Bo'limsiz

“Олтин Кон” атрофидаги янги иддаолар: давлат бойликлари ва тадбиркорлар ҳуқуқлари ким томонидан ҳимоя қилинади?

“Олтин Кон” МЧЖ фаолияти юзасидан янги мурожаат: жиддий иддаоларга расмий муносабат бўладими?

Таҳририятимиз томонидан “Олтин Кон” МЧЖ фаолияти билан боғлиқ масалалар аввал ҳам бир неча бор ёритилган эди. Бу сафар ҳам таҳририятимизга келиб тушган навбатдаги мурожаатда корхона раҳбарияти фаолияти юзасидан қатор жиддий иддаолар илгари сурилмоқда.

 “Олтин Кон” МЧЖ раҳбари И.И. ҳамда унинг ўринбосари Ю.Т. ер остида жойлашган табиий бойитилган “тилла жила” қатламларини техник воситалар ёрдамида қазиб олиш бўйича ўзаро келишувга эришган. Шунингдек, иддао қилинишича, директор ўринбосари Ю.Т. томонидан қўриқлаш ва хавфсизлик хизмати ходимларига мазкур ҳудудга бормаслик ва уни назорат қилмаслик бўйича кўрсатмалар берилган.

Мурожаатда қайд этилишича, ушбу ҳудудларда катта чуқурликлар қазилиб, ер ости бойликлари олиб чиқилган. Кейинчалик эса ушбу ҳаракатлар изларини яшириш мақсадида қазилган жойлар корхонага тегишли техникалар ёрдамида қайта кўмиб ташланган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар келтирилган.

Шунингдек, мурожаат муаллифи “лихоратчилар” томонидан ер ости бойликлари ноқонуний олиб кетилаётгани ҳақидаги важлар аслида бошқа мақсадларга хизмат қилган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Унинг фикрича, мазкур ҳолатлар орқали корхона раҳбарияти ўз фаолиятига нисбатан юзага келиши мумкин бўлган саволларни четга суришга ҳаракат қилган.

Мурожаатда келтирилган яна бир муҳим масала Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармаси ходимлари фаолияти билан боғлиқ. Таъкидланишича, мазкур ходимлар “Олтин Кон” МЧЖ билан объектни қўриқлаш бўйича шартнома асосида хизмат кўрсатиши лозим бўлган бир вақтда, директор ўринбосари Ю.Т.нинг топшириқлари асосида бошқа тадбиркорларга тегишли яйлов ер майдонларида ҳам ҳаракат қилган. Мурожаат муаллифи бу ҳолатни тадбиркорлик субъектларининг қонуний фаолиятига асоссиз аралашув сифатида баҳоламоқда.

Албатта, мазкур мурожаатда баён этилган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш ваколатли давлат органлари ваколатига киради. Бироқ давлат бойликларидан фойдаланиш, тадбиркорлар ҳуқуқларининг таъминланиши ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти билан боғлиқ масалалар жамоатчилик учун муҳим аҳамият касб этади.

Шу муносабат билан таҳририятимиз мурожаатда келтирилган ҳолатлар юзасидан Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Кончилик ва геология соҳасига масъул ташкилотлар ҳамда бошқа ваколатли идоралар томонидан холис, ҳар томонлама ва қонуний текширув ўтказилиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.

Қонун устуворлиги таъминланган жамиятда ҳар қандай мурожаат ва иддао эътиборсиз қолмаслиги лозим. Жамоатчилик эса ушбу масала бўйича расмий муносабат ва текширув натижаларини кутиб қолади.

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button