БУХОРОДА «ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ ҲАФТАЛИГИ» БОШЛАНДИ

Давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот, жамоатчилик назорати ҳамда фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳафталикка старт берилди.
Бугунги кунда жамият тараққиёти, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги нафақат давлат органлари фаолияти, балки фуқароларнинг фаоллиги, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташаббускорлиги ва жамоатчилик назоратининг таъсирчанлиги билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Ана шу мақсадларга қаратилган «Фуқаролик жамияти ҳафталиги»нинг Бухоро вилоятидаги ҳудудий босқичига старт берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги ПФ-124-сонли «Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижроси доирасида 10–27 ноябрь кунлари ўтказиладиган ҳафталикнинг илк тадбири матбуот анжумани шаклида ташкил этилди.
Унда республика ва вилоят оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этиб, ҳафталикнинг мақсад ва вазифалари, режалаштирилган тадбирлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар билан танишдилар.
Таъкидланганидек, ҳафталик вилоят ҳокимлиги, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг вилоят бўлинмаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят адлия бошқармаси ва қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўтказилмоқда.
Ҳафталик дастуридан фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини ошириш, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, очиқ мулоқот муҳитини кенгайтириш ҳамда жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ижтимоий, маърифий ва амалий тадбирлар ўрин олган.
Жумладан, «Ҳамкорликнинг янги имкониятлари» мавзусида фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ вакиллари иштирокида мулоқот, «Коррупция — жамият кушандаси» мавзусида очиқ учрашувлар ўтказилади. Уларда қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашишда жамоатчиликнинг ўрни ҳамда фуқаролик назоратининг таъсирчанлигини ошириш масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, «Миллатлараро мулоқот форуми», «Ўзбекистон — умумий уйимиз» шиори остида маданий-маърифий тадбирлар, энг яхши деб топилган ижтимоий лойиҳалар тақдимоти ташкил этилади. Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ва хайрия ярмаркаси ҳам ҳафталик дастуридан жой олган.
Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва медиа соҳаси вакиллари учун замонавий медиа кўникмаларини шакллантиришга қаратилган амалий тренинглар ва маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилган. Ҳафталик якунида йил давомида фаоллик кўрсатган фуқаролик жамияти институтлари тақдирланиб, амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинади.
Матбуот анжумани доирасида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг вилоят бўлинмаси томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳам тақдимот ўтказилди. Унда ҳудуддаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш ва жамоатчилик ташаббусларини рағбатлантириш борасидаги фаолият ҳақида маълумот берилди.
Тадбир якунида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олдилар.
Энг муҳими, фуқаролик жамиятининг кучли бўлиши — жамиятда очиқлик, шаффофлик ва ижтимоий масъулиятнинг юксалиши демакдир. Зеро, фуқароларнинг ташаббуси эшитиладиган, жамоатчилик фикри инобатга олинадиган ва давлат органлари билан очиқ мулоқот йўлга қўйилган муҳитдагина ислоҳотлар халқ манфаатларига янада самарали хизмат қилади.
«Фуқаролик жамияти ҳафталиги» ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилиши, давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятлидир.
«Тезкор янгиликлар uz»



