Bo'limsiz

Риштонда Тожикистон ҳукумати қурган боғча очилди

Дунёнинг шодлиги йиғилса бутун,
Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун!

Бугун вилоятимизнинг Риштон туманида бўлиб ўтган, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаган яна бир муҳим тадбирда айтилган Абу Абдуллоҳ Рудакийнинг ушбу мисралари икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли олиб борилаётган ҳамкорлик муносабатларининг ўзига хос рамзий ифодаси бўлди. Тожикистон ҳукумати томонидан қурилган “Капалак” давлат мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросими юқори савияда ташкил этилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил март ойида Тожикистонга давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон ҳукумати маблағлари ҳисобига Сўғд вилояти Спитамен туманида 640 ўқувчига мўлжалланган мактаб ҳамда Хатлон вилояти Кубодиён туманида 250 ўринли шифохона қурилиши, Тожикистон ҳукумати маблағлари ҳисобига эса Самарқанд вилоятининг Ургут туманида 640 нафар ўқувчига мўлжалланган умумтаълим мактаби ҳамда Риштон туманида 200 ўринли мактабгача таълим ташкилоти барпо этилиши юзасидан битим имзоланганди.

2020 йилнинг сентябрида Бош вазир Абдулла Арипов иштирокида Спитамен туманидаги мактаб, жорий йилнинг июнь ойида эса Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга навбатдаги ташрифи чоғида икки давлат раҳбарларининг рамзий тугмани босиши билан Самарқанд ва Хатлонда ижтимоий муассасалар фойдаланишга топширилганди.

Риштон туманида барпо этилган мактабгача таълим муассасасини фойдаланишга топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳмонзода Абдужаббор Азиз, Тожикистон Республикаси таълим ва фан вазири Имомзода Муҳаммадюсуф, Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов, дахлдор ташкилотлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари қатнашдилар.

Маросимда икки мамлакат вакиллари сўзга чиқиб, давлат раҳбарларига биродар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлашга, фуқароларимиз учун қулай шароитлар яратишга қаратаётган алоҳида эътибори учун миннатдорлик билдирдилар.

Риштондаги Учариқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилган 200 ўринли ушбу боғчада қурилиш ишлари Тожикистоннинг “Созанда” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди. Бу ерда 50 та янги иш ўринлари яратилди.

Икки қаватли муҳташам бинодаги мусиқа, бадиий гимнастика, спорт заллари, ўйин майдончалари, кенг ва ёруғ хоналар, ётоқ жойлари ва ошхона болажонларнинг эмин-эркин ўсишлари, соғлом ва билимли бўлишлари учун хизмат қилади.

Тадбир давомида дуога қўл очган нуроний отахонлар барча қулайликларга эга мазкур замонавий боғчада таълим-тарбия олган болажоналар келажакда ўзбек-тожик халқларининг етук намояндалари бўлиб вояга етишларига ишонч билдирдилар.

Шу куни меҳмонлар Риштон туманидаги халқаро кулолчилик маркази ва Равшан Тожиддинов раҳбарлик қилаётган “Р+Корон” корхонасига қарашли кулолчилик музейида ҳам бўлиