BuxoroSud

ЖАМОАТ ЖОЙИДАГИ ОҒИР БЕЗОРИЛИК ИШИДА НЕГА ҚАМОҚ ЭҲТИЁТ ЧОРАСИ ҚЎЛЛАНИЛМАЯПТИ?

ҒИЖДУВОНДАН БОШ ПРОКУРОР, ОЛИЙ СУД ВА БУХОРО ВИЛОЯТИ СУДИ РАИСИГА ОЧИҚ МУРОЖААТ

“Тезкор янгиликлар уз” таҳририятимизга Бухоро вилояти Ғиждувон туманидан жамоат хавфсизлиги ва суд адолатига доир жиддий мурожаат келиб тушди.

Мурожаат муаллифлари — жиноят ишлари бўйича Пешку туман судида кўрилаётган жиноят ишида жабрланувчи сифатида эътироф этилган фуқаролар Атаев Музаффар Ибадович (2-гуруҳ ногирони) ҳамда унинг ўғли Атаев Жўрабек Музаффаровичдир.

Мурожаатда қайд этилишича, ушбу жиноят иши Ғиждувон  туман ИИБ тергов органи томонидан фуқаро У Ш томонидан жамоат жойида уриб, тан жароҳати етказилган ҳолат юзасидан қўзғатилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми (оғир жиноятлар тоифаси) билан айблов қўйилган ва иш судга оширилган. Айни пайтда мазкур иш бўйича суд жараёнлари давом этмоқда.Жабрланувчиларнинг билдиришича, терговнинг дастлабки босқичида айбланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Бироқ кейинчалик, айнан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш бўйича илтимоснома киритган Ғиждувон туман прокурори томонидан 20 кундан сўнг ушбу эҳтиёт чора гаровга  алмаштирилган. Шу билан бирга, Пешку туман прокуратураси томонидан тергов якунига кўра айбланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида жиноят ишлари бўйича Пешку туман судига киритилган илтимоснома суд томонидан рад этилган. Бу ҳолат юзасидан жабрланувчиларда қонуний саволлар уйғотмоқда.

ЖАНЖАЛ ЖОЙИ — ЖАМОАТ ҲУДУДИ

Мурожаатда алоҳида таъкидланишича, жанжал содир бўлган ҳудуд Ғиждувон туман Марказий касалхонаси олди бўлиб, у жамоат жойи ҳисобланади ва бирор шахсга тегишли хусусий ҳудуд эмас. Демак, содир этилган ҳаракатлар жамоат тартибига очиқдан-очиқ тажовуз сифатида баҳоланиши лозим.

Фуқаро У Ш жанжални тўхтатиш имкони бўлганига қарамасдан, уришни давом эттирган. Натижада 2-гуруҳ ногирони бўлган фуқаро Атаев Музаффарга нисбатан такрор уриб тан жароҳати етказилган. Шунингдек, жанжални бартараф этмоқчи бўлган унинг ўғли Атаев Жўрабек ҳам уриб тан жароҳати олган.

ЖИНОЯТ ХАВФИ ҲАЛИ ҲАМ САҚЛАНИБ ҚОЛМОҚДА

Энг ташвишли жиҳат — жабрланувчиларнинг сўзларига кўра, айбланувчи ҳозирги кунда ҳам жамоат тартибини бузишда давом этмоқда. Хусусан, у автомашинани пиёдалар ўтиш йўлагига қўйиб, фуқаролар ҳаракатига тўсқинлик қилган ҳолатлар видеолавҳаларда аниқ акс этган. Бундан ташқари, У Ш  ўзининг савдо қилаётган танишлари билан   жабрланувчи Атаев Жўрабекнинг олдида  ҳақоратли сўзлар ишлатиб, уни қайта жанжал қилишга ундаётгани ҳам мурожаатда келтирилган. Бу эса келгусида янги жиноятлар содир этилиши хавфи сақланиб қолаётганини кўрсатади.

СУД ЖАРАЁНИДАГИ ШУБҲАЛАР

Жабрланувчиларнинг билдиришича, 2026 йил 2 февраль куни бўлиб ўтган суд мажлисида суд раиси томонидан берилган айрим саволлар иш моҳиятидан четга чиққан бўлиб, уларда тушунарсиз ва шубҳали ҳолатлар кузатилган. Шунингдек, ҳимоячи томонидан жанжал жойининг 3D форматдаги визуал тасвири электрон шаклда тақдим этилган бўлишига қарамасдан, ушбу далил суд томонидан эътиборга олинмаган. Мурожаатда қайд этилишича, судланувчи У.Ш.нинг жамоат тартибини бузишга мойил хатти-ҳаракат ҳолатларини, унга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасини қамоқ эҳтиёт чорасига алмаштириш бўйича ҳимоячи томонидан киритилган илтимоснома суд томонидан мазмунан кўриб чиқилмасдан, аниқ ҳуқуқий баҳо берилмаган ҳолда қолдирилмоқда. Бу эса жабрланувчиларда суд қарори асосли ва холис эканига нисбатан саволлар уйғотмоқда.

Бу ҳолатлар жабрланувчиларда суд жараёнига ташқи таъсир ўтказилаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида жиддий гумонларни уйғотган.

БИР ХИЛ ЖИНОЯТ — ТУРЛИЧА ЁНДАШУВ?

Мурожаатда Тошкент шаҳрида жамоат жойида содир этилган безорилик ҳолати мисол сифатида келтирилиб, у ерда дастлаб енгил чора, кейин эса қатъий қонуний чора кўрилгани эслатилади. Шу асосда, нега айнан ушбу ишда оғир жиноят бўлишига қарамасдан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилмаётгани ҳақида савол қўйилмоқда. Мурожаатда таъкидланишича, видеолавҳада судланувчи У.Ш.нинг жабрланувчиларга нисбатан қўпол ва беэътибор муносабат намоён этгани яққол акс этган. Хусусан, у қўл ҳаракатлари орқали “қайси жойга борсанг, боравер” мазмунини англатувчи ишораларни кўрсатиб, жабрланувчиларга нисбатан ҳурматсиз ва кескин муносабатда бўлган. Ушбу ҳолат судланувчининг жанжал тугаганидан кейин ҳам ўзини тийиб турмаганини, жамоат жойида умумқабул қилинган хулқ-атвор меъёрларига зид ҳаракатларини давом эттираётганини ҳамда жабрланувчиларга нисбатан босим характердаги муносабат сақланиб қолаётганини кўрсатади. 

ОЧИҚ ТАЛАБ

Шу муносабат билан, жабрланувчилар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига, Олий суд раисига ҳамда Бухоро вилояти суди раисига очиқ мурожаат қилиб, фуқаро У Шга нисбатан қўлланилган уй қамоғи эҳтиёт чорасини қамоқ эҳтиёт чорасига алмаштириш, иш бўйича қонуний ва адолатли қарор қабул қилиш ҳамда жабрланувчилар хавфсизлигини таъминлашни сўрамоқдалар.

“Тезкор янгиликлар уз ” таҳририяти мазкур ҳолатни жамоатчилик назоратида ушлаб туради, мутасадди идоралардан расмий муносабат кутади ва иш ривожини кузатиб боради.

Қонун устуворлиги — ҳар бир фуқаронинг дахлсизлиги кафолатидир

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button