Bo'limsiz

СУД ҚАРОРИ ҚОҒОЗДА ҚОЛИБ КЕТДИМИ? ТЎРТ ЙИЛДАН БЕРИ НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛМА НЕГА БУЗИЛМАЯПТИ?

Таҳририятимизга фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судининг 2022 йилда қабул қилинган ҳал қилув қарори ва ушбу қарор асосида берилган ижро варақаси юзасидан мурожаат келиб тушди.

Тақдим этилган ҳужжатларга кўра, суд қарори билан Ғиждувон тумани «Армечан» МФЙдаги экин ер майдонида жавобгар Ҳ Ж И .томонидан эгаллаб олинган 12 000 квадрат метр ер майдонидаги атрофи девор билан ўралган ва 900 квадрат метр қисмида қурилган молхона ҳамда бошқа ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш, ер майдонини дастлабки ҳолатига келтириш ва қайтариш белгиланган.

Қарор 2022 йил 18 майда қабул қилинган. Ҳужжатда эса ҳал қилув қарори 2022 йил 18 июнда қонуний кучга киргани ва шу санада ижро варақаси берилгани кўрсатилган.

Бугун эса 2026 йил.

Демак, орадан қарийб тўрт йил вақт ўтган.

ҚАРОР БОР. ИЖРО ВАРАҚАСИ БОР. УНДА НЕГА НАТИЖА ЙЎҚ?

Энг қизиқ савол ҳам шу ерда пайдо бўлади.

Суд қарор қабул қилди. Ижро варақаси берилди. Суд ҳужжати қонуний кучга кирди.

Аммо мурожаатда келтирилишича, суд қарорининг асосий талаби — ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ва ер майдонини аввалги ҳолатига қайтариш — ҳанузгача бажарилмаган.

Қонунчиликка кўра, суд ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Мажбурий ижро бюроси зиммасига юклатилган. Бюронинг асосий вазифаларидан бири суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз, ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлашдан иборат. 

Нега 2022 йилда берилган ижро варақаси 2026 йилга келиб ҳам ўз ижросини топмаган?

КАМБАҒАЛНИНГ УЙИ БЎЛСА, ТЕЗКОРЛИК ҚАЕРДАН ПАЙДО БЎЛАДИ?

Жамиятда кўпчиликни ўйлантирадиган яна бир масала бор.

Оддий фуқаронинг уйи ёки қурилмасига нисбатан суд қарори чиқса, ижро жараёнида техника, давлат ижрочилари ва масъул идоралар тезда ҳаракатга келган ҳолатларни кўрамиз.

Аммо бу ҳолатда гап 12 000 квадрат метр ер майдони ва ундаги 900 квадрат метрлик ноқонуний қурилма ҳақида кетмоқда.

Суднинг қарори бор.

Ижро варақаси бор.

Қонун бор.

Мажбурий ижро органи бор.

Унда тўсиқ нимада?

Нима учун бир фуқаронинг мулки ёки қурилмасига нисбатан қарорни ижро этиш осон, бошқа ҳолатда эса йиллар давомида ижро таъминланмайди?

Албатта, бу саволга жавоб бериш учун ижро иши материаллари, давлат ижрочисининг қарорлари, ижро ҳаракатлари баённомалари ва бошқа ҳужжатлар ўрганилиши керак.

Лекин айнан шунинг учун масъул идоралардан аниқ жавоб кутяпмиз.

КИМ МАСЪУЛ?

Таҳририят суд қарорининг нега ижро этилмагани юзасидан қуйидаги саволларни очиқ қолдиради:

— Ижро варақаси қачон ва қайси МИБ бўлимига топширилган?

— У бўйича ижро иши юритиш қачон қўзғатилган?

— Қайси давлат ижрочисига ушбу ижро иши бириктирилган?

— 2022 йилдан буён қандай ижро ҳаракатлари амалга оширилган?

— Ноқонуний қурилмани бартараф этиш бўйича далолатнома тузилганми?

— Қарорни ижро этишга ким ёки нима тўсқинлик қилган?

— Агар ижро имкони бўлмаган бўлса, бу ҳақда қандай процессуал қарор қабул қилинган?

— Қарор ижроси кечиктирилган ёки тўхтатилган бўлса, кимнинг қарори асосида?

— Ижро ҳужжати ҳозирда амалдами ва ижро иши юритилиши давом этяптими?

Бу саволларнинг барчаси жамоатчилик учун очиқ ва тушунарли жавобни талаб қилади.

«БУНИНГ ОРТИДА КИМ ТУРИБДИ?»

Энг жиддий савол эса шу.

Қонуний кучга кирган суд қарорининг тўрт йил давомида ижро этилмай қолишига ким ёки нима сабаб бўлмоқда?

Бу ерда кимнидир асоссиз равишда айблаш ниятимиз йўқ.

Аксинча, таҳририят масъул идораларнинг расмий муносабатини эшитишни истайди.

Агар қарорни ижро этишга ҳуқуқий асосда тўсқинлик қилаётган ҳолат бўлса — очиқлансин.

Агар ижро ҳаракатларида камчилик ёки ҳаракатсизлик бўлган бўлса — ким масъул экани айтилсин.

Агар кимдир қонуний суд қарорининг ижросига атайлаб тўсқинлик қилган бўлса — бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилсин.

Чунки суд қарорининг ижроси — шунчаки бир қоғозни бажариш эмас. Суд ҳужжатлари қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий ижро этилиши лозим. 

ТАҲРИРИЯТ ҚАЙСИ ИДОРАЛАРДАН ЖАВОБ КУТАДИ?

Шу муносабат билан таҳририят:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси раҳбариятидан;

Бухоро вилояти Мажбурий ижро бюроси бошқармасидан;

Ғиждувон туман Мажбурий ижро бўлими масъулларидан;

Бухоро вилояти прокуратураси ва Ғиждувон туман прокуратурасидан

ушбу ижро иши юзасидан хизмат текшируви ўтказиб, суд қарорининг нега шу кунга қадар тўлиқ ижро этилмаганига ойдинлик киритишни сўрайди.

Шунингдек, суд қарорининг ижросига масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлигига ҳуқуқий баҳо берилиши зарур, деб ҳисоблаймиз.

Чунки суд қарорлари кимнингдир мавқеи, таниши ёки имкониятига қараб ижро этиладиган ҳужжат эмас.

Қонун ҳамма учун бир хил бўлса, суд қарори ҳам ҳамма учун бир хил даражада мажбурий бўлиши керак.

Тўрт йиллик сукутга эса жавоб керак.

Суд қарори бор. Ижро варақаси бор. Қурилма бор.

Фақат ижро қаерда?

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button