BuxoroMurojaat

100 НАФАР ИШЧИ ЎРИН ЯРАТГАН ТАДБИРКОР БИЛАН НЕГА ШАРТНОМА ТУЗУЛМАЯПТИ ?УШБУ ЖОЙ КИМГАДИР КЕРАК БЎЛЯПТИМИ?


Ўзб Рес Президенти Ш Мирзиёевга

Ўзб Рес Бош прокурори Ниғматилло Йўлдошевга

Олий суд раиси Бахтиёр Исломовга

ДХХ раиси Абдусалом Азизовга

Ўзб Рес президенти адмистратцияси раҳбари Сардор Умурзоқовга

Бухоро туманлараро иқтисодий суди раиси Сафаров Азизга 

“Бухоро Китоб Олами” МЧЖ рахбари номидан

ВИДЕО МУРОЖААТ

Ўзбекистон Республикаси бош вазири Ш.М.Мирзиёевнинг 2016 йилда Бухоро шаҳрига қилган ташрифлари давомида Бухоро шаҳрида китобхонлик маданиятини ривожлантириш мақсадида бир қанча чора тадбирлар белгилаб берилган эди. Китоб соҳаси вакиллари ичида “Buxoro Kitob Olami” МЧЖ танлаб олинди ва Бухоро вилоят ҳокимлиги томонидан соҳани ривожлантириш учун шаҳар марказидан ижара шартлари асосида жой ажратилиши белгиланди.

Шунга кўра 2016 йилда «Давлат мулкини ижарага бериш маркази» Бухоро вилоят бошқармаси томонидан Бухоро шаҳар, Навоий шох кўчаси, 5 уйда жойлашган “Варахша” меҳмонхонасининг ресторан биноси (кейинги ўринларда Бино деб юритилади) ижарага берилди. 

Шунга кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 февралдаги 176-Ф-сонли Фармойиши қабул қилиниб, унга кўра Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтига тегишли давлат мулки бўлган Бухоро шаҳар, Навоий шох кўчаси, 5 уйда жойлашган “Варахша” мехмонхона мулкий мажмуасининг 2 қаватли ресторан биноси “Китоб олами”  маърифий мажмуаси фаолиятини ташкил этиш мақсадида Бухоро вилоят Матбуот ва ахборот бошқармасига  оператив бошқариш ҳуқуқи билан берилган ва мазкур бинода “Китоб олами” маърифий мажмуаси фаолиятини ташкил этган ҳолда ундан мақсадли ва самарали фойдаланилиши таъминланиши белгиланган. 

Ушбу фармойиш асосида Бухоро вилоят ҳокимининг (Ў.Барноев) 26.02.2017 йилдаги 45-Ф-сонли Қарори қабул қилинган. 

Бино 2016 йил январ ойида бинони ижара шартномаси асосида ижарага берилган бўлсада, лекин ушбу бино фойдаланиш учун умуман яроқсиз бўлганлиги сабабли  катта маблағ эвазига капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш зарур эди. Фуқаролик кодексининг 547-моддасига кўра “Агар қонунчилик ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага берувчи ижарага топширилган мол-мулкни ўз ҳисобидан капитал таъмирлаши шарт” эканлиги белгиланган. 

Лекин «Давлат мулкини ижарага бериш маркази» Бухоро вилоят бошқармаси капитал  таъмирлаш учун пул маблағлари мавжуд эмаслиги ва таъмирлаш ишлари Жамиятимиз томонидан амалга оширилган тақдирда ушбу таъмирлаш учун сарфланган маблағлар келгусида ижара тўловларидан камайтирилиши ваъда қилинганлиги сабабли биз ўз ҳисобимиздан ушбу ижарага берилган Бинони бир қисмини капитал таъмирлаш ишлари учун 2.63 миллиард сўм маблағ сарфланган ва бажарилган ишлар балансга сақловчига топширилган. (Бинонинг қолган қисмларининг капитал таъмирлаш ишлари якунлаш арафасида бўлганлиги сабабли ушбу ишлар бажарилганлиги тўғрисдаги ҳужжатларни ҳам кейинчалик тақдим этамиз).   

Бино 2016 йил ижарага берилган бўлсада, ушбу бинода “Китоб олами”  маърифий мажмуаси сифатида ўз фаолиятимизни расман 2017 йилда бошладик. Фаолиятимиз давомида ҳозирги кунга қадар 80 ортиқ ишчи ўринларини яратганмиз, ҳар йили давлат бюджетига 1,2 миллиард сўм миқдорида солиқларни тўлаб келаяпмиз, ижара тўловларини ҳам ўз вақтида тўлаб келаяпмиз. Республикамиз ҳудудида ва чет эл давлатларида китоб соҳасида ташкил этиладиган анжуманларда фаол қатнашиб совринли ўринларни қўлга киритиб келаяпмиз. Бундан ташқари вилоятимизнинг бошқа туманларида “Китоб олами” филиалларини ташкил этиб, вилоятимизда китобхонлик маданиятини оширишга ўз ҳиссамизни қўшиб келаяпмиз.   

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3271-сонли “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Қарорининг 2 бандига кўра “Белгилаб қўйилсинки:

дастурда кўрсатилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳар бир шаҳар ва туманда китоб савдосига ихтисослаштирилган дўконларни ташкил этиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектларига фойдаланилмаётган давлат мулки объектларининг текин фойдаланиш учун берилишини таъминлайди” деб белгиланган.

Лекин жамиятимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3271-сонли Қарори билан берилган имтиёздан, яъни давлат мулкидан текин фойдаланиш бўйича бизга берилган имтиёздан маҳаллий бюджетнинг фойдаси учун фойдаланмасдан, ижара тўловларини тўлиқ ва ўз вақтида тўлаб келаяпмиз.

