«Телеграмм» ижимоий тармоқдаги “Миллатовози” каналида чоп этилган мурожаат юзасидан

РАДДИЯ
Интернет ресурсларидаги “Телеграмм” ижтимоий тармоқнинг “Миллатовози” ва “Компроуз” ахборот гуруҳларида чоп этилган “Бухоро вилояти Экология тизимидаги ҳолатлар юзасидан мурожаат” сарлавҳа остида Бухоро вилояти Экология бошқармаси раҳбари Ж.Абдуллаев ҳамда Экопатрул хизматига масъул К.Қўзиевлар фаолияти юзасидан эътирозлар билдирилиб, гўёки “Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, айрим раҳбарлар (?) томонидан ходимларга нисбатан ҳақоратли муомала қилиниши кузатилгани, шунингдек, К.Қўзиевнинг лавозимга тайинланиши билан боғлиқ қонунийлик масаласини ҳам ваколатли органлар томонидан холисона текширилиши сўралган.
Мазкур ахборотга нисбатан қуйидагиларни раддия сифатида билдирамиз.
Хусусан, мақолада “мурожаатчиларнинг таъкидлашича” деб қайд этилган бўлиб, ижтимоий тармоққа ушбу мурожаатчиларнинг аниқ шахслари кўрсатилмаган, ушбу мурожаатчилар таъкидлашича, “айрим” (?) раҳбарлар томонидан ходимларга нисбатан ҳақоратли муомала қилганлигини тасдиқловчи бирор-бир аниқ маълумот берилмаган, қайси раҳбар, қачон ва кимга нисбатан ҳақоратли муомалада бўлганлиги умуман ёритилмаган! Шунингдек, ҳақоратли муомалада бўлганлик учун қонунчиликда тегишли жавобгарлик (маъмурий, жиноий) белгиланган бўлиб, ижтимоий тармоқларга гўёки раҳбарлар ҳақоратли муомалада бўлаётганлигини таъкидлаган шахслар қонунда белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ва улар орқали судга мурожаат қилиб, ўзларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари мумкинлиги, фақатгина шу йўл билан ҳақорат қилганлиги қонуний тасдиқланган ҳоллардагина, аниқ фактлар асосида бирор бир шахсга бундай айбловлар қўйилиши, тасдиқланмаган ва бирор бир аниқ фактга асосланмаган бу кўринишдаги ахборотни тарқатиш, ушбу ахборотни тарқатган шахсларнинг тегишли жавобгарликка тортилиши учун асос бўлиши мумкинлиги ижтимоий тармоқ администраторларининг эътиборидан четда қолиб кетган.
Шу каби, мақолада К.Қўзиевнинг лавозимга тайинланиши билан боғлиқ қонунийлик масаласини ваколатли органлар холисона текшириши сўралганлиги юзасидан қуйидагиларни билдирамиз. К.Қўзиев жорий йилнинг 13.05.2026 йилда Ўзбекистон РеспубликасиЭкология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг буйруғига асосан қўмитанинг Бухоро вилояти Экология ва иқлим ўзгариши Бош бошқармаси “Экополиция”нинг Экополиция бошлиғи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимига тайинланган.
Лавозимга тайинланишидан олдин К.Қўзиевнингшахси, шу жумладан унинг муқаддам жиноий таъқибга учраб, суд ҳукми ва ажрими асосида жазодан ва жавобгарликдан қонуний асосда озод этилгани, бу ҳолат эса амалдаги Жиноят Кодексининг 77-моддаси 2-қисми талабига кўра, унинг судланмаган ҳисобланиши, қонунчилик талабига кўра, судланмаган деб топилган шахсга нисбатан барча ҳуқуқий оқибатлар бекор бўлиши белгилангани, шунингдек, унинг шу асосда суд қарорлари қабул қилинганидан кейинги давр мобайнида, яъни 2019-2021 йилларда Бухоро вилояти экология ва атроф муҳитни мухофаза қилиш бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари, 2021-2022 йиллар давомида Бухоро вилояти экология ва атроф муҳитни мухофаза қилиш бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимида ишлагани, унинг ушбу даврлардаги ишчанлик қобилияти тегишли идоралар томонидан чуқур ўрганилган ҳолда, уни бугунги эгаллаб турган лавозимига синов муддати билан тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқарилган.
Таъкидлаш жоизки, Бухоро вилоятининг мазкур бошқармасига Ж.Абдуллаев ва К.Қўзиевлартайинланганидан кейин, вилоятда экологияга қарши конунбузарликлар ҳамда жиноятларга қарши курашиш кескин оширилиб, қисқа муддатларда сезиларли натижаларга эришилди. Табиийки, бу ҳаракатлар экология соҳасида йиллар давомида қонунбузарликларни содир этиб келган ҳуқуқбузарлар ҳамда уларга раҳнамролик қилишга ҳаракат қилиб келган шахсларнинг манфаатларига зид бўлиб, бир неча маротаба ушбу раҳбарларга нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар уюштиришга ҳаракат қилинди.
Қўмита томонидан бундай ҳолатларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши таъминланади ва айбдор шахсларнинг қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши юзасидан барча имкониятлардан фойдаланишини маълум қиламиз.
Таҳририятдан: Бухоро вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасидан таҳририятимизга расмий раддия келиб тушди. Амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ ушбу раддия тўлиқ ҳажмда эълон қилинмоқда.



