BuxoroMurojaat

ЎЗБЕКБАЛИҚСАНОАТ УЮШМАСИ МАНСАБДОРЛАРИНИНГ НОҚОНУНИЙ ХАРАКАТЛАРИГА КИМ ЧОРА КЎРАДИ?


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга

Администрацияси раҳбари
С.У.Умурзаковга

Бош прокурор Н Йўлдошевга

ДХХ раиси А Азизовга

Бухоро вилоятидаги табиий сув хавзаларда ижара асосида фаолият юритувчи “Бухоробалиқсаноат” МЧЖ“Муборак Бухорий” МЧЖ“Нефтгазмонтаж” МЧЖ“Бухоронефтқурилишмонтажбалиқчилик кластери” МЧЖраҳбарлари томонидан

ШИКОЯТ АРИЗАСИ

(“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси мансабдорларининг ноқонуний харакатлари юзасидан)

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Сардор Ўктамович!

Сизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 
1 майдаги ПҚ-2939-сонли қарорига асосан ҳудудлардаги барча табиий сув хавзалар “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига танҳо фойдаланиш учун берилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2017 йил 
7 августдаги 593-сонли қарорига асосан “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан ташкил этилган тендерлар асосида вилоятдаги табиий сув хавзаларини ижарага олиб, бугунги кунга қадар балиқчилик фаолиятини юритмоқдамиз.

Бироқ, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 августдаги 593-сон қарорига асосан тасдикланган низомнинг бирнечта бандларига эътибор қилинмасдан, юклатилган мажбуриятлар бажарилмасдан келинмоқда.

Масалан:

12-бандда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда табиий сув ҳавзаси участкаси рақами, жойлашган координатлари, майдони, харита-схемасидан иборат маълумотларни шакллантирган ҳолда тендерга берилиши белгиланган.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан 2018 йилдан буён тендер асосида берилган вилоятдаги табиий сув ҳавзаларининг биронтасига кадастр хужжатлари расмийлаштирилмаган ва ижарачиларга тақдим этилмаган.

Бухоро вилоят кадастр палатасининг 2023 йил 10 майдаги 
01-1978-сонли хати билан Оғитма табиий сув ҳавзасининг жами ер майдони 12128 гектарни ташкил қилиши, шундан 5752,0 гектар сув ости ер майдонлари, 6376 гектар (қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бошқа ерлар) қуруқ ўзанни  ташкил этиши қабул қилинганлиги, кадастр йиғма жилдини шакллантириш учун Вазирлар Маҳкамасининг 535-сонли қарори асосида Давлат хизматлари марказига “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан мурожаат қилиниши мақсадга мувофиқлиги билдирилган (илова қилинади).

36-бандда Ажратилган табиий сув ҳавзаси участкасининг харита-схемаси координатлари кўрсатилган ҳолда шартномага илова қилиниши кўрсатилган бўлсада, ушбу харита-схема илова қилинмаган.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташаббуси билан 2018-2020 йилларда вилоятдаги табиий сув хавзаларнинг сувли майдонлари ўлчаниб, ушбу сувли майдонлар бўйича ижара шартнома қилинган.

2020 йилда ўлчанган ўлчов асосида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва “Бухоробалиқсаноат” МЧЖ ўртасида 2021 йил 24 феврал куни имзоланган 3/1-2021-сонли ижара шартномасига “Оғитма” табиий сув хавзасининг сувли майдони 8002 гектар кўрсатилган.

Ўтган йиллар мобайнида юзага келган қурғоқчиликлар натижасида вилоятдаги табиий сув хавзаларда, шу жумладан “Оғитма” табиий сув ҳавзасида сувли майдонларнинг кескин қисқариши юзага келмоқда.

Лекин, ўтган 3 йилдан бери “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ташаббуси билан вилоятдаги табиий сув хавзаларни сувли майдонини ўлчаш ишлари тўхтаб қолганлиги сабаби бизга номаълум бўлиб қолмоқда ва уюшма томонидан табиий кўлни шартномада сувли майдони эмас, умумий майдон кўрсатилиши кераклиги “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси биринчи ўринбосари К.Исмоилхўжаев, юристконсулти Н.Раззакова томонидан ноқонуний сўралмоқда.

