноят деб ҳисобланмайдиган тақдирда, шунингдек содир қилинган жиноят учун тайинланган жазони ўтаб бўлиниши билан судланганлик ҳолатининг тугалланиши белгиланган бўлса, шахс судланмаган деб ҳисобланади.

Судланмаган шахс билан солиштирганимизда Судланганлик судланган шахснинг ҳуқуқларини чеклаш билан бирга унга муайян мажбурият ҳам юклайди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки бу бошқа ҳуқуқий бўлмаган оқибатларни келтириб чиқармайди. Судланганлик фақат шахс томонидан жиноят содир этилганда, шу жиноятни содир этишда айбдор деб топилганда, унга муайян турдаги жазо тайинланиб, ҳукм қилинганда келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолат ҳисобланади.

Шахснинг судланганлиги умумҳуқуқий ва жиноий ҳуқуқий аҳамиятга эга ҳисобланади.

Шахс содир этган жинояти учун жазога тортилиб, ҳукм қилингандаги умумҳуқуқий аҳамияти шундан иборатки бунда  жиноят қонун ҳужжатларини ташкил қилмайди аксинча норматив-ҳуқуқий актларда мустаҳкамланган бўлади ҳамда бу жиноят-ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмайди.

Хусусан, шахснинг судланганлиги тўғрисида (олиб ташланмаган судланганлик мавжуд бўлганда) расмий органларга маълум қилиш мажбурияти бўлади, айтайлик маълум бир мансабни эгаллаш ёки айрим фаолият билан шуғулланишдаги чекловларда намоён бўлади. Масалан, Адвокатура тўғрисидаги қонун судланганлик ҳолати мавжуд бўлганда шахснинг адвокатлик фаолиятини амалга оширишни чеклайди.

Шунингдек, судлангакликка эга бўлган шахсларга муайян бир ҳудудларга бориш ва жойларда бўлиш таъқикланиши мумкин.

Судланганликнинг жиноий-ҳуқуқий аҳамияти (оқибати) эса судланганлиги мавжуд бўлган шахс томонидан янги жиноят содир этилгандагина вужудга келади.

Хусусан, судланганлик қатор ҳолларда жиноят квалификациясига таъсир этади, яъни жиноий жавобгарликни кучайтирувчи ҳолат ҳисобланади. Булар жиноятлар мажмуи, такроранлигини ва рецидив жиноятни белгилаб беради.

Масалан, ЖКнинг 34-моддасига кўра шахсни ўта хавфли рецидивист деб топилиши учун судланганлик ҳолати асос бўлади.

Судланганлик, агар шахс муқаддам озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаган бўлса, жазони ижро этиш колонияси турини белгилаш учун ҳам аҳамият касб этади. Масалан ЖКнинг 50-моддасида Озодликдан маҳрум қилиш жазоси тушунчаси ва уни тайинлаш асослари келтирилган бўлиб, ЖКнинг 50-моддаси 6-қисми “в” бандида илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаб чиқиб ёки ўтаётган чоғида, қасддан янги содир этган жинояти учун ҳукм қилинаётганларга нисбатан жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташлик белгиланиши ёки “г” бандида ўта хавфли рецидивистларга нисбатан жазони махсус тартибли колонияларда ўташ тайинланиши белгиланган.

Алишер Ўралов,

Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман суди раиси

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button