Bo'limsiz

“Шофирконда аёл калтаклангани ҳақида мурожаат: ИИБ ходимлари ўз вақтида чора кўрмаганми?

“Тезкор Янгиликлар” таҳририятига Бухоро вилояти, Шофиркон туманида яшовчи фуқаро Исоева Ҳилоладан мурожаат келиб тушди. Унда аёл ўзининг калтаклангани, оғир тан жароҳатлари олгани ва шунга қарамасдан ички ишлар органлари томонидан мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилмаганини иддао қилмоқда.


Мурожаатда баён этилишича, томорқа ерни суғориш вақтида қўшнилар ўртасида низо келиб чиққан. Фуқаронинг таъкидлашича, жанжал давомида у ҳақорат қилинган, сочидан тортилган, кейин эса эркак томонидан таёқ ва курак билан калтакланган. Натижада унинг бош қисми жароҳатланган, қўли синган ва у ҳушини йўқотган.

Аёл тез ёрдам орқали Шофиркон туман шифохонасига олиб борилган. Шифокорлар пешона қисмига чок қўйган, қўли гипс қилинган ва стационар даволанишга ётқизилган.

Бироқ мурожаатда энг жиддий эътироз ички ишлар органлари фаолиятига қаратилган. Унинг ёзишича, воқеа ҳақида 102 хизматига дарҳол хабар берилган, профилактика инспекторлари келиб дастлабки маълумотларни ёзиб олган бўлса-да, кейинги ҳаракатлар амалга оширилмаган.

Фуқаро ва унинг яқинлари бир неча бор профилактика инспекторларига мурожаат қилгани, аммо ҳар сафар “ўзимиз борамиз” деган ваъда билан қайтарилганини билдирган. Мурожаатга кўра, ҳатто жабрланган аёл шифохонада оғир аҳволда ётган вақтида ҳам уни бир неча марта овора қилишган, уч кун давомида эса ҳеч қандай процессуал қарор қабул қилинмаган.

Бу ҳолат, агар мурожаатда келтирилган маълумотлар тасдиғини топса, қонунчилик нуқтаи назаридан жиддий ҳуқуқий баҳони талаб қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига мувофиқ, ҳар кимнинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз бўлиб, уни зўравонликдан ҳимоя қилиш давлатнинг мажбурияти ҳисобланади.

Шунингдек, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунга кўра, ички ишлар органлари фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги хабарларни зудлик билан қабул қилиш ва қонуний чоралар кўришга мажбур.

Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодекси талабларига асосан, жиноят ҳақидаги хабар ёки ариза келиб тушганидан сўнг ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда текширув ўтказилиши ва процессуал қарор қабул қилиниши лозим.

Таҳририят сифатида мазкур мурожаатда келтирилган ҳолатларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан расмий муносабат билдирилиши ва барча ҳолатларга қонуний баҳо берилишини сўраймиз.

Эслатма: мазкур материал фуқаро мурожаати асосида тайёрланди. Баён этилган ҳолатлар юзасидан ваколатли давлат органларининг расмий хулосаси ва текширув натижалари эълон қилингач, таҳририят уларни ҳам тўлиқ ёритишга тайёр.

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button