Bo'limsiz

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ИШЛАР МУҲОКАМАСИ ОШКОРА ЎТКАЗИЛАДИ

Маълумки, Ўзбекистонда 2017 йил 1 июндан бошлаб аввалги хўжалик судлари фаолияти тугатилиб, уларнинг ўрнига туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди.

Иқтисодий судлар томонидан суд ишларини юритишда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 25 январда қабул қилинган Иқтисодий процессуал кодекси нормалари қўлланиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига кўра, иқтисодий суд ишларини юритиш принциплари – судловнинг фақат суд томонидан амалга оширилиши, қонун ва суд олдида тенглик, судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги, суд ишлари юритиладиган тил, суд муҳокамасининг ошкоралиги, суд муҳокамасининг бевоситалиги, ишларни қонунчилик асосида ҳал қилиш, чет давлат ҳуқуқий нормаларини қўллаш, суд ҳужжатларининг мажбурийлигидан иборат.

Ушбу принциплар қисман Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам ўз ифодасини топган.

Иқтисодий ишлар бўйича одил судлов ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича фақат суд томонидан амалга оширилади. Одил судлов бошқа органлар, шунингдек жамоат бирлашмалари томонидан амалга оширилмайди.

Судда низоларни ҳал қилиш юридик шахсларнинг мулкчилик шаклидан, қаерда жойлашганлигидан, кимга бўйсунишидан қатъи назар, фуқароларнинг эса жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.

Одил судловни амалга оширишда судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар мустақиллигининг кафолатлари қонун билан белгиланади.

Иқтисодий суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади. Суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган суд процесси иштирокчиларининг таржимон орқали иш материаллари билан танишиш, суд ҳаракатларида иштирок этиш ҳамда судда ўз она тилида ёки эркин танланган мулоқот тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади. Суд муҳокамаси жараёнида қабул қилинадиган суд ҳужжатлари суд мажлиси қайси тилда ўтказилган бўлса, ўша тилда тузилади.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, иқтисодий судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади. Давлат сирини, тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш зарур бўлган тақдирда ишни ёпиқ суд мажлисида эшитишга йўл қўйилади. Ишни ёпиқ суд мажлисида видеоконференцалоқа режимида эшитишга йўл қўйилмайди, бундай мажлиснинг аудио- ва видеоёзувлари амалга оширилмайди. Эшитиш ёпиқ суд мажлисида ўтказилган тақдирда ишни электрон шаклда шакллантиришга йўл қўйилмайди. Ишни ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади. Суднинг ҳал қилув қарори барча ҳолларда ошкора ўқиб эшиттирилади. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари суднинг расмий веб-сайтида тарафларнинг розилиги билан ёки шахси кўрсатилмаган тарзда эълон қилинади, бундан суднинг ёпиқ мажлисида қабул қилинган суд ҳужжатлари мустасно.

Суд ишни муҳокама қилишда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шарт. Суд, қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан фойдаланиши мумкин эмас.

Эслатиб ўтиш жоизки, Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа органлар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим. Суд ҳужжатларини бажармаслик ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Фаррух Муродов,

Бухоро туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Нурбек Рахимов,

Бухоро вилоят судининг бош консультанти

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button