КЎЧАДА ҚОЛГАН ОНАХОН.КЕЛИННИНГ НАЙРАНГЛАРИ.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевга.
Бош прокурор Ниғматулло Йўлдошевга .
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга
Бухоро вилояти ,Когон тумани ,Истиқлол МФЙ,Қатонғи қишлоғида яшовчи Хадича Насуллаева томонидан мурожаат
Когон тумани ИИБ тергов бўлимининг терговчиси Алимардон Жўраевнинг терговидан норозимиз.
Мен яхши умидлар билан беш фарзандни вояга етказиб, нафақа ёшига етгач кичик келиним Шаҳринисо Насуллаеванинг хархашаларига учраб, катта ўғлим Умед Насуллаев, унинг аёли – келиним Мунаввар Насуллаева ҳамда уларнинг икки вояга етмаган фарзандлари билан кўчада қоламан деб сира ўйламаган эдим.
Ҳаммаси 2018 йил 5 апрелда кичик ўғлим Улуғбек Насуллаевни уйлантиргандан кейин бошланди, десам сира муболаға бўлмайди. Туман кадастр идорасида фаолият кўрсатиб келган келинимиз Шаҳринисо тўйдан сўнг асал ойини ўтказиш илинжида қисқа фурсатда эри билан хорижга кетиб қолди. Маълум муддатдан сўнг қайтиб келдида, ўзининг хуфиёна режасини амалга оширишга киришганини орадан уч йил ўтгач билиб олдик, десам ишонинглар. Шаҳринисо кадастр идорасидаги танишларини ишга солиб Юртбошимиз томонидан эълон қилинган умумдавлат акцияси доирасида ўғлим Умед Насуллаевга қонуний асосларга таяниб берилган ва шахсий маблағлари эвазига қурилган уй-жойга эга бўлиш пайига тушибди. Бунда Шаҳринисо ўзганинг мулкига кўз олайтириш билан боғлиқ товламачилик кўчасига киргани бугун баралла ошкор бўлсада, буни менинг Бухоро вилояти Прокуратурасига қилган мурожаатим асоси (Прокуратурага берилган 04.04.2022 йилги хатга ишора хат илова этилади)да суриштирув ишларини олиб бораётган Когон тумани ИИБ тергов маҳкамасининг терговчиси Алимардон Жўраев ҳозиргача негадир тан олгиси келмаётир. У масалага зудлик билан аниқлик киритиш ўрнига ишни негадир боши берк кўча сари ундашни афзал кўрмоқда.
Когон тумани Прокуратураси ва биз томонимиздан масалага аниқлик киритиш юзасидан берилган эътирозларни ҳам зиғирча инобатга олмаётганлигини қандай тушунса бўлади? Терговчи ҳукмига 01.08.2022 йилда биз томонимиздан берилган қўшимча хатдан сўнг ҳам вазият ўзгармаяпти. Терговчи ишга аниқлик киритишнинг уддасидан ҳамон чиқмаяпти. У бизларни эртага келсангиз барча жумбоқларни Шаҳринисонинг иштирокида ечамиз деб ваъда берган бўлсада, кейинги куни боришимизни билдириб қўнғироқ қилсак «келиб ўтирманглар» дегани нимани англатади?
Афтидан Когон тумани ИИБ вакиллари келинимиз билан зимдан келишган кўринади. Буни биз охирги борган кунимизда уқиб олдик. Ушанда Шаҳринисо бизлардан ярим соат олдин ичкарига кириб кетганидан сўнг Алимардон анчадан кейин бизларни чақиргани ҳам кўнглимизда шубҳа уйғотди. Шаҳринисо терговчи томонидан берилган саволлар ва бизнинг эътирозимизга ҳам назар-писанд қилмагандек кулиб туриб жавоб қайтарсада, терговчи унга дакки беришга ботина олмади. Афтидан қандайдир тили қисиқлик бўлмаса бу ҳол кузатилмасди. Ҳолбуки риёкор келиним Шаҳринисонинг ҳаракатларида кўплаб қонунбузилишлар кузатилганлиги Алимардонга кундек аён, унинг ҳаракатларидаги товламачилик кўринишидаги жиноят изларини бирма-бир тилга олиб ўтмасак бўлмас. Чунончи:
- Ўзганинг мулкига хуфиёна эга бўлиб чиққан Шаҳринисога ҳали ўғлимнинг номидаги уйга учётга кирмай туриб аввалига турмуш ўртоғим Ражаб Насуллаев (раҳматли, у киши 2019 йил 7 илюда вафот этганлар. 2-гурух ногирони, 1994 йилдан буён оғир дард исканжасида азоб чекдилар. Мен ва турмуш ўртоғимни кичик ўғлим Улуғбек билан бирга қайнотам Барот Насуллаевни ҳовлисидан катта ўғлим Умедни участкасига кўчишимизга ҳам бобонинг ётиқли бўлиб қолганликлари сабабчи бўлди. Ўғлим Умеджон келиним Мунаввар билан ишлаб топган пулининг бир қисмини бобонинг дори-дармонига сарфлашарди)ни номига орадан бир кун ўтказиб менинг номимдан шаҳардаги 4-сонли давлат нотариуси Алишер Яров кўмагида қонунга зид равишда, яъни бизларга, меросхурларга билдирмай туриб васиятнома тахлагани нимани англатади?! Ҳолбуки васиятнома қилинган санада бизлар яшаб турган уй-жой ўғлим Умед Насуллаевнинг номига 2004 йилда ҳужжатлаштириб берилган эдику.