Бунинг сабаби, 2020 йилдаги ўлчовлар асосида “Оғитма” табиий сув ҳавзасининг жами ер майдони 12128 гектарни ташкил қилиши, шундан 9380,0 гектар сув ости ер майдонлари, 2748 гектар (қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бошқа ерлар) қуруқ ўзанни  ташкил қилган.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан 2021 йилга қадар табиий сув хавзаларнинг сувли майдонлари инобатга олиб, ижара шартномаси расмийлаштирилган бўлсада, 2021 йилдан бошлаб табиий сув хавзанинг умумий ер майдонига (қуруқ ўзанларни қўшган холда) ижара шартномаси расмийлаштирилиши сўралмоқда.

Бунда, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг юқорида кўрсатилган ходимлари томонидан ижара хисобланиши зарурлиги билдирилаётган қуруқ ўзанлардан (балиқ боқиш имкони мавжуд эмас) қандай фойдаланиш мумкинлиги бўйича тушунтириш берилмаяпти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.05.2019 йилдаги 403-сон қарори асосида ижара ҳақи тўловини ҳисоблашда сув ҳавзалари участкалари маҳсулдорлигининг энг кам миқдори олиниб, балиқ боқиш имкони мавжуд бўлмаган майдонлар учун хам энг кўп миқдорда ижара хақлари хисобланмоқда.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари С.Эгамбердиев томонидан 2022 йилнинг 5 август “Оғитма” табиий сув хавзаси жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, амалга оширилган ишлар тақдим этилган хисобот, хулосалар бўйича табиий кўлни балиқлантириш ва балиқ овлаш режаларини бажариш имкони йўқлиги, шунинг учун ижара ва аъзолик бадалларини тўлай олмаслиги билдирилган.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Р.Қурбонов томонидан 2021 йил март ойида “Оғитма” табиий сув ҳавзасига жойига чиққан ҳолда ўрганиш ўтказилиб, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва “Бухоробалиқсаноат” МЧЖ ходимлари иштирокида 2021 йил 17 март куни 
9-сонли баённома расмийлаштирилган (баённомава далолатнома хатга илова қилинади). 

Мазкур баённоманинг 3-бандида табиий сув хавза худуди, сув таркиблари тегишли ташкилот ва лабораториялар томонидан ўрганилиши бўйича мурожаатлар қилиниб, ўрганиш хулосалари асосида ижара шартномасига қўшимча келишув имзоланиши белгиланган.

Жамиятимизнинг ўз маблағлари хисобиданамалга оширилган тўловлар билан вилоят экология ва атроф-муҳитни мухофаза қилиш бошқармасининг лабораториясида ўтказилган текширувларга асосан “Оғитма” табиий сув ҳавзасида шўрланиш ва захарланиш миқдори меъёрлардан 20-30 бараварга ортиб кетганлиги аниқланган (лаборатория хулосалари илова қилинади).

Бухоро Давлат Тиббиёт Университети “Тиббий Биология” кафедрасининг 2021 йил 15 апрелдаги 01-1522-сонли хулосасига асосан шўрланиш ва ишқорий миқдори ошиши сабабли балиқ чавоқларининг нобуд бўлаётганлиги, “Оғитма” табиий кўлига сув киритиш зарурлиги билдирилган (хулоса илова қилинади).

Шу сабабли, 2022-2023 йиллар учун ижара шартномага қўшимча келишув шартномалари расмийлаштирилмасдан қолмоқда.

40-бандда Уюшма балиқ захираларини кўпайтириш, ҳар йили табиий сув ҳавза участкаларини балиқ (турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириб бориш ишларини амалга ошириш топшириғи вилоятимиздаги биронта кўлда амалга оширилмаган.

Шу банддаги уюшма томонидан ижара берилган табиий сув ҳавзасини балиқлантиришни илмий асосланган нормаларини ишлаб чиқиш ва танлов ғолибига тақдим этиш топшириғи бирормарта  бажармаган.

45-бандда Ижарага берилган табиий сув ҳавзаси участкалари бўйича ижара ҳақи миқдори буйича формулада сув ҳавзаси участкасининг умумий майдони дейилган. Уюшма томонидан берилган шартномада сув хавзасининг умумий майдонига бир неча йил олдин қуриб кетган ерларгаям ижара хисобланяпти. Қуриб кетган ерда бизни нима қилишимиз қанақа балиқ боқишимиз мумкинлигини уюшма томонидан биронта асос келтирилмай низом талабларини қўпол равишдабузяпти.

​Бухоро вилоят хокимининг биринчи ўринбосари Н.Холмуродов томонидан 2021 йил 30 июнда тасдиқланган 2/3327-сонли йиғилиш баёнининг 11-бандига асосан “Бухвилерлойиҳа” бўлинмасига табиий сув хавзаларининг сувли майдонини 10 кунлик муддатда қайта хатловдан ўтказиш топшириғи белгиланган (йиғилиш баёни хатга илова қилинади).

