Bo'limsiz

«Самарқандда бир иш бўйича икки хил суд хулосаси: фуқаро Олий суд раиси ва вилоят суди раисига мурожаат қилди»

«Тезкор Янгиликлар» таҳририятига Самарқанд вилоятидан навбатдаги мурожаат келиб тушди. Мурожаат муаллифи Умарова Башорат ўзининг кўп йиллардан буён давом этаётган суд низоси юзасидан қабул қилинган суд қарорлари ўзаро зид эканини таъкидлаб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Роббахон Маҳмудова ҳамда Самарқанд вилояти суди раисига мурожаат қилди.

Унинг таъкидлашича, фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилган ишда битим ҳақиқий деб топилган бўлса, кейинчалик апелляция инстанцияси томонидан ушбу қарор бекор қилинган. Апелляция суди ўз хулосасида мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслигини асос қилиб келтирган.

Бироқ, мурожаатда қайд этилишича, мазкур масала билан боғлиқ маъмурий суд ишида мутлақо бошқача ҳуқуқий хулосага келинган.

Жумладан, Самарқанд туманлараро маъмурий судининг 2026 йил 22 апрелдаги ҳал қилув қарори апелляция инстанцияси томонидан бекор қилиниб, иш бўйича янги қарор қабул қилинган. Унда Давлат кадастрлари палатаси Самарқанд вилояти бошқармаси Нарпай туман филиалининг давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ҳақидаги ҳаракати қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талаб рад этилган бўлса-да, аризачи Б. Умарованинг вакили томонидан берилган апелляция шикояти тўлиқ қаноатлантирилгани қайд этилган.

Мурожаат муаллифига кўра, айнан маъмурий суд жараёнида ишга оид муҳим ҳолатлар, мулкнинг ҳуқуқий мақоми ва унинг тарихига доир масалалар ўрганилган. Шу боис у фуқаролик ишлари бўйича қабул қилинган аввалги суд қарорларини ҳам қайта кўриб чиқиш зарур, деб ҳисобламоқда.

Фуқаро ўз мурожаатида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 372²-моддаси талабларини эслатиб, суд ҳужжатини бекор қилиш учун иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги, далилларга тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги ҳамда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг нотўғри қўлланилганлиги асос бўлиши мумкинлигини қайд этган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига мувофиқ, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Конституциянинг 20-моддаси эса давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти қонунийлик принципига асосланиши шартлигини белгилайди.

Мурожаат муаллифи судлар томонидан бир хил ҳолатларга нисбатан турлича ҳуқуқий ёндашув қўлланилганини таъкидлаб, бу ҳолат ягона суд амалиёти таъминланиши нуқтаи назаридан ҳуқуқий баҳоланиши лозимлигини билдирган.

У шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Роббахон Маҳмудова ҳамда Самарқанд вилояти суди раисидан мазкур иш юзасидан қабул қилинган суд ҳужжатларининг қонунийлигига ҳуқуқий баҳо бериш, ишнинг барча ҳолатлари тўлиқ ва холисона ўрганилишини таъминлаш ҳамда қонун устуворлиги принципини таъминлашни сўраган.

Таҳририятдан: Ушбу мақола таҳририятга келиб тушган мурожаат асосида тайёрланди. Мақолада келтирилган фикрлар мурожаат муаллифига тегишли бўлиб, барча манфаатдор томонларнинг муносабати эълон қилиш учун очиқлигини маълум қиламиз. Суднинг қонуний кучга кирган ҳужжатлари барча учун мажбурий ҳисобланади, бироқ қонунчиликда белгиланган тартибда улар устидан шикоят қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Mavzuga oid

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button