“Менга умр бахш эт”: Бухорода онкологик касалликка чалинган болалар учун хайрия акцияси ўтказилди
Онкологик касалликлар жамиятдаги энг оғир муаммолардан бири ҳисобланади. Айниқса, бундай оғир дардга чалинган болаларнинг аҳволидан хабар олиш, уларга маънавий ва моддий ёрдам кўрсатиш ҳар бир инсоннинг инсоний бурчидир.
Шу мақсадда Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг Бухоро вилояти бўлинмаси ташаббуси билан “Қизил ярим ой” жамияти вилоят бўлинмаси ҳамкорлигида “Менга умр бахш эт” хайрия акцияси ташкил этилди. Тадбир вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасининг онкология ва неврология бўлимида даволанаётган болажонлар учун ўтказилди.
Акцияда Халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгаши депутатлари, Жамоат фонди вилоят бўлинмаси ходимлари, миллий маданий марказлар раҳбарлари ва аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ҳозирда шифохонанинг онкология ва неврология бўлимида 27 нафар бола даволанмоқда. Улар учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлса-да, энг катта эҳтиёж – бу меҳр ва руҳий қўллаб-қувватлашдир.
Абира Ҳусейнова, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати:
– Онкологик касалликка чалинган болалар ҳолидан хабар олиш – бу фақат моддий ёрдам эмас, балки уларга самимий эътибор кўрсатиш, меҳр улашиш, ҳаётга ишонч бағишлашдир. Чунки уларнинг табассуми – келажагимиздир.
Наталья Чопанашвили, вилоят рус миллий маданий маркази раҳбари:
– Бундай тадбирлар болаларнинг кўнглини кўтаришга, уларга умид ва қувонч бағишлашга хизмат қилади. Ахир улар ҳам бизнинг фарзандларимиз. Болалар – жамиятнинг энг нозик қатлами, уларнинг бахти – барчамизнинг умумий масъулиятимиздир.
Хазина Колбаева, вилоят қозоқ миллий маданий маркази раҳбари:
– Болалар ҳолидан хабар олиш – бу меҳр-муҳаббат ва юксак инсонийликни намоён этишдир. Жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш йўлида бундай тадбирлар албатта давом этиши зарур.
Тадбир доирасида болалар билан самимий мулоқот қилинди, турли ўйинлар, ижодий машғулотлар ва китобхонлик соатлари ташкил этилди. Уларга руҳий далда бериш мақсадида вилоят қўғирчоқ театри актёрлари махсус дастур намойиш этиб, болажонларга қувонч ва табассум улашди.
“Менга умр бахш эт” хайрия акцияси иштирокчиларга ёрдам кўрсатишдан ташқари, болажонларнинг ҳаётига нур ва умид бағишлади.