Sud

Мансабига нолойқ шахснинг зарари

Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асарида «Қозилик мақоми» деб номланган алоҳида бўлим бор. Унда шариат судлари – қозиларнинг бурч ва мажбуриятлари, уларга берилган ваколатлар, қўйилган талаблар, ҳукм чиқариш қоидалари каби ниҳоятда муҳим масалалар ўз ифодасини топган.

Унга кўра, қозилар ҳукмдор томонидан тайинланадиган юксак нуфузга эга шахслар бўлиб, уларга шариат илмини яхши билиш, эркин шахс бўлиш, мустақил қарорлар қабул қила билиш, адолат тарафдори бўлиш, ҳуқуқ ва муомала лаёқатига эга бўлиш ҳамда ақли расо, ҳар томонлама етук шахс бўлиш каби талаблар қўйилган.
Шу билан бирга қандай шахс қози бўла олмаслиги ҳам кўрсатиб ўтилган. Қози лавозимини эгаллаш мусулмон бўлмаган шахсларга, қуллар ва чўриларга, туҳматчиликда айбланган шахсларга, оғир жиноят содир этганларга ҳамда вояга етмаганларга ман этилган.

Демак, қозиликка ҳар қандай шахс ҳам тайинланавермаган. Қозилар ўз вазифаларини сидқидилдан, шариат қоидаларига асосланган ҳолда бажаришлари шарт бўлган. Ҳар бир қози ўз фаолиятида бошқа қозиларни адолат билан ишлашга ундаши, ўша даврнинг ҳуқуқий мезонларига риоя қилишни талаб этиши лозим саналган.

Қозиликка тайинланган шахслар ўз мажбуриятларини масжидда ёки омма олдида олиб борганлар. Чунки адолатли ҳукм чиқаришнинг асосий шарти сифатида ошкораликка амал қилиш қозининг бурчи ҳисобланган. Қозиларга таъмагирлик қилиш, қариндош-уруғлари ва яқинларидан совға-саломлар олиш қатъиян ман қилинган. Шунингдек, қозилик мансабига тайинлаш давлат ваколати хусусиятига эга бўлган. Қозиликка ноқобил кишиларнинг тайинланиши жамиятга катта зарар келтирган. Бу ҳолни Бурҳониддин Марғиноний пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларига таянган ҳолда асослаб беради. “Муҳаммад Расулуллоҳ айтганлар: “Кимда ким бирор мансабга шу мансабни бажаришга лойиқ, софдил, адолатли кишиларни тайинламай, бошқа бир кишини тайинласа, у Худога, пайғамбарга, мусулмонга нисбатан адолатсизлик қилган бўлади”.
Яна қозиликка ўз қобилиятига ишонадиган шахслар тайинланиши лозим бўлган. Аммо бу ишга ўзини ўзи номзод қилиб кўрсатиш мумкин эмасди. Ҳар бир мусулмон киши қозиликка тайинланиш истагига эга бўлиши мумкин бўлган.

Агар қози била туриб адолатсиз ҳукм чиқарса, мансабидан бўшатилган. Бундай шахсларнинг авлодларидан ҳеч бирига қози бўлишга рухсат берилмаган. Агар жавобгар ҳукм чиқариш пайтида дастлаб даъвогар талабига қарши турса-ю, сўнгра кўринмай кетса, қози қарор чиқариш муддатини кечиктириши мумкин бўлган. Чунки қоидага кўра, қози қарор чиқараётган пайтда даъвогар билан жавобгар ўртасида ҳақиқий баҳс бўлиши керак эди.
Шу орқали ҳақиқатни юзага чиқариш мумкин бўлган.

(«Судья маънавияти, одоби ва масъулияти» китобидан)

Каналга уланиш: @sudyalaroliykengashi

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button