БОЛА УРИЛДИ, ҲАҚИҚАТ ЭСА КЕЙИН ОЧИЛДИ: АНУШЕ ОИЛАСИ СУД ОРҚАЛИ АДОЛАТ КУТМОҚДА
Таҳририятимизга Мухаммедова Анушенинг онасидан мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда 2026 йил 26 июль куни соат тахминан 19:30 атрофида вояга етмаган Ануше чиқинди ташлаш учун уйидан чиқиб, қайтиб келаётган вақтида оқ рангли автомобиль томонидан уриб юборилгани баён қилинган.
Мурожаатчи тақдим этган видеотасвирда автомобиль қизчани ургани, зарба оқибатида Анушенинг ҳавога учиб кетиб, ерга йиқилгани акс этган.
Мурожаатда келтирилишича, ҳодисадан кейин Ануше ҳушини йўқотган ва воқеа қандай содир бўлганини эслай олмаган. Ўзига келгач, йиғлаб, атрофдагилардан:
«Менга нима бўлди?» — деб сўраган.
Оиланинг таъкидлашича, ҳодиса жойида ҳайдовчи билан бирга унинг турмуш ўртоғи ҳам бўлган. Ҳайдовчининг турмуш ўртоғи болага ёрдам кўрсатгани, ҳайдовчи эса дастлаб ўз автомобилига эътибор қаратгани, кейинроқ боланинг олдига боргани айтилмоқда.
Энг жиддий ҳолатлардан бири шундаки, оила аъзоларига ҳодиса ҳақида дастлаб бошқача маълумот берилгани айтилмоқда.
Жумладан, ҳайдовчи томонидан:
«Наберангиз машина чироғига тегиб, йиқилиб тушди», — деган мазмунда тушунтириш берилган.
Бироқ Анушенинг онаси воқеанинг аслини аниқлаш мақсадида маҳалладаги видеокузатув тасвирларини кўрганидан сўнг, воқеа ҳақида бошқача манзарага дуч келган.
Видеотасвирда қизчанинг автомобиль томонидан уриб юборилгани кўринади.
Шундан сўнг оила томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган.
Ануше тиббий кўриклардан ўтказилган. Мурожаатда айтилишича, боланинг боши, оёқлари ва танасида жароҳатлар бўлган. Кейинги тиббий текширувларда эса унда кучли қўрқув, руҳий шок ва стресс ҳолати кузатилган.
Бола даволанган, шунингдек, қўшимча тиббий кўрик ва даволаниш учун Тошкент шаҳрига олиб борилган.
Иш доирасида Ануше экспертизадан ҳам ўтказилгани ва экспертиза хулосасида унинг соғлиғи ҳамда руҳий ҳолатига оид ҳолатлар қайд этилгани билдирилмоқда.
Оиланинг таъкидлашича, ҳодисадан кейин бир неча кун давомида ҳайдовчи томонидан боланинг ҳолидан хабар олиш, узр сўраш ёки даволаниш харажатларига амалий ёрдам кўрсатиш бўлмаган.
Аксинча, иш юзасидан ариза берилганидан кейин ҳайдовчи томони оила билан боғланиб, аризани қайтариб олишни сўрагани айтилмоқда.
Айни пайтда мазкур ҳолат бўйича иш жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида кўриб чиқилиши арафасида.
Шу муносабат билан Анушенинг оиласи суддан:
-йўл-транспорт ҳодисаси акс этган видеотасвирга холис ва қонуний баҳо беришни;
-ҳайдовчининг ҳаракатлари, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилган-қилмагани ва ҳодисага сабаб бўлган ҳолатларни тўлиқ аниқлашни;
-боланинг олган жароҳатлари ва руҳий ҳолати бўйича тиббий ҳамда экспертиза хулосаларини инобатга олишни;
-боланинг даволаниши билан боғлиқ моддий харажатларни ундиришни;
-вояга етмаган болага етказилган маънавий зарарни қоплаш масаласига қонуний баҳо беришни;
-ҳайдовчининг ҳаракатларига қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо бериб, асослар мавжуд бўлган тақдирда уни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини ҳал этишни сўрамоқда.
Таҳририят сифатида биз ҳам бир саволни ўртага қўямиз:
Видеода автомобиль қизчани уриб, зарба оқибатида унинг ҳавога учиб кетиб йиқилгани акс этган бир вазиятда, вояга етмаган боланинг соғлиғига етказилган зарар ва унинг кейинги руҳий ҳолатига ким жавоб беради?
Бу ишда асосий мақсад кимнидир олдиндан айбдор деб эълон қилиш эмас. Суд томонидан мавжуд далиллар, видеотасвир, тиббий ҳужжатлар ва экспертиза хулосалари асосида ҳақиқатга ҳуқуқий баҳо берилиши муҳим.
Чунки гап — вояга етмаган боланинг тақдири, соғлиғи ва руҳий ҳолати ҳақида кетмоқда.
«Тезкор янгиликлар» таҳририяти мазкур иш бўйича суддан холислик, қонунийлик ва адолат тамойилларига амал қилинишига умид қилади.