Ушбу топшириқни бажариш мақсадида  2021 йилнинг 17-18 июл кунлари Бухвилерлойиха бўлинмаси мутахассислари томонидан “Оғитма” табиий сув ҳавзаси ўлчанганида “Оғитма” табиий сув ҳавзасининг жами ер майдони 12128 гектарни ташкил қилиши, шундан 5752,0 гектар сув ости ер майдонлари, 6376 гектар (қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бошқа ерлар) қуруқ ўзанни  ташкил қилиши аниқланиб, бу тўғрисида тегишли маълумотнома расмийлаштирилган.

Ғиждувон туман ҳокимининг 2021 йил 28 октябрдаги 146-2-34-Q/21-сонли қарори билан “Оғитма” табиий сув ҳавзасининг Бухвилерлойиха бўлинмаси ўлчов натижалари тасдиқланган (қарор хатга илова қилинади).

​Худди шундай, 2021 йилнинг 26-27 июл кунлари Бухвилерлойиха бўлинмаси мутахассислари томонидан Қоровулбозор туманидаги “Хадича” ва “Девхона” табиий қўлларининг сувли майдони қайта ўлчанганда, “Хадича” кўлини сувли майдони 2765 гектар, “Девхона” табиий кўлининг сувли майдони 1132,6 гектарни ташкил қилиши аниқланган.

Қоровулбозор туман хокимининг 2021 йил 19 ноябрдаги 83-2-38-Q/21-сонли ва 84-2-38-Q/21-сонли қарорлари билан  “Девхона” ва “Хадича” табиий кўлларининг сувли майдонлари тасдиқланган.   

«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси томонидан ноқонуний равишда биронта меъёрий-хуқуқий хужжатда кўрсатилмаган бўлсада, табиий сув хавзаларнинг сувли майдони бўйича ўлчовларни вилоят хокимининг қарори билан тасдиқлатиб беришимиз кераклиги сўралмоқда.

Бухоро вилоят хокимлигининг 2022 йил 27 октябрдаги 4/7120-сонли хат билан «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасига табиий сув хавзаларнинг сувли майдонлари бўйича вилоят хокимининг қарорини расмийлаштириш ваколати мавжуд эмаслигига билдирилганлигига қарамай, уюшма томонидан ушбу жавоб хати эътиборсиз қолдирилмоқда.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси биринчи ўринбосари К.Исмоилхўжаев, юристконсулти Н.Раззакова томонидан юқорида тақдим этилган хисоботларимиз, лаборатория хулосалар, далолатномалар, баённомалар эътиборсиз қолдирилиб, табиий сув ҳавзаларининг бир неча йиллардан бери қуриб кетган қисми қуруқ ўзанлар учун хам ноқонуний равишда максимал миқдорда ижара хақларини хисобланиши ва тўланиши сўралмоқда. 

Эътиборли жихати, 2021 йилда “Оғитма” табиий сув ҳавзасининг 
8002 гектар сувли майдонига ижара шартнома тузилган бўлса, 2022-2023 йиллар учун табиий сув ҳавзасининг умумий 12128 гектар ер майдонига (қуруқ ўзанлар билан биргаликда) ижара хаққи хисобланадиган шартнома тузилиши сўралмоқда.

Ушбу қуруқ ўзанларда балиқ боқиш имконияти йўқлиги туфайли жамиятимиз томонидан “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига мазкур ер майдонларни бошқа чорвадорлик фаолиятини юритувчи тадбиркорларга ижарага бериш таклифи берилган.

Бундан ташқари, Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаситомонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага тегишли қарорларида юклатилган вазифаларнинг ижроси хам таъминланмай қолмоқда.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.01.2020 йилдаги ПҚ-4576-сон қарори 10-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси билан биргаликда 2020 йил 1 июнга қадар балиқ етиштирувчи хўжаликларга бириктирилган сунъий ва табиий сув ҳавзаларининг кадастр ҳужжатларини«Ўздаверлойиҳа» институти билан ўзаро шартнома асосида расмийлаштирилишини таъминлаш топшириғи белгиланган.

Лекин, ушбу топшириқ муддатидан уч йилдан ортиқ вақт ўтса хам «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси томонидан вилоятдаги сунъий ва табиий сув ҳавзаларининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича бирон амалий иш қилинмай, фақат «Ўздаверлойиҳа» институти ёки кадастр қўмитаси билан шартнома қилинган, пулини ўтказиб берганмиз деб бахона қилиб вақт ўтказяпти.