- Қаерда шахснинг номига кучмас мулк расмийлаштирмай туриб нотариал ҳаракат амалга оширилган? Бу ерда коррупцион ҳаракатга йўл очилганлиги кўрга ҳассадек гап.
- Шаҳринисога 2018 йил декабрь ойида, яъни васиятномалардан 2 ойдан сўнг Умед Насуллаев номидаги уй-жойни турмуш ўртоғим Р.Насуллаевнинг номига Умумдавлат акцияси доирасида қайта расмийлаштиришга ҳожат бормиди?! Бу қайси бир рисолага тўғри келади?! Қарор кучга эга бўла туриб янги бир қарорга ҳожат бормиди?
- Мақсад бобонинг номига мулкни ўтказиб, у кишидан ҳадя олиш эканлиги кейинчалик билинди. 2018 йил 19 декбрдаги 1852-сонли Когон тумани ҳокимининг Р.Насуллаев номига қайта расмийлаштирилган қарори нега мендан ҳамда ўғлим ва келинимдан сир сақланганини моҳиятан анча кеч англаб етдим. Йўқса ўша пайтнинг ўзида келиним Шаҳринисонинг кирдикорларини ошкор этган бўлар эдим. У мақсадга эришиш учун барча комиссия аъзоларини ҳатто комиссия раиси ва ўша вақтдаги МФЙ раиси Неъмат Бозоровни ҳам алдаган. Бобонинг номидаги кадастр ҳужжатига Шаҳринисо имзо чекишига ким ваколат берган? Нега комиссия аъзоларининг ҳеч бири кўчмас мулк жойлашган маконга келмасдан туриб Шаҳринисонинг алдовига учганча кабинетдан туриб хулоса бергани аламли. Терговчи эса воқеага ойдинлик киритишга қодир бу шахсларни чақиришга эринчоқлик қилаётгани нимани англатади?
- Шаҳринисо ҳужжатни қўлга киритгач, аввалига Умед Насуллаевнинг номида бўлган бу жойни (қарорда 800 кв.метр) қайта шакллантирган ҳужжатда 9,49 сотих эканлигига эътибор беришингизни сўраймиз. У мулкнинг ярми теккудек бўлса кўпроқ тегсин деган мақсадда ажратилган майдонни жўртага 1,49 сотихга кўпайтириб кўрсатишга эришган. Шунинг оқибатида судга осилиб ер участкасининг 6 сотиғини ишғол қилишга эришган. ФИБ Когон туманлараро судининг судьяси Ш.Зиёдуллаев Шаҳринисога қайишиб, бизларга билдирмай- сездирмай мерос улушини хуфиёна белгилаб шундай тўхтамга келганини уйимизга ижрочилар 2020 йил сентябрь ойида келганидан сўнг билиб олдик. Суд қарорлари илова этилади.
Шунча қинғирликларга йўл қўйиб берган Шаҳринисони ким деб аташ мумкин?! Яхшиси бу саволнинг жавобини ўзини ҳар ёнга уриб, 5 ойдан буён жўяли жавоб қайтаришнинг уддасидан чиқа олмаётган Когон тумани ИИБ терговчиси Алимардон Жўраевдан сўраган маъқул. Афтидан терговчига кимдир юқоридан босим ўтказаётгандек. Йўқса бу ходим биз ва прокуратурага бир энлик расмий жавоб қайтаришни аллақачон уддасидан чиқган бўларди. Шу тариқа адолатга йўл очиларди. Афсуски терговчи ишни резинкадек орқага чўзгани чўзган. Ишни чўзиш ҳам эви биланда!
Ҳадича Насуллаева,
Бухоро вилояти, Когон тумани, “Истиқбол” МФЙ, Катонги қишлоғи.