ҚОНУНИЙЛИК БУЗИЛСА, ЖИНОЯТ ИШИ ДОИРАСИДА ТЕРГОВЧИ ГУМОНЛАНУВЧИ БИЛАН «КАЛЛА УРИШТИРИБ» КЎРИШСА, АДОЛАТНИ КИМДАН КУТАМИЗ?

Бухоро вилояти Шофиркон туманида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Турдиев Давлат Фармоновичнинг мурожаати асосида қўзғатилган жиноят иши юзасидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари атрофида юзага келган ҳолатлар қонунийлик ва терговнинг холислиги юзасидан қатор саволларни кун тартибига чиқармоқда.
Тадбиркорнинг билдиришича, у 2026 йил февраль ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Бироқ, орадан бир неча ой ўтган бўлса-да, у ўзининг қонуний ҳуқуқлари тўлиқ таъминланмаётгани, тергов жараёнида эса нохолис муносабатларга дуч келаётганини таъкидламоқда.
Жуда кўп миқдордаги товламачилик бўйича жиноят иши
Аризачи маълум қилишича, фуқаролар М.Н., Ж.У. ҳамда бошқа бир гуруҳ шахслар томонидан ундан 70 000 АҚШ доллари талаб қилингани ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бироқ тадбиркорнинг фикрича, Бухоро вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳам тушунтириш талаб қиладиган ҳолатлар кузатилган.
Унинг билдиришича, тезкор тадбир ўтказиш учун холислар иштирокида кимёвий кукун билан ишлов берилган 40 000 АҚШ доллари унга топширилган, мазкур жараён тегишли тартибда баённомалаштирилган ва видеоёзувга олинган. Аммо кейинчалик ушбу маблағ унинг қўлидан қайтариб олинган ва тезкор тадбир якунига етказилмаган.
Аризачининг таъкидлашича, Бухоро вилояти ИИБ катта тезкор вакили Б. Худойбердиев ҳамда бошқа масъул ходимлар томонидан тезкор тадбир нима сабабдан охирига етказилмаганига ҳозирга қадар ҳуқуқий изоҳ берилмаган.
Терговчининг гумонланувчи билан муносабати холисликка шубҳа уйғотадими?
Тадбиркорнинг Бухоро вилояти прокурори номига ёзган расмий мурожаатида Шофиркон туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи катта терговчиси Асрор Некбоев ҳамда терговчи Мансур Худойбердиевнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳам эътирозлар билдирилган.
Аризада қайд этилишича, юзлаштириш тергов ҳаракати ўтказилаётган вақтда жиноят иши бўйича гумонланувчи У.Ж. тергов бўлимига келганида терговчи Мансур Худойбердиев уни ўрнидан туриб кутиб олган, унга «устоз» деб мурожаат қилган ва самимий тарзда калла уриштириб кўришган.
Шунингдек, бироздан кейин келган катта терговчи Асрор Некбоев ҳам гумонланувчига «устоз» деб мурожаат қилиб, у билан дўстона тарзда қўл бериб ва калла уриштириб кўришгани қайд этилган.
Аризачига кўра, мазкур ҳолатдан сўнг гумонланувчи Ж.У. гувоҳ Сафаров Жасурга:
«Булар иккаласи менинг шогирдларим, мен уларни тайёрлаганман, ўқитганман, сен мен томонда бўл», — деб айтган.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, ушбу сўзлар айтилган вақтда терговчилар томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.
Албатта, агар терговчи билан гумонланувчи ўртасида хизматдан ташқари шахсий муносабатлар ёки устоз-шогирд алоқалари мавжуд бўлса, бу ҳолат манфаатлар тўқнашуви ва терговнинг холислиги ҳақида асосли саволларни келтириб чиқариши мумкин. Бундай ҳолатларга эса қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилиши лозим.
Гувоҳга босим бўлганми?
Аризада яна бир қатор ҳолатлар ҳам келтирилган.
Жумладан, тадбиркорнинг таъкидлашича, терговчи Мансур Худойбердиев жабрланувчи фойдасига кўрсатма бериши мумкин бўлган гувоҳ И. Ҳамроевга нисбатан босим ўтказишга уринган, ундан тадбиркорга қарши кўрсатма олишга ҳаракат қилган.
Шунингдек, адвокат Ў. Раҳмоновнинг юзлаштириш жараёнини видеоёзувга олиш ҳақидаги илтимосномаси ҳам асослантирилмаган ҳолда рад этилгани қайд этилган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан ҳам қонуний тартибда хизмат текшируви ўтказилиши ва ҳуқуқий баҳо берилиши муҳим аҳамият касб этади.
Тадбиркор нимани сўрамоқда?
Турдиев Давлат Фармонович Бухоро вилояти прокурори У.А. Ҳамдамов номига йўллаган мурожаатида:
манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани ҳақида эътироз билдирилган терговчилар Асрор Некбоев ва Мансур Худойбердиевга нисбатан раддия (отвод) қўллаш;
жиноят ишини холис ва ҳар томонлама тергов қилиш мақсадида уни Бухоро вилояти прокуратураси терговчилари иш юритувига ўтказиш;
дастлабки тезкор тадбирни ўтказишда иштирок этган Бухоро вилояти ИИБ ходимлари Б. Худойбердиев ва бошқа масъул шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, зарур бўлган тақдирда интизомий чоралар кўришни сўраган.
Маълумки, мамлакатимизда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис ҳар қандай жиноят иши бўйича тергов нафақат қонуний, балки холис, шаффоф ва процессуал талабларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши жамоатчилик ишончини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Таҳририят мазкур ҳолат юзасидан масъул идораларнинг расмий муносабатини эълон қилишга тайёр эканини маълум қилади ҳамда воқеалар ривожини кузатиб боради.
…Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Жиноят-процессуал кодекси ҳар бир шахсга адолатли, холис ва қонуний тергов ўтказилишини кафолатлайди. Президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида қонун устуворлиги, адолат ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини кўп бор таъкидлаб келган. Шу боис терговнинг мустақиллиги ва холислигига нисбатан туғилган ҳар қандай шубҳа қонун доирасида синчиклаб ўрганилиши лозим. Чунки адолат нафақат қабул қилинган қарорда, балки унинг қандай тартибда қабул қилинганида ҳам намоён бўлади.
Таҳририятимиз ушбу иш бўйича якуний ҳуқуқий қарор чиқаришни эмас, балки қонун устуворлиги таъминланиши, ҳар бир мурожаат холис ва адолатли кўриб чиқилишини қўллаб-қувватлайди. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаб келаётганидек, давлат идораларига бўлган ишонч қонун устуворлиги ва адолат таъминланган жойдагина мустаҳкамланади.