Натижада, Биз тадбиркорлар вилоятдаги табиий сув хавзаларнинг хаққоний сувли майдони аниқ бўлмаганлиги сабабли, нотўғри балиқлантириш, балиқ овлаш режаларини олиб, ижара пулларини юқори тўлаб катта миқдорда зарар келтирилмоқда.

Вилоятдаги табиий сув хавзалар ижарачи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан лойиҳалар амалга оширилиб, йирик миқдорларда маблағлар сарфланган.

​Масалан, “Бухоронефтқурилишмонтаж балиқчилик кластери” МЧЖ томонидан “Зикри” табиий кўли учун 10 млрд сўмдан ортиқ, “Бухоробалиқсаноат” МЧЖ томонидан “Оғитма” табиий кўли учун 5,6 млрд сўмдан ортиқ, “Нефтгазмонтаж” МЧЖ томонидан “Қорақир 3-контур” табиий кўли учун 7 млрд сўмдан ортиқ, “Муборак Бухорий” МЧЖ томонидан “Девхона” табиий кўли учун 5 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.

Бухоро вилоят кадастр палатасининг 2023 йил 7 июндаги 
01-2458-сонли хати билан, вилоят хокимининг 28.05.2021 йилдаги қарори билан Узкаад дастурига киритилганлиги, Бухвилерлойиха бўлинмасининг ўлчови хатлови кўрсатилиб, Биз томондан сўралаётган кадастр хужжатларини қачон расмийлаштирилиши бўйича саволимиз оқибатсиз қолдирилмоқда.

Вахоланки, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан Давлат кадастр палатаси ўртасида тузилган шартнома асосида барча табиий ва сунъий сув хавзаларда қайта ўлчов ўтказиш, кадастр хужжатларини расмийлаштирилиши белгиланган бўлсада, Президент қарорида белгиланган ушбу топшириқлар мазкур ташкилотлар томонидан йиллар мобайнида бажарилмай келинмоқда.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси О.Мусаевга, биринчи ўринбосари К.Исмоилхўжаевга ушбу мавжуд муаммоларни ўрганиб, уларни хал этиш бўйича берган мурожаатларимиз умуман эътиборсиз қолдирилиб, ўзларини кабинетидан чиқишни хохлашмайди, бундай рахбарлари бор уюшманинг нимага кераги бор ўзи?

​“Аму-Бухоро” ИТҲБ томонидан 2023 йил 25 апрелдаги 253-сонли хат билан “Оғитма”, “Хадича”, “Девхона”, “Зикри”, “Қорақир 2-3-4-контурлари”, “Денгизкўл 1-2-3 контур” табиий сув хавзаларига коллектор ёки бошқа сув ресурслари билан таъминлаш режалаштирилмаганлигини, шунинг учун сув захиралари мавжуд бошқа коллекторларда сунъий усулда балиқ боқилиши мақсадга мувофиқлиги билдирилган.

Вилоятдаги “Оғитма”, “Хадича”, “Девхона”, “Зикри”, “Қорақир 2-3-4-контурлари”, “Денгизкўл 1-2-3 контур” табиий сув хавзаларида шўрлик миқдорлари ортиб, балиқ захиралари нобуд бўлмоқда. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан ушбу табиий кўлларнинг холати умуман ўрганилмай, сувли майдонлар қайта ўлчатилмай, фақатгина ижара хаққини юқори хисоблаш, бажариш имконсиз бўлган балиқлантириш, балиқ овлаш режалари юклатилмоқда.

Бундан ташқари, бугунги кунда вилоятдаги “Қумсултон”, “Денгизкўл 3-контур”, “Зикри”, “Қорақир 3 ва 4-контур” табиий сув хавзаларини сувли майдони қуриб, балиқ боқиш имконияти буткул йўқолган бўлса-да, уюшма рахбарлари томонидан ушбу табиий кўлларни холати ўрганилмай, фақат кабинетида ижара пулларини хисоблаш билан банд.

Натижада, ушбу табиий кўлларда фаолият юритувчи тадбиркорларга йирик миқдорда молиявий зарар келтирмоқда.

