BuxoroSud

УМУМИЙ МОЛ-МУЛК, УНИ ТАҚСИМЛАШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Оилада эр-хотиннинг бир-бирини тушунмаслиги, ўзаро муросаи мадора йўлини танламасликлари, оилани барбод бўлишига, вояга етмаган болаларнинг келажагини масъулиятсизларча тақдир измига ташлаб қўйилишга олиб келади. Биргина эр-хотиннинг бир-бирини ўзаро ҳурмат қилмасдан, бир-бирини тушунмасдан никоҳдан ажрашишга қадар етиб боришлари, судларда бошқа оилавий низоларнинг жумладан, вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш, эр-хотиннинг бир-бирини таъминоти учун алимент ундириш, уйга киритиш, уйдан чиқариш, умумий мол-мулкни бўлиш ва ҳоказо низоларнинг кўриб чиқилишини тақозо этади.
Фуқаролик ишлари бўйича судларда эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш ҳақидаги ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23, 24-моддаларига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилганидан қатъи назар эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.
Оила кодексининг 27-моддасининг 9-бандига кўра, никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати қўлланилади.
Ушбу Кодекснинг 28-моддасига биноан эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил
20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 06-сонли қарорининг
28-бандига кўра, Оила кодекси 27-моддасининг тўққизинчи қисмида никоҳдан ажратилган эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулкини бўлиш учун белгиланган уч йиллик даъво муддатининг ўтишини никоҳ тугатилган вақтдан (яъни, ФҲДЁ органларида никоҳдан ажратиш қайд этилган ёки суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан) эмас, балки шахс ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб ҳисоблаш лозим.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, айнан эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш ҳақидаги ишларни кўришда, уларнинг мол-мулкдаги улушларининг тенг эканлиги, мол-мулк тақсимланганда ўртадаги фарқ компенсация тарзида ундирилиши, бу тоифадаги ишларга даъво муддатини қўллашда эр(хотин)нинг ўзининг мулкий ҳуқуқларини бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан қўлланилиши юзасидан аҳолининг ҳуқуқий тушунчага эга бўлишлари, уларнинг судларга ушбу тоифадаги ишлар юзасидан асосли важлар билан мурожаат қилишларини кафолатлаб қолмасдан, судлар томонидан бундай ишларни кўришда ортиқча вақт ва сансалорликларнинг ҳам олдини олган бўлар эди.

Фуқаролик ишлари бўйича
Когон туманлараро суди судьяси У.М.Қаландаров

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button