Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз фаравонлиги йўлида эканлиги яққол намоён бўлмоқда. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини юритиш, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб бериш, уларга давлат ҳисобидан имтиёзли кредитлар ажратиш шунингдек, соҳани ривожлантириш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб қилиш ислоҳотларимиз йўналтирилган соҳа бўлиб қолмоқда. Унутмаслик керакки, тадбиркорлик фаолиятининг ҳам қонун талаблари доирасида амалга оширилиши, тадбиркорларнинг белгиланган солиқларни ўз вақтида тўлаб боришлари, банкдан олинган имтиёзли кредитларнинг эса муддатида қоплаб берилиши иқтисодий ривожланишнинг янги босқичини ташкил этади.
Бугунги кунда аксарият тадбиркорларимиз бозор ҳудудларида жойлашган объектлардан ҳамда бозор ифратузилмасига қарашли хизматлардан фойдаланишмоқда, бу эса маълум меъёр ва талаблар асосида амалга оширилади. Икки тараф ўртасида тузилган шартномалар ёхуд ўзгача мазмундаги келишувлар ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини вужудга келтиради.
Ўбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 апрелдаги ПҚ-1326-сонли “Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 3-бандига кўра, бозорларнинг ҳудудида ер участкалари ажратиб берилишига, шунингдек бозорга тегишли кўчмас мулк объектларини жисмоний ва юридик шахсларга мулк қилиб топширилишига йўл қўйилмайди.
Ушбу қарорнинг 4-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:
ҳудудий молия ва солиқ органлари билан келишилган ҳолда бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорларини ҳар йили тасдиқлаш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бозорлар ва савдо комплексларининг раҳбарлари бир марталик йиғим, ижара тўлови миқдорлари тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек кўрсатиладиган мажбурий хизматлар рўйхати ва қийматини тасдиқлаш ҳамда бозорлар ва савдо комплексларига кириладиган жойда осиб қўйиш топширилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 234-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ, мажбурият — фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса — қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Юқоридагилар асосида таъкидлаш жоизки, бозор инфратузилмаси хизматларини тегишли бозор маъмурияти томонидан таъминланиб берилиши ва фойдаланувчи томонидан инфратузилма билан боғлиқ тўловларни ўз муддатида тўлаб борилиши нафақат улар ўртасидаги ўзаро тадбиркорлик муносабатларининг қонун асосида ташкил этилишини, балки ушбу масалага доир низоларнинг камайиши ва қонуний тадбиркорлик фаолиятини юритиш гарови бўлиб ҳисобланади.
Бухоро вилоят суди
фуқаролик ишлари бўйича
судлов ҳайъати судьяси С.Н.Қамбарова