“Хадича” табиий сув хавзасининг бир неча минг гектар сувли майдонига БНҚИЗ корхонаси томонидан кимёвий моддалар ташлангани сабабли, сув захарланиб, ушбу табиий кўлда балиқ захиралари буткул нобуд бўлиб, деярли биронта сув жонзоти қолмаган. Буни вилоят экология бошқармасининг лаборатория хулосаларидан кўриш мумкин. Шу сабабли, ушбу табиий сув хавзасига сув киритиш, мораторий эълон қилиш бўйича  “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига берилган мурожаатимиз Экология қўмитасига, Фанлар Академиясига номига юборилиб, сансалорликка йўл қўйилмоқда.

“Зикри” ва “Қорақир 3 ва 4-контур” табиий сув хавзаларига умуман сув киритилмаганлиги сабабли, ушбу табиий сув хавзалар буткул қуриб қолган. Бу тўғрисида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига хабар берилиб, амалий ёрдам сўралганда уюшмадан биронта рахбар ёки ходими бирон марта келиб кўрмади ва ушбу кўлларга ижара хақлари хисоблашда давом этишмоқда.

Сув хўжалиги вазирлигининг 2023 йил 10 апрелдаги 02/17-515-сонли хат билан  “Оғитма” табиий сув хавзасига қуйилувчи коллекторга вилоятдаги ердан фойдаланувчилар насос-агрегатлар ўрнатилганлигини, табиий сув хавзага сув етказиб берилмаслиги, сув захиралари мавжуд бошқа коллекторларда сунъий усулда балиқ боқилиши мақсадга мувофиқлиги билдирилган (хатлар илова қилинади).

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси биринчи ўринбосари К.Исмоилхўжаев бевосита табиий сув хавзалар билан ишлашга бириктирилган бўлсада, вилоятдаги табиий сув хавзаларга бирон марта жойига чиққан холда ўрганиш ўтказмай, фақат кабинетидан ижара шартномаларини расмийлаштирилишини йўлга қўйиб олган. Хар йили тузилиши керак бўлган ижара келишув шартномаларига харита-схемаси координатлари кўрсатилмаган ҳолда тузилиши сўралмоқда.

Ушбу ижара шартномаларида кўрсатилган балиқ боқиш, балиқлантириш режалари мантиқсиз белгиланаётганлиги ва ижара хақлари юқори хисобланаётганлиги сабабли, корхоналаримиз ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ўртасида турли муаммолар келиб чиқмоқда.

Корхоналаримиз томонидан мавжуд муаммоларни хал этиш юзасидан берган мурожаатларимизга “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасидан ижара шартномасини бир томонлама бекор қилиниши бўйича жавоб олмоқдамиз. 

Бунда, “Бухоробалиқсаноат” МЧЖ томонидан 2021 йил февралдан бугунги кунга қадар “Оғитма” табиий сув хавзасини балиқлантириш, қўриқлаш, ишчи-ходимларига берилган иш хақлари, бино-иншоатлар қуриш, транспорт харажатлари учун 5,6 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланганлиги ахамиятга олинмаяпти.

2019-2020 йилларда олдинги ижарачи “Оғитма олтин балиғи” МЧЖ билан ижара шартномани бекор қилиш учун “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан суд жараёнларида ушбу табиий кўл талон-тарож қилиниб, балиқ захираси буткул нобуд бўлган. 

Сизга маълумки, табиий кўлда балиқ чавоқларини товар холатга келтириш учун камида 3-4 йил вақт керак бўлади.

Шунинг учун, ўтган йилларда ташлаган балиқ чавоқларимизни товар холатга келтириб, кейинги 2024 йилдан овлаб бошлашимиз ва балиқ савдосини максимал даражага етказишимиз мумкин бўлади. 

“Бухоробалиқсаноат” МЧЖ томонидан балиқ захиралари мавжуд бўлмаган “Оғитма” табиий сув хавзасини ижарага олиб, балиқ етиштириш ишларини тизимли ташкил этиб, обод қилганимиздан сўнг “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси биринчи ўринбосари К.Исмоилхўжаев томонидан ушбу “Оғитма” табиий сув хавзасини бошқа тадбиркорга олиб бериб, моддий манфаат кўришга харакат қилаётганлигини тушуняпмиз.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига биз томондан 2021 йил февралдан бугунги кунга қадар “Оғитма” табиий сув хавзаси учун 5,6 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланган маблағлар қоплаб берилган холда, ижара шартномасини бекор қилиши таклифини берганмиз.

