Bo'limsiz

“Олтин кон” МЧЖнинг ноқонуний фаолиятига МВД (ИИВ) рухсат берганми?

Навоий вилояти Конимех туманида юз бераётган ҳолат нафақат битта тадбиркорлик субъектининг муаммоси, балки Ўзбекистонда қонун устуворлиги, мулк дахлсизлиги ва давлат органлари номи билан амалга оширилаётган ҳаракатлар қанчалик қонуний эканига оид жиддий саволларни кун тартибига чиқармоқда.

“Бибарс” МЧЖ ишончли вакили, ОАВ  “Тезкор янгиликлар уз” электрон нашри тахририяти раҳбари Ибодова Дилфуза Раджабовна томонидан Навоий вилояти прокурори, адлия катта маслаҳатчиси полковник А. Муллажонов номига йўлланган шикоят аризасида келтирилган ҳолатлар ҳуқуқий жиҳатдан ҳам, жамоатчилик нуқтаи назаридан ҳам жиддий эътибор талаб қилади.

Маълум қилинишича, 2026 йил 18 февраль куни Навоий вилояти ҳудудий яйлов хўжаликлари бошқармаси бошлиғи У.Я. Халилов ҳамда “Бибарс” МЧЖ раҳбари Сирож Исматов ўртасида Конимех тумани Қарақота ОФЙ “Таушан” ҳудудида жойлашган 1000 гектар яйлов ер майдонини 10 йил муддатга ижарага бериш бўйича қонуний шартнома тузилган.

Шунингдек, 2026 йил 30 март куни мазкур ер майдонига бўлган ҳуқуқ Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатаси томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Яъни:

— шартнома мавжуд,

— давлат кадастри мавжуд,

— қонуний ижара ҳуқуқи расман рўйхатдан ўтган.

Бироқ амалда вазият мутлақо бошқача тус олган.

Аризада таъкидланишича, 2026 йил апрель ойи охирларида мазкур ҳудудга борилганида ўзини “Олтин кон” МЧЖ ходимлари ва Навоий вилояти Қўриқлаш бошқармаси ИИБ ходимлари сифатида таништирган формадаги шахслар томонидан улар тўхтатилган.

“Бибарс” МЧЖ вакиллари ер майдонига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи барча ҳужжатларни тақдим этганига қарамасдан, мазкур шахслар ер “Олтин кон” МЧЖга тегишли эканини билдирган. Бироқ буни тасдиқловчи бирорта ҳуқуқий ҳужжатни кўрсата олмаган.

Энг ташвишли ҳолат эса 2026 йил 20 май куни аниқланган.

Маълум бўлишича, “Олтин кон” МЧЖга тегишли техникалар томонидан яйлов ерлари қазиб ташланган ва ер майдонлари яроқсиз ҳолатга келтирилган.

Ҳолат юзасидан ўзини “участка начальниги Станислав” деб таништирган шахс билан бўлган суҳбатда у:

“МВД (ИИВ) рухсат бергани учун қазганмиз”, — дея жавоб қайтарган.

Айнан мана шу жумла бугун жамоатчиликни жиддий ўйлантириши керак.

Чунки:

— ерни қазишга оид ҳуқуқий ҳужжат кўрсатилмаган,

— ким рухсат бергани очиқланмаган,

— ташкилот раҳбари номи “сир” деб айтилган,

— аммо амалда ер қазилган ва зарар етказилган.

Бу эса қонун устуворлигига нисбатан очиқ саволларни келтириб чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 65-моддасига кўра мулк дахлсиз ва қонун билан муҳофаза қилинади. Ер кодекси ҳамда “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг эркинлигини кафолатлаш тўғрисида”ги Қонун талабларига асосан тадбиркорлик субъектларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш тақиқланади.

Шу билан бирга, аризада Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг:

— 192-1-моддаси — тадбиркорлик субъектлари фаолиятига қонуний тўсқинлик қилиш,

— 197-моддаси — ердан фойдаланиш шартларини бузиш,

— 205-моддаси — ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш

аломатлари бўлиши мумкинлиги ҳам қайд этилган.

Энг оғир савол эса бошқача янграмоқда:

Наҳотки, Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтган ерни қазиб ташлаш учун қонун эмас, кимнингдир оғзаки “рухсати” етарли бўлса?

Агар ҳақиқатдан ҳам ички ишлар органлари номи билан ер қазиш ишларига рухсат берилган бўлса, бу ҳолатга расмий ва ҳуқуқий баҳо берилиши шарт.

Акс ҳолда бу нафақат битта тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилиши, балки давлат органлари номи орқали қонунни четлаб ўтиш мумкин деган хавфли тасаввурни шакллантириши мумкин.

Ибодова Дилфуза Раджабовна ўз мурожаатида:

— “Олтин кон” МЧЖ фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш,

— яйлов ерларининг қазиб ташланиши юзасидан прокурор текшируви тайинлаш,

— “МВД рухсат берган” деган важнинг ҳаққонийлигини текшириш,

— айбдорларга қонуний чора кўриш,

— етказилган моддий зарарни аниқлаш ва қоплаш чораларини кўришни сўраган.

Бу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонуний, ошкора ва адолатли муносабат билдирилиши нафақат “Бибарс” МЧЖ, балки жамиятнинг давлатга бўлган ишончи учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Чунки савол ҳануз очиқ қолмоқда:

Ўзбекистонда қонун устунми ёки кимнингдир оғзаки “рухсати”ми?

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button