BuxoroSud

Болаларни умуминсоний қадриятларни ҳурматлаш, оналикни муҳофаза этиш ва болаларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро ҳуқуқ қоидаларига содиқ бўлиш, маънавий меросни сақлаш ва ривожлантириш, юксак ватанпарварлик, софлик ва ҳалоллик руҳида тарбиялаш, уларни ижтимоий фойдали меҳнатга тайёрлаш ота-оналарнинг конституциявий ва маънавий бурчидир.

Республика фуқароларининг шахсий ва ижтимоий манфаатлари узвий мувофиқлашган оилани ҳимоя қилиш давлат аҳамиятига молик бўлган вазифалардан биридир.

1998 йил 1 сентябрдан амалда бўлган Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси оилани мустаҳкамлаш, вояга етмаган болалар ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг манфаатларини қўриқлашнинг устунлигини назарда тутади.

Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларнинг судлар томонидан тўғри ҳал этилиши ота-оналарнинг ва болалар ҳуқуқларининг муҳофазасини, ота-оналарнинг болаларини тарбиялашдаги масъулиятлари оширилишини таъминлашга имконият туғдиради, ота-оналарнинг болалари манфаатларига зид бўлган ҳуқуқларидан фойдаланишларига барҳам беради, вояга етмаганлар қонунбузарликларининг олдини олиш чораларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси қабул қилиниши муносабати билан, қонунларнинг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш ва оилавий низоларни кўриш жараёнида судларда келиб чиқаётган саволларни тушунтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарори билан ҳам тушунтириш берилган.

Бироқ шунга қарамасдан ота-оналик ҳуқуқларини лозим даражада бажармаётганларнинг хатти-ҳаракатлари ўз навбатида боланинг ҳуқуқлари бузилишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Бундай ҳолатларга нисбатан чоралар қонунда белгиланган бўлиб, ота-она ёки улардан бири Оила кодексининг 79-моддасига биноан ота-оналик ҳуқуқидан ўзларининг айбли хулқ-атворига кўра, агар улар ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа, узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, ўқув-тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш муассасалардан олишдан бош тортса, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса, муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса, ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлиги белгиланган.

Буни шундай изоҳлаш мумкинки, ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлашлик деганда — ота-оналик бурчларини узлуксиз равишда бажармаслик, ўз болаларига қандай бўлмасин ғамхўрлик қилмаслик тушунилади. Болаларнинг ёшларига қараб ота ёки онанинг ҳар бир аниқ ҳолатдаги ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги бола учун уни ҳалокатга олиб келади.

Алимент тўлашдан бош тортганда бу факт суднинг ҳукми билан тасдиқланиши шарт эмас. Алимент тўлаш, ўз болаларини моддий таъминлашдан доимий равишда қочишга уринганлигига ишонч ҳосил қилишликнинг ўзи кифоядир.

Узрсиз сабабларга кўра боласини туғруқхонадан ва бошқа болаларни даволаш профилакторияси ва ўқув-тарбия муассасаларидан олишдан бош тортганлик туғруқхона ва болаларни даволаш профилакторияси ва ўқув-тарбия муассасаси комиссиялари томонидан тегишли тартибда расмийлаштирилган бўлиши лозим.

Ота-онанинг ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганликлари уларнинг болаларининг маънавий тарбияси, жисмоний ривожланиши, таълими, ижтимоий фойдали меҳнатга тайёргарлиги тўғрисида ғамхўрлик қилмаганлигида намоён бўлади.

Ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш деганда — бу ҳуқуқлардан болаларнинг манфаатларига зид равишда фойдаланишни, масалан, ўқишига, жамоат топшириқларини бажаришига тўсқинлик қилишни, тиланчиликка ундашни, уни спиртли ичимликлар ва наркотик моддалар истеъмол қилишга ўргатиш, жиноят қилишда, жиноий йўл билан даромад топишда вояга етмаганни жалб қилишни тушунмоқ керак.

Болалар билан шафқатсиз муомалада бўлиш жисмоний ва руҳий қийнашда, тарбиялашнинг йўл қўйиб бўлмайдиган усулларини қўллашда, болаларининг инсоний ғурурларини камситишда ва ҳоказоларда ифодаланиши мумкин.

Агар болаларга нисбатан ота-она эмас, балки оила аъзолари шафқатсиз муомалада бўлсалар, боланинг ота ва онаси бунга қаршилик қилмасалар, бундай ота-оналарнинг ота-оналик ҳуқуқлари Оила кодексининг 83-моддасига мувофиқ чекланиши мумкин.

Ота-онанинг сурункали ичкиликбозликка ёки гиёҳвандлик касалига учраганлиги тегишли тиббиёт хулосаси билан тасдиқланган бўлиши керак. Бундай асос билан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш жавобгарни муомалага лаёқати чекланган деб танилганлигидан қатъи назар, амалга оширилиши мумкин.

Боланинг ҳаёти ва соғлиғига қарши ота-она томонидан қасддан жиноят содир қилиш ўта оғир ва жамоат учун хавфли ҳисобланади. Бундай асосларга кўра ота (она)ни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишга фақат суднинг ҳукми бўлгандагина йўл қўйилади.

Болани ота (она)сининг ҳаёти ва соғлиғига қарши ота (она)си томонидан қасддан жиноят содир қилганлиги асосига кўра ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишлик ҳақидаги ишларни кўришда бола жиноят объекти унинг ота (она)си бўлган ҳолларда зарар кўришини ҳисобга олишлари лозим. Бундай асосларга кўра ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишликка ҳам айбдорга нисбатан суднинг ҳукми бўлиши лозим.

Алоҳида ҳолларда ота ёки онанинг айбли хулқ-атвори тасдиқланган тақдирда ҳам суд унинг хулқ-атвори хусусиятларини, шахсини ва бошқа муайян ҳолатларни эътиборга олиб, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги даъвони рад этишга ва васийлик ва ҳомийлик органларига унинг ота-оналик мажбуриятларини бажаришини назорат қилишни юклаб, жавобгарни болалар тарбиясига нисбатан ўзининг муносабатларини ўзгартириши зарурлиги тўғрисида огоҳлантиришга ҳақли. Суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги даъвони рад этиб, кўрсатиб ўтилган ҳолатлар мавжуд бўлганида, боланинг манфаатлари тақозо қилса, ота-онадан боласини олиш ва уни васийлик ва ҳомийлик органлари қарамоғига топшириш тўғрисидаги масалани ҳал қилишга ҳақли.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам бола манфаатлари қатъий ҳимояланиши зарур, чунки ёш авлоднинг баркамол шахс сифатида вояга етиши келажагимиз пойдеворидир.

Шавкат Зиядуллаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро суди раиси

Нурбек Рахимов,

Бухоро вилоят судининг бош консультанти

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button