Худди шундай холатда, “Бухоронефтқурилишмонтаж балиқчилик кластери” МЧЖ томонидан “Зикри” табиий кўли учун 10 млрд сўмдан ортиқ, “Муборак Бухорий” МЧЖ томонидан “Девхона” табиий кўли учун 5 млрд сўмдан ортиқ, “Нефтгазмонтаж” МЧЖ томонидан “Қорақир 3-контур” табиий кўли учун 7 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, экотуризм масканлари, умумий овқатланиш шахобчалари ташкил этилган ушбу табиий кўлларга умуман сув киритилмаётганлиги туфайли “Зикри” ва “Қорақир 
3-контур” табиий кўллари буткул қуриб қолган.

Натижада, сарфланган харажатлар фойда келтирмай ушбу корхоналарга ажратилган кредит ва лизинглар, уларга хисобланган фоизлар ўз маблағлари хисобидан қопланиб, фақат зарарга ишланмоқда.

Шунингдек, уюшма таркибидаги “Балиқчиликни лойиҳаларини молиялаштириш маркази” МЧЖга берилган 30 млрд сўм маблағлардан 
2,5 млрд сўми “Муборак Бухорий” МЧЖга 18 фоиз билан лизинг берилган. 

Бунда, “Муборак Бухорий” МЧЖ томонидан уюшма раиси О.Мусаевдан фоизсиз молиявий сўралганда, бу пулларни фоиз билан олишга ва ўзини яхши кўрсатиш учун садок мосламалари сотиб олишга мажбур қилган. Аслида, ушбу пулларни балиқчилик лойихаларига фоизсиз бериши керак эмасми?

Бундан ташқари, Бухоро вилоятидаги қурғоқчиликлар сабабли садок мосламаларида балиқ етиштириш имконсиз эканлиги О.Мусаевга “Муборак Бухорий” МЧЖга пул ажратилишидан олдин маълум бўлган бўлса-да, ушбу корхонани атайдан банкрот холатига олиб келган.

Шунингдек, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасираиси О.Мусаев ўзини Хукумат олдида яхши кўрсатиш учун “Бухоронефтқурилишмонтаж балиқчилик кластери” МЧЖга балиқчилик кластери мақоми олиш кераклиги, бунинг учун хонадонларга таъминотчи бўлиши кераклиги мажбурланган.

Бунда, “БНКМ балиқчилик кластери” МЧЖтомонидан О.Мусаев топшириғи асосидакооперация усулида балиқ етиштиришни ташкил қилиш учун вилоятдаги 40 та хонадон учунбалиқчилик кооперациялари ташкил қилиниб, кредит хужжатлари жамланиб банкларга тақдим қилинганда банклар томонидан кооперация учун кредит ажратилмаслиги билдирилган.

Бу билан, корхонага “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан берилган 640 млн сўм қарз билан биргаликда 2,5 млрд сўм зарар етказилди.

Бугунги кунда Республика бўйича кўриш мумкинки, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси О.Мусаев томонидан ўйлаб топилган хонадонларда балиқ етиштириш тизимига керакли мутахассислар мавжуд эмас, ким ушбу тизимда ишларни йўлга қўйган бўлса, фақат бундан зарар кўрмоқда.

Бундан ташқари, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси О.Мусаев томонидан ўтган 5 йил мобайнида вилоятдаги табиий кўлларнинг холати, ижара шартнома шартлари билан бевосита ўрганилмай, Биз ижарачиларнинг мурожаатларимизга ахамият берилмай, вилоятдаги балиқчилик соҳаси уюшма рахбари томонидан ўз ҳолига ташлаб қўйилган.Бунда яна савол туғилади, бунақа уюшманинг кимга нима кераги бор?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 майдаги 
ПҚ-2939-сонли қарорига асосан “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг таъсисчилари худудий “Балиқсаноат” МЧЖлар хисобланади ва ушбу МЧЖларнинг 100 млн сўм ўз маблағларидан жами 1,3 млрд сўмга уюшманинг низоми тасдиқланган.

Лекин, уюшма рахбарияти томонидан охирги 5 йил мобайнида таъсисчиларнинг умумий йиғилиши ўтказилмасдан, ушбу пул маблағлар қаерга ишлатилганлиги, қанча фойда кўрилганлиги, келгусида амалга ошириладиган ишлар бўйича бирор марта хисобот берилмай қолмоқда. Бундан ташқари, 5 йил мобайнида Республикадаги табиий кўллардан тушган ижара ва аъзолик пуллари нимага сарфланганлиги бўйича “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан хисобот берилмай қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 январдаги 
ПҚ-83-сон қарори билан 2022 йилда балиқ овлаш, сунъий хавзаларни интенсивлаштириш ва хонадонларда балиқ етиштириш бўйича кўрсаткичлар белгиланган. 

