BuxoroMIB

Вояга етмаган болаларга “Алимент тўловлари жамғармаси”дан алимент тўлаш тартиби белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.08.2022 йилдаги 427-сон “Алимент тўловлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” қарори қабул қилиниб, “Алимент тўловлари жамғармаси тўғрисида Низом” тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида «Алимент тўловлари» жамғармаси ташкил этилди.

Низомга кўра, жамғарма маблағлари вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда, алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни (ушбу жиноят натижасида етказилган зарарни) қоплаб беришга (бирйўла ундирувчига тўлаб беришга) йўналтирилади.

Жамғармадан алимент тўловларини қоплаб бериш учун мажбурий ижро ҳаракатини амалга оширган давлат ижрочисининг алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарори асос бўлиб ҳисобланади.

Вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортилган қарздордан жиноят ишлари бўйича суддан келиб тушган алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни (ушбу жиноят натижасида етказилган зарарни) ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочиси томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ундириш чоралари кўрилади.

Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган барча чоралар натижасиз бўлган тақдирда, давлат ижрочиси томонидан алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисида қарор қабул қилинади ҳамда икки иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда тўловларни амалга ошириш учун тизим орқали Жамғармага юборилади.

Алимент тўловларини қоплаб бериш Жамғарма томонидан алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарор олинган кундан бошлаб икки иш кунидан кечиктирилмаган ҳолда Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Жамғарма маблағлари алимент тўловларини қоплаб бериш учун етарли бўлмаган тақдирда, алимент тўловлари Жамғармага маблағлар келиб тушган кундан бошлаб қопланади.

Бунда, тўловлар алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарорлар келиб тушган кетма-кетликка мувофиқ амалга оширилади.

Давлат ижрочиси жамғармадан қопланган алимент тўловлари бўйича қарздордан маблағларни Жамғармага қайтариш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда ижро ҳаракатларини амалга оширади.

          Бюронинг Бухоро вилояти бошқармаси

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button