BuxoroTa'lim

Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан 2021-2022 ўқув йилида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар Мамлакатимиз халқ таълими тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар бугун вилоятимизда ҳам яққол ўз ифодасини топмоқда. Жамиятда ўқитувчи нуфузини ошириш, мактаб таълимини ривожлантириш, ўқувчи-ёшларнинг ҳар томонлама чуқур билим олишини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, тугалланган 2021-2022 ўқув йилида салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. 2021-2022 ўқув йилида вилоят халқ таълими тизимида 538 та умумтаълим мактаблари фаолият юритиб, уларда 321 919 нафар ўқувчи таълим-тарбия олди. Айни пайтда ушбу мактабларда 24488 нафар педагог фаолият юритаётган бўлиб, олий тоифали ўқитувчилар сони 2 940 нафарни (10,3%) ташкил этади. 2022 йилда олий тоифали ўқитувчилар сонини 3 543 нафарга (12,4%) етказиш бўйича ишлар бошланган. Ўқитувчиларнинг 18 134 нафари ёки 63,5 % тоифага эга бўлган ўқитувчилардир. 2022 йилда тоифага эга ўқитувчилар сонини 1 800 нафарга ошириб, тоифали ўқитувчилар улушини 69,8% га етказиш режалаштирилган. Жорий йилнинг 25-март кунидан педагоглар учун ўқув фанларидан малака (тест) синовлари бўлиб ўтди. Синовларда жами 16 минг 304 нафар педагоглар иштирок этди. Ўқув йили мобайнида умумтаълим мактабларида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини, педагог кадрларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида 6385 нафар педагоглар малака ошириш курсларига жалб қилинди.