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан ушбу кўрсаткичлар бажарилганлиги бўйича нотўғри маълумотлар тарқатилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Халқини алдаб келмоқда.

Масалан, Республика бўйича 700 минг тонна балиқ овлаш режаси билдирилсада, статистика қўмитасининг якуний хисоботида 2022 йилда 
185 минг тонна балиқ овланганлиги кўрсатилган.

Бухоро вилояти хокимлиги томонидан умумлаштирилган маълумот хатида 2022 йилда вилоятдаги 955 гектар сунъий сув хавзаларга 2390 та аэратор ўрнатилганлиги, 520 та хонадонларда балиқ етиштириш йўлга қўйилганлиги, “Фиш кластер Бухоро” МЧЖ томонидан балиқчилик кластери фаолияти йўлга қўйилганлиги билдирилган.

Лекин, ушбу “Фиш кластер Бухоро” МЧЖ томонидан қаерда, қанча қувватларда балиқчилик кластери ташкил этилганлиги бизга жумбоқ бўлиб қолмоқда. Чунки, балиқчилик кластерида балиқ етиштириш билан биргаликда балиқни қайта ишлаш, омухта ем ишлаб чиқариш, балиқ чавоқларини ишлаб чиқариш қувватлари бўлиши, булар бўйича статистик хисоботлар юритилиши керак.

Вилоятда 520 та хонадонларда балиқ етиштириш бўйича ёлғон маълумот берилган ва Республика бўйича хам шундай ёлғон маълумотлар йиғилиб, уюшма томонидан Ҳукуматга тақдим этган бўлиши керак. 

Аэратор мосламаларидан қайсидир тадбиркор 4-5 та олиб келиб ўрнатса, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан дархол ушбу тадбиркорни жойига келиб, интервю олади, телевиденияга чиқарилиб, реклама ишлари йўлга қўйилади. Уюшманинг фақат шу тарафдан ишлари зўр йўлга қўйилган, лекин ушбу аэраторлар орқали хосил олинадиган вақти уюшмадан хечкимни топиб бўлмайди.

Аэраторлар ўрнатилмаганлигини Божхона қўмитасидан четдан олиб келинган аэраторлар тўғрисида маълумот олиб, хақиқатни аниқлаштириш мумкин. Бундан ташқари, Республика бўйича аэратор ишлаб чиқарувчи корхоналар саноқли бўлиб, ўрнатилганлиги кўрсатилган аэраторларни ишлаб чиқариш учун ушбу корхоналарнинг қуввати етмайди ва хом-ашёлари етарли эмас.

Булардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг худудларга ташрифи давомида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси О.Мусаев томонидан ўтган 5 йил мобайнида тақдимот қилинган лойиҳаларнинг биронта ишламай бугунги кунда банкрот холатида турибди.

Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикасидаги “Қорақалпоқбалиқсаноат” МЧЖ, Бухоро вилоятидаги “Бухоро фиш кластер” МЧЖ, Навоий вилоятидаги “Экспорт Продукт фиш” МЧЖ, Жиззах вилоятидаги “Жиззахбалиқсаноат” МЧЖ, Наманган, Тошкент вилоятларидаги лойиҳалар ташрифлардан сўнг фаолият юрита олмай, банк кредитларини қайтара олмай, бугунги кунда лойихаларни бино ва иншоатлари “Ипотека-банк”нинг балансида сақланиб турибди.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси рахбарларидан биз тадбиркорларни эшитадиган, ёрдам берадиган раис ўринбосари Шухрат Рахматов бор эди.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси О.Мусаев томонидан тизимда бераётган топшириқлари меъёрларга ва тадбиркорларни фаолиятига тўғри келмаганлиги сабабли, раис ўринбосари Ш.Рахматов ва уюшманинг бошқа салохиятли ходимлари ишни ташлаб кетишга мажбур бўлди.

Булардан кўриш мумкинки, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан балиқчилик соҳасида тадбиркорларга ёрдам бермай, фақатгина ёлғон маълумотларни чиройли ясаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Халқини бир неча йилдан бери алдаб келаётганлигини кўриш мумкин.

Мухтарам Президентимиз томонидан балиқчилик соҳасини ривожлантириш учун катта эътибор қаратилаётган бўлсада, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси О.Мусаев ва биринчи ўринбосари К.Исмоилхўжаевлар сохта маълумотлар яратиб, умуман мавжуд бўлмаган рақамларни ясаб Президентимизни алдаб келмоқда.

