Bo'limsiz

Маҳаллий давлат  ҳокимияти органлари фаолиятининг конституциявий – ҳуқуқий асослари.

Бугунги кунда ривожланган демократик давлатлар деб тан олинадиган, АҚШ, Испания, Германия, Италия, Франция, Япония ва бошқа мамлакатларнинг тарихий ва замонавий шаклланиш жараёнларини ўрганганимизда бошқарувнинг ҳамма соҳалари ўзини ўзи бошқариш тамойиллари асосида қурилганлигига гувоҳ бўламиз. Албатта, бу мамлакатларнинг моделини кўчириб Ўзбекистон Республикасига татбиқ этиб бўлмайди. Бунинг учун энг аввало халқимизнинг ҳуқуқий онги ва маънавий-маърифий дунёқараши уни қабул қилиш хусусиятларига эга бўлиши лозим. 
Бу масаланинг бир томонини очиб берса, иккинчидан, Ўзбекистон халқининг миллий қадриятлари ҳисобланган урф-одат меъёрлари бунга йўл қўймайди. Шунинг учун, ҳар қайси давлатнинг ривожланиши учун унда яшаётган аҳолининг хоҳиш-иродасига бўйсундирилган ҳолатда ўзига хос ва мос равишда шаклланиб боради. Бу эса табиат томонидан ҳар бир халққа инъом этилган маданий-маънавий тафаккур деб аталади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг XXI-боби маҳаллий давлат ҳокимиятлари асослари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига бағишланган.

Конституциянинг 120-127-моддаларидавилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг ваколатлари, тайинланиши, лавозимидан озод этилиши, жавобгарлиги белгиланган, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига ҳам баҳо берилган.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизими билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизими бир-биридан ажратилса ҳам, улар бир-биридан бошқа-бошқа, мутлақо ажралган ҳолда фаолият кўрсатмайди. Уларнинг боғлиқ томонлари мавжуд. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳам, ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилади, ўз фаолиятида аҳоли ташаббускорларига таянади, аҳолини ҳокимиятини амалга ошириш ишларига жалб қилади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида маҳаллий Кенгаш раиси бўлиши бекор қилинди. 

Вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг маҳаллий халқ депутатлари Кенгашларига бошчилик қилиши ҳақидаги қоиданинг чиқарилиши, уларнинг Кенгашлар олдида масъулиятини оширишга, ҳокимликлар фаолияти устидан Кенгаш ва депутатлар назоратини кучайтириш учун хизмат қилади.

Кўпгина ривожланган хорижий мамлакатларда маҳаллий Кенгашларга маҳаллий ижро этувчи орган раҳбарининг бошчилик қилиш амалиёти мавжуд эмас. Бунинг асосий сабаби маҳаллий даражада ҳам ҳокимиятлар бўлиниши ва ўзаро тийиб туриш принципи мавжуд бўлиши керак. Чунки айнан бир шахс қўлида умуммажбурий қарорлар қабул қилиш ҳам унинг ижросини таъминлаш ҳам унинг назоратини амалга ошириш ваколатининг тўпланиши бирёқламаликка ҳамда қонун устуворлигига эришишга тўлиқ имкон бермайди. Юқорида айтилган норма ҳокимларнинг маҳаллий Кенгашларга раҳбарлик қилиш ваколатларини чеклашга қаратилган.

Асосий қонунимизда ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида маҳаллий Кенгаш раиси бўлиш ваколатининг бекор қилинаётганлиги вакиллик ҳокимиятни амалга оширувчи маҳаллий Кенгашларнинг маҳаллий ижро органи раҳбари бўлган ҳокимлар фаолияти устидан таъсирчан Кенгаш ва депутатлик назоратини таъминлашга шароит яратади. Энг муҳими, ҳокимларни ўзлари қарор қабул қилиб, ўзлари бошчилик қиладиган кенгашларда ушбу қарорларни тасдиқлатиш, кейинчалик унинг ижросини назорат қилиш каби амалиётга чек қўйилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслигининг Конституциямизда белгиланиши маҳаллаларга ўз ҳудудини мустақил бошқариш, аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб давлат билан шериклик асосида муаммоларни ҳал этиб бориш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш, аҳоли фаровонлигини таъминлашга муҳим имкониятларни тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 

қошидаги Юристлар малакасини ошириш

маркази масъул ходими 

                                                                                     Илҳом Ишонкулов

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button