Учқудуқ ИИБ ходими Шофирконда фуқарони калтаклаганми? Мурожаат текширувни талаб қилмоқда!
Таҳририятга келиб тушган мурожаат жиддий саволларни кун тартибига чиқармоқда.
«Tezkor Yangiliklar.uz» таҳририятига Шофиркон тумани, “Кўришкент” МФЙда яшовчи фуқаро Орипов Диёрбек Фурқат ўғлининг мурожаати келиб тушди.
Мурожаатда баён этилишича, 2026 йил 7 июль куни у телефон орқали Шофиркон туман ИИБ биносига чақирилган. Фуқаронинг иддаосига кўра, ИИБ биносида ўзини таништирмаган фуқаролик кийимидаги шахс уни алоҳида хонага олиб кириб, ҳақорат қилган, жисмоний куч ишлатган ҳамда ўқишга рухсат бермасдан айрим ҳужжатларга имзо қўйишга мажбурлаган.
Фуқаро ўз мурожаатида воқеадан сўнг туман шифохонасига мурожаат қилганини, унга юмшоқ тўқималар лат ейиши ташхиси қўйилганини, шифокор томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилганини маълум қилган. Шунингдек, унинг айтишича, прокуратура томонидан суд-тиббий экспертиза тайинланган ва у мазкур экспертизадан ўтган.
Таҳририят ихтиёрида фуқаронинг ёзма мурожаати, унинг видео мурожаати ҳамда тиббий ташхисга оид ҳужжат нусхаси мавжуд.
Таҳририят иккинчи томоннинг ҳам муносабатини ўрганди
Холислик тамойилидан келиб чиқиб, таҳририятимиз мазкур ҳолат юзасидан иккинчи томон билан ҳам боғланди.
Жамоатчилик мухбиримиз мурожаатда тилга олинган Навоий вилояти Учқудуқ туман ИИБ ходими, Феруз исмли ходим билан телефон орқали суҳбатлашди. У мазкур ҳолат бўлганини инкор этиб, фуқарога нисбатан жисмоний куч ишлатилмаганини билдирди.
Шу билан бирга, таҳририятимиз Шофиркон туман ИИБ Жиноят қидирув бўлими раҳбарияти билан ҳам боғланди. Суҳбат давомида ҳақиқатан ҳам Учқудуқ туман ИИБдан Феруз исмли ходим Шофиркон туманига келгани ва фуқаро билан мулоқот қилгани тасдиқланди.
Бироқ, мурожаатда келтирилган зўравонлик ҳақидаги иддаоларга ҳуқуқий баҳо бериш ваколати фақат тергов ва прокуратура органларига тегишлидир.
Таҳририятдан расмий мурожаат
Мазкур ҳолат жамоатчиликда жиддий саволлар уйғотмоқда. Агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган биносида фуқарога нисбатан ҳақорат, босим ёки жисмоний куч ишлатилган бўлса, бу қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига дахлдор ўта жиддий масаладир.
Шу муносабат билан «Tezkor Yangiliklar.uz» таҳририяти:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан;
Бухоро вилоят прокуратурасидан;
мазкур мурожаатда келтирилган ҳолатлар юзасидан холис, тўлиқ ва қонуний текширув ўтказишни, воқеада иштирок этган барча шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни ҳамда текширув натижалари ҳақида жамоатчиликка расмий ахборот тақдим этишни сўрайди.
Қонун устувор бўлган жамиятда ҳар бир мурожаат синчковлик билан ўрганилиши, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи ишончли ҳимоя қилиниши шарт. Агар мурожаатда баён этилган ҳолатлар ўз тасдиғини топса, айбдорларга нисбатан қонун доирасида қатъий чора кўрилиши лозим. Агар аксинча, иддаолар тасдиқланмаса, бу ҳақда ҳам очиқ ва асосланган хулоса эълон қилиниши жамоатчилик ишончини мустаҳкамлайди.



