Bo'limsiz

Журналистларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш зарур

Беш йил олдин Ўзбекистон дунёга очила бошлади. Трансформацион жараёнлар барча соҳаларга, жумладан, сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари фаолиятига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди.

Давлатимиз раҳбари журналистлар Президент ҳимоясида бўлишини кўп бора такрорлаб, сўз эркинлиги, давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлиги давлат сиёсатининг устувор йўналишларb эканлигини таъкидлаб келмоқда. Натижада, қисқа давр ичида сўз эркинлиги ва очиқлик — жамиятнинг муҳим қадриятларидан бирига айланди.

Айни пайтда, янги воқеликка мослашишга тайёр бўлмаган айрим давлат хизматчилари журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиб, ОАВга босим ўтказиш каби «эскича» ёндашувларни қўллаш ҳаракатлари ҳам учрамоқда.

Шу сабабли, бизнинг фикримизча, оммавий ахборот воситалари фаолияти кафолатларини кучайтириш мақсадида қуйидаги кейинги босқич чораларини кўриш зарур, деб ҳисоблаймиз:

Биринчидан, «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексга давлат хизматчилари томонидан журналистларнинг ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарликни белгиловчи алоҳида моддани киритиш, қайта содир этилган тақдирда, жиноий жавобгарликни белгилаш керак;

Иккинчидан, журналистларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини яратиш лозим. Масалан, Замонавий журналистикани ривожлантириш марказида ОАВ учун юридик клиника фаолият кўрсатади. Бундай институтларни ривожлантириш, медиа соҳаси учун ҳуқуқшунослар, адвокатларни тайёрлашни кенг йўлга қўйиш керак;

Учинчидан, фаол ислоҳотлар даврида оммавий ахборот воситалари омбудсмани институтини жорий этиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Балки, ислоҳотларнинг кейинги босқичларида, ўзини ўзи бошқариш ёндашувлари жорий қилинганидан кейин алоҳида омбудсманга эҳтиёж қолмас, лекин бугунги кунда ушбу институт фаолиятга аралашув ҳолатлари билан фаол шуғулланиши мумкин бўларди.

Бундан ташқари, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати кейинги йилдан бошлаб оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатларини доимий қайд қилиб борувчи «Онлайн монитор»ни ишга тушириш, ҳар йил якунлари бўйича давлат органлари рейтингини эълон қилиб боришни режалаштирмоқда.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси
Бобур Бекмуродов

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button