Шунингдек, барча фанлар йўналишида 165 та таянч мактабида 300 га яқин тренер-ўқитувчилар фаолият олиб борди. 45 та вилоят ўқув, илмий-амалий семинарлари ўтказилди, вилоят ва туман, шаҳар фан методистлари томонидан 185 та методик тавсия, 250 та намунали дарс ишланмалари, тест топшириқлари намуналари, 500 дан ортиқ дарс тақдимотлари тайёрланди ва умумтаълим муассасаларига етказилди. Олиб борилган кенг қамровли ҳаракатлар натижасида 112 нафар ўқитувчининг иш тажрибаси вилоятда, 82 нафар педагог ходимларнинг иш тажрибаси Республика миқёсида оммалаштирилди. Фан ўқитувчиларининг касбий маҳоратини ошириш борасида рус тили фанининг ўқитилиш самарадорлигини оширишда “Класс” лойиҳаси доирасида 3 нафар россиялик, инглиз тили бўйича “English Speaking Nation” лойиҳаси асосида америкалик экспертлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилди. Умумий ўрта таълим муассасалари педагоглари билимини яхшилаш ҳамда янгича ўқитиш услубларини тушунтириш бўйича “Мобиль методик гуруҳ” ташкил этилди. Гуруҳга Бухоро давлат университетининг малакали профессор-ўқитувчилари ҳамда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ўқитувчилари жалб қилинган. Таълим сифати паст ва муҳити оғир бўлган 15 та умумий ўрта таълим муассасалари педагогларига методик ёрдам бериш орқали таълим сифати яхшилаш мақсадида апрель ойидан бошлаб ҳар ойда иккита таълим муассасасида илғор ўқитиш методлари ва инновацияларга ўргатиш ишлари амалга оширилди. Мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш таълим сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани ҳеч биримизга сир эмас. Бу борада ҳам самарали натижаларга эришилди. Айни пайтда вилоят умумтаълим мактабларида 2841 нафар хорижий тил ўқитувчилари фаолият олиб бормоқда. Мавжуд умумтаълим мактабининг 484 тасида инглиз тили фани ўқитилиб, бу жараённи 2376 нафар педагоглар олиб бормоқда. Хорижий тил педагогларининг 250 нафари француз, 215 нафари немис тили фани ўқитувчилари улушига тўғри келади. 12 нафар хорижий тил фан ўқитувчиларининг илғор иш тажрибаси республикада, 18 нафарининг иш тажрибаси вилоят миқёсида оммалаштирилди. Хорижий тил фан ўқитувчиларининг 700 нафардан ошиғи миллий ва халқаро сертификатларни қўлга киритишди. Хорижий тилларга ўқитишнинг сифатини ошириш мақсадида 2021-2022 ўқув йилида Бухоро вилоятдаги 14 та умумтаълим мактаблари негизида хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди. Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги билан ҳамкорликда ҳудудларда хорижий тилларда эркин мулоқот майдончалари ташкил этилди ҳамда 14 та ихтисослаштирилган мактабларда LLL (Language learning lab) эркин мулоқот майдончалари фаолияти йўлга қўйилди. Ўқувчиларнинг олий ўқув юртларига ўқишга кириш кўрсаткичларини ошириш масаласи ҳам энг муҳим вазифаларимиздан биридир. 2021 йилда вилоят умумтаълим мактаблари битирувчиларининг 32,9 фоизи олий ўқув юртларига қабул қилинди. Ушбу кўрсаткич бўйича Бухоро вилояти республикада етакчи ўринни эгаллади. Жорий ўқув йилида эса мактабларнинг 11-синфини 22 301 нафар ўқувчи тамомлади. Фанларни аъло баҳоларда ўзлаштирган иқтидорли битирувчиларимизнинг 533 нафари олтин, 107 нафари кумуш медалларга муносиб топилди. Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, битирувчиларнинг 17963 нафари олий ўқув юртларига кириш истагини билдирган. 855 нафари техникумларга, 475 нафари коллежда ўқиш истагина билдирган. Мактаб остонасиданоқ, “Устоз-шогирд “ анъанасига кўра, ўз-ўзини иш билан таъминлаган ўқувчилар сони 1139 нафарни ташкил этмоқда. Бугунги ёшларимиз ниҳоятда шижоатли, интилувчан ва ўзининг аниқ мақсадига, мустақил фикрига эга ўғил-қизлардир. Улар орасида яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, мустақил ҳаёт сари дадил ва шаҳдам қадамлар бошлаётган, мактаб партасидаёқ талабалик бахтига мушарраф бўлаётган иқтидорли ўқувчиларимиз борлиги алоҳида эътирофга лойи. Айни пайтда мамлакатимиздаги ва хорижий олий ўқув юртларига муддатидан олдин ўқишга қабул қилинган ўқувчиларимиз сони 200 нафардан ошди. Фаолиятимизнинг яна бир энг асосий йўналиши – ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва уларнинг қобилиятларини юзага чиқаришга қаратилган. Айни пайтда вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 538 та умумтаълим мактабларида 16232 та фан тўгараклари ташкил этилган бўлиб, уларга 255511 нафар ўқувчи жалб этилган. Бу рақам жами ўқувчилар сонининг 79 фоизини ташкил этмоқда. Шунингдек, беш ташаббус йўналишида мактабларда 7186 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар 149731 нафар ўқувчиларни қамраб олган. Бундан ташқари ўқувчиларимизнинг 15 386 нафари “Баркамол авлод” болалар мактабларида фаолият юритаётган 7 та йўналишдаги 659 та тўгаракда ўз қизиқишлари асосида иштирок этишмоқда. Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш йўналишида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мактабларда бешта муҳим ташаббусни амалга ошириш самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят маданият бошқармаси томонидан 10 та мактабда мақом, 83 та мактабда эстрада, 200 та мактабда театр, 538 та мактабда рассомчилик йўналишида тўгараклар ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари ташкил этилди. Мактаб ўқувчиларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича Жанубий-ғарбий маъмурий-ҳудудий округ ҳарбий кенгаш қарори билан “Миллий армиямиз ёшлар нигоҳида” шиори остида маҳаллаларда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича 4 та бўлим, 89 та банддан иборат амалий чора-тадбирлар “Йўл харитаси” тасдиқланди ва ижрога йўналтирилди. Мактабларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш ва инфратузилмасини яхшилаш масаласига ҳам алоҳида алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2022 йилда Инвестиция, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида вилоятдаги 236 та реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирга муҳтож мактабларнинг 42 тасини таъмирлаш режалаштирилди. Шунингдек, 2 та мактабда филиаллар бинолари, 7 тасида спорт заллари қурилиши белгиланди. 64 та умумтаълим мактабининг ҳожатхоналари маҳаллий бюджет қўшимча 1.0 млрд қўм маблағ ажратилиб жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 164 та синф хоналари замонавий мактаб лойиҳалари асосида таъмирланиб, жиҳозланади. Ушбу мақсадлар учун жами 3,3 млрд. сўм ажратилиши режалаштирилган. Шунингдек, умумтаълим мактабларида яроқсиз ҳолга келган, маънан эскирган ўқув парталарини янгилаш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 11 611 дона парта ва 1 500 дона доскалар харид қилиниб, таълим муассасаларига етказилади. Таълим муассасаларида ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ўқувчиларни “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида иштирок этишлари учун қулайликлар яратиш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 91 та мактаб ва 14 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари замонавий компьютер техникаси билан таъминланди бу учун маҳаллий бюджетдан 10.6 млрд сўм қўшимча маблағ ажратилди. Ичимлик суви ташиб келтириладиган 40 та мактабга тоза ичимлик суви тортилади. Буларнинг 15 таси “Замин” халқаро жамоат фонди маблағлари, 25 таси эса маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Шунингдек, 41 та умумтаълим мактабларининг атрофлари ўралиб, 120 та мактабларнинг иссиқлик тизимларини тўлиқ таъмирланиши ҳам кўзда тутилган. Молия вазирлиги томонидан ташкил этилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида овоз йиғиш орқали Бухоро вилоятидаги 74 та умумий ўрта таълим мактаби ғолибликни қўлга киритган. Унда мактаб бинолари ва ички иситиш тизимларини таъмирлаш, жиҳозларни янгилаш, мини футбол майдончасини қуриш, синф хоналарининг эшик – деразаларини алмаштириш моддий техник баъзасини ривожлантириш каби таклифлар илгари сурилган бўлиб, ушбу мақсадларга давлат томонидан 31.9 млрд сўм маблағ йўналтирилди. Ҳозирда таълим муассасаларида мазкур жараёнлар жадаллик билан амалга оширилмоқда.

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button