Бироқ, Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш Маркази Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан 2022 йилнинг охиридан бошлаб ижарага берилган бинони бўшатиб беришимизни талаб қилиб келмоқда. Асос сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 июлдаги ПҚ-4771-сонли “Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 5-банди 14 хатбошисидаги “Амал қилиш муддати тугаган электрон савдолар орқали расмийлаштирилмаган ижара шартномаларининг муддати (Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматнинг тегишли қарорлари асосида ва кичик саноат зоналари ҳудудидаги давлат мулки бўйича тузилган ижара шартномалари бундан мустасно) келгуси давр учун узайтирилмайди ва ушбу шартномалар бўйича тадбиркорлик субъектларига ижарага берилган давлат мулклари, балансда сақловчиларнинг розилиги талаб қилинмасдан 2022 йил 1 июлдан бошлаб электрон савдоларга чиқарилади” дейилган талабини асос қилиб келтираяпти. 

Мазкур қарорнинг 5-банд ўн тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги ПҚ-168-сонли қарорига асосан тўлдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги ПҚ-168-сонли “Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг 3-бандига “б” қисмига мувофиқ “Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

б) вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қарашли бўлган, уч ойдан ортиқ фойдаланилмасдан бўш турган объект, ижтимоий объектлар бундан мустасно, Агентлик томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ уларнинг розилигисиз ижарага бериш ёки сотиш учун савдога чиқарилади” деб белгиланган.

Демак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 июлдаги ПҚ-4771-сонли Қарорининг 5-банди 14 хатбошисидаги талабни қўйиш учун биринчидан давлат мулки объекти 3 ойдан ортиқ муддатда фойдаланилмасдан келинаётган бўлиши, ижтимоий объектлар турига мансуб бўлмаслиги ва Президенти ёки Ҳукуматнинг тегишли қарорлари асосида давлат мулки бўйича тузилган ижара шартномалари бўлмаслиги лозим. 

Бизнинг ҳолатда эса, жамиятимиз томонидан ижарага олинган давлат мулки 2017 йилдан бери бир кун ҳам фойдаланилмадан бўш туриб қолган эмас. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 февралдаги 176-ф-сонли Фармойишига кўра мазкур ижара объектида “Китоб олами” маърифий мажмуаси фаолиятини ташкиллаштириш белгилаган. Ушбу ижара объектида жамиятимиз томонидан “Китоб олами” маърифий мажмуаси фаолияти ташкиллаштирилган холда бинодан ижтимоий объект сифатида фойдаланиб келмоқда. Қолаверса, Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3271-сонли Қарорлари билан ҳар бир шаҳар ва туманда китоб савдосига ихтисослаштирилган дўконларни ташкил этиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектларига фойдаланилмаётган давлат мулки объектларининг текин фойдаланиш учун берилишини таъминлаш” белгилаб қўйилган. 

 Шунга кўра, Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш Маркази Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасининг ижара шартномаси муддатини узайтиришни рад этиб келаётганлиги ва ижарага берилган бинони бўшатиб беришимизни талаб қилаётганлиги юқорида келтирилган қонун талабларига ва Президентимизнинг сиёсатларига қарши қаратилган ҳаракат деб баҳолаймиз.

Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2022 йил 19 декабрдаги 3403-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини уларнинг розилигисиз ижарага бериш ёки сотиш учун савдога чиқариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Буйруғининг 2-боби 4 ва 5 бандоарига кўра бинони ижарага бериш учун балансда сақловчи томонидан риоя қилиниши лозим бўлган талаблар белгиланган бўлиб, агар ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда бўш турган давлат мулки ижарага бериш ёки сотиш учун электрон савдоларга чиқарилиши белгиланган.  

Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 383-моддасига кўра “Шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, агар бошқача тартиб шартномада назарда тутилган бўлмаса ёки унинг моҳиятидан англашилмаса, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.

Вазиятнинг тарафлар олдиндан кўра билганларида шартномани умуман тузмасликлари ёки анча фарқ қиладиган шартлар билан тузишлари мумкин бўлган даражада ўзгариши унинг жиддий ўзгариши ҳисобланади” деб белгиланган.

Давлат мулки ижарасининг энг кўп муддати кичик тадбиркорлик субъектлари учун 10 йилни ташкил этишини инобатга олган ҳолда ижарага берилган бино фойдаланиш учун яроқсиз бўлганлиги сабабли ушбу бинога 2,63 млрд сўмдан ортиқ инвестиция киритиб, капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириб, киритилган инвестицияни кейинчалик ижара тўловининг бир қисмидан камайтиришни мақсад қилган ҳолда ижара шартномасини тузганмиз. Бироқ Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази Бухоро вилоят бошқармаси томонидан 2020 йилда қабул қилинган қонун нормасини асос қилиб, ижара шартномасининг муддати кейинги давр учун узайтирилмасдан онлайн савдоларга чиқарилиши маълум қилинган. Жамиятимиз давлат мулки ижараси ижарага беришнинг энг кўп муддати тугамасдан онлайн савдоларга чиқарилишини олдиндан билмаганмиз ва агар бундай ҳолат юз беришини билганимизда ижара шартномасини тузмасдан ижара объектига 2,63 млрд сўм миқдорида инвестиция киритмаган ва 80 ортиқ ишчи ўрин яратмаган бўлар эдик  ёки умуман бошқа шартлар асосида шартнома тузган бўлар эдик. 

“Buxoro Kitob Olami” МЧЖ раҳбари         Э.Бобомуродов

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button