Buxoro

ЎЗБЕК ТИЛИ — МУСТАҚИЛ ДАВЛАТЧИЛИК ТИМСОЛИ ВА БЕБАҲО МАЪНАВИЙ БОЙЛГИМИЗ

Тил – миллатнинг маънавий бойлиги, унинг кўзгуси ва сарчашмасидир. Тил бор экан, миллат барҳаёт бўлиб, халқнинг тарихи аждодлардан авлодларга ўтиб бораверади. Ҳар бир миллат, ҳар бир халқ ўзининг муқаддас ҳисобланган тилиги эга. Тил халқнинг, миллатнинг тарихи ва маданиятини ўзида мужассам этади. Ўзбек тилимиз неча асрлар мобайнида ўзининг тарихий йўлини босиб ўтиб, гоҳ юксак ривож топди, гоҳ нописандлик ва камситишлардан эзилди, бироқ қатьияти ва умиди сўнмаган халқимиз, маърифатпарвар ва зиёлиларимизнинг ҳаркати билан шу ёруғ кунларга етиб келди.1989 йил 21 октябрь санаси…. Айнан шу кунда ўзбек тилининг ҳақиқий жозибасини англашни бошлашга имконият берилди. Ўзбек тили учун дунёга туйнук очилди. Статистикага қисқача тўхталадиган бўлсак, бугунги кунда дунёда 5621 та тил ва шева мавжуд бўлиб, уларнинг 500 тасигина ўрганилган ва 200 дан ортиғи давлат тили сифатида тан олинган. Ҳар учта тилдан биттасининг ёзуви бўлмай, фақат оғзаки нутқ шаклига эга. Жаҳондаги 1400 та тилнинг буткул йўқолиб кетиш хавфи бор. Дунё тилларидан фақат 40 тасигина оғзаки ва ёзма жиҳатдан мукаммал шаклланиб бўлган, ўшалар орасида ўзбек тили ҳам бор. Ушбу маълумот ҳам ўзбек тилининг жаҳонда нечоғлик нуфузга эга эканлигидан дарак беради.Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши билан ушбу тил давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятни улуғ мақсад сари етаклайдиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди. Орадан икки йил ўтиб, Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги ҳам жаҳон афкору оммасига ўзбек тилида эълон қилинди.Қолаверса, истиқлол мафкураси ғоялари сингдирилган миллий манфаатларимиз инъикоси-Бош Қомусимизнинг ўзбек тилида қабул қилиниши унинг давлат тили сифатидаги нуфузини янада юксалтирди. Ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлгимиз ҳамда давлатнинг суверенлигини белгиловчи маёқ вазифасини ўтай бошлади.Ўзбекистон мустақиллиги шак-шубҳасиз она тилимиз ривожи учун улкан йўл очиб берди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади. Бу конституциявий қоида билан давлат тилининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамлаб қўйилди.Ўзбек тили мустақил Ўзбекистонда тинч, осуда ва тотувликда яшаётаган барча халқ ва миллатларнинг ҳам она тили бўлишига улгурди. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилганлиги бошқа миллат ва халқ вакилларининг ўз она тилида мулоқот олиб боришига тўсқинлик қилмаслигини таъкидламоқ лозим. Зеро, Бош қомусимизнинг 18-моддасида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Ушбу норма талаблари суд ишларини кўришга ҳам тааллуқлидир. Конституциямизнинг 115-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади. Суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган судда қатнашувчи шахсларнинг таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.Янги қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг 13-моддасида ҳам худди шу норма белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 11-моддасида белгиланидек, Ўзбекистон Республикасида фуқаролик суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади.Суд ишлари юритиладиган тилни билмайдиган шахсларга ишга тааллуқли материаллар билан ўз она тилида тўлиқ танишиб чиқиш, судда она тилида ёки ўзи биладиган бошқа тилда сўзлаш, кўрсатув ва тушунтиришлар бериш, арз билан мурожаат этиш, илтимосномалар тақдим этиш, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган тартибда таржимоннинг хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланади.Ишда иштирок этувчи ва суд ишлари юритиладиган тилни билмайдиган шахс ишдаги суд ҳужжатлари берилишини сўраб ёзма ариза билан мурожаат этган тақдирда, унга суд ҳужжатлари унинг она тилига ёки у биладиган бошқа тилга таржима қилиб топширилади.Айни пайтда шуни ҳам ҳеч муболағасиз айтиш жоизки, бугун ўзбек тилининг тараққиёти, унинг нуфузини ошириш, тилга теран муҳаббат ва эҳтиром борасида ҳам янги босқич бошланди. Бугунги кунда, Ўзбекистонимиз “Миллий тикланишдан— миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида ўз тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига кўтарилишида, мамлакатимизнинг миллий юксалишдай улуғ ва эзгу мақсадларга эришувида она тилимиз – давлат тили беназир таянч ҳисобланади.Президентимиз Ш.Мирзиёев ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг ўттиз йилигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таъкидлаганидек, “Мухатасар айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақиллика бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”. Давлатимиз раҳбари 2019 йил 21 октябрь куни изоланган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида таъкидланганидек, бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир. Фармонда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ҳаётимизнинг барча жабҳаларида тўла-тўкис жорий қилиниши учун тегишли чора-тадбирлар аниқ белгилаб берилган.Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси олдига “Ўзбек тили байрами куни”ни белгилаш бўйича Қонун лойиҳасини ва “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан такомиллаштирган ҳолда унинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқиш ва бир қатор бошқа вазифалар қўйилган бўлиб, ушбу вазифалар бугунги кунда ҳаётга тадбиқ этилган. Шу билан бирга, Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилаш мақсадида 2020 йил 20 октябрда қабул қилинган “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.Фармон билан мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш, таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш, давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш, давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш, давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, бу борада хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, мамлакатимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатлар тилларини ривожлантириш мақсадида кенг ва тенг имкониятлар ҳамда уларга давлат тилини ўрганиш учун қулай шарт-шароитлар яратишни назарда тутувчи 2020—2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш Концепцияси, 2020—2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2020—2022 йилларда амалга ошириш Дастури, 2020—2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг Асосий Йўналишлари белгилаб берилган.Хулоса ўрнидан айтадиган бўлсак, дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашни мақсад қилиб қўйган ҳар қайси давлат аввало ўз ҳалқининг миллий тили ва маданиятини асраб-авайлашга, ривожлантиришга интилмоғи лозим.Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти – бу унинг миллий тили ва адабиётидир.

Лукмон Кадиров, Бухоро вилоят судининг раиси

Ойбек Шомуродов, фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди судьяси

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.

Back to top button