Бунга мисол сифатида, Республикамизда 700 минг тонна балиқ етиштириш йўлга қўлга қўйилган бўлса, сазан балиқ таннархи 20 минг сўмдан ошмаслиги, бошқа турдаги балиқлар жуда паст нархларда бўлиши керак эди.

Лекин, бугунги кунда сазан балиқларининг нархи 70-100 минг сўмдан дехқон бозор ва савдо марказларида сотилмоқда. Кафе ва умумий овқатланиш шахобчаларида эса сазан балиқлари 150-200 минг сўмдан қовурилган холда сотилмоқда. Чунки, Республикамиздаги қурғоқчилик ва сув танқисликлари сабабли балиқ етиштириш хажмлари камаймоқда, сазан балиқлари қўшни Қозоғистон Республикасидан олиб келинмоқда.

Агарда, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси О.Мусаев томонидан кўрсатилган интенсив усулда ва хонадонларда балиқ етиштириш ишлари тизимли йўлга қўйилганда балиқ махсулотлари халқимиз дастурхонига арзон нархларда етказиб берилар эди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Сиздан:

1. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси О.Мусаевга, биринчи ўринбосари К.Исмоилхўжаев, юристконсулти Н.Раззаковаларгабиз тадбиркорларни сарсон қилиб, банкрот холатига келтирганлиги учун қонуний чоралар кўрилишида;

2. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан таъсисчиларга 
5 йилдан буён хисобот берилмаганлиги сабабли, уюшма фаолиятини Ҳисоб палатаси орқали қонуний ўрганилишида;

3. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан ижара шартномаси тузилишида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил августдаги 593-сон қарори 12,36, 40,45-бандлари талаблари асосида табиий сув хавзаларнинг кадастр, илмий норма, харита-схемалар бўйича хужжатлар илова қилиниши таъминланишида;

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.01.2020 йилдаги ПҚ-4576-сон қарори 10-бандига асосан кадастр ҳужжатларини «Ўздаверлойиҳа» институти билан ўзаро шартнома асосида топосъёмка, харитаси ва кадастр хужжатларини расмийлаштирилишида;

5. “Хадича”, “Зикри”, “Қорақир 3 ва 4-контур” табиий сув хавзалари холатидан келиб чиқиб, балиқ овлашга 3 йиллик мораторий эълон қилинишида;

6. “Зикри”, “Девхона”, “Қорақир 3 ва 4-контур” табиий сув ҳавзаларига сув киритиш бўйича тегишли ташкилотларга топшириқ берилишида;

7. Ушбу кўрсатилган муаммоларни ўрганиш ва айбдор шахсларга қонуний чоралар кўриш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасига, Хисоб палатасига, Рақобатни ривожлантириш ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига тегишли кўрсатмалар берилишида;

8. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси биринчи ўринбосари К.Исмоилхўжаевни табиий сув хавзалар билан совуққон равишда умуман ишламаётганлиги сабабли вазифасидан озод этилишида, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига биз тадбиркорлар билан бевосита хамфикр ишлайдиган рахбарлар тайинланишида;

9. Вазирлар Маҳкамасининг 593-сонли қарори талабларини бажариш мақсадида ҳудудий “Балиқсаноат” МЧЖларнинг ходимларига иш хаққи ва транспорт харажатларига моддий базасини яратиш учун “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва маҳаллий хокимиятлар томонидан пул маблағлари ажратилишида;​​​

10. Бухоро вилоятидаги табиий кўлларни“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси томонидан сувли майдонларини 2023 йилда қайта ўлчаниб, хатлов қилиниб, кадастр  хужжатлари расмийлаштирилишида, сувдаги шўрланиш миқдорларини тегишли ташкилот маъсуллари томонидан жойига чиққан холда Ишчи гуруҳ тузган ҳолда доимий ўрганишлар ўтказилишида амалий ёрдам кўрсатишингизни сўраймиз.

Илова: ___ варақда.

Ҳурмат билан, 

“Бухоробалиқсаноат” МЧЖ

раҳбари:​​​​​​​​​О.Турдиев

(тел рақам: +99865-225-03-38)

“Нефтгазмонтаж” МЧЖ

раҳбари:​​​​​​​​​Г.Тян

(тел рақам: +99893-502-90-52)

“Муборак Бухорий” МЧЖ

раҳбари:​​​​​​​​​С.Рашидов

(тел рақам: +99898-180-98-90)

“Бухоронефтқурилишмонтаж

балиқчилик кластери

МЧЖ раҳбари:​​​​​​​​А.Ашуров

(тел рақам: +99891-417-11-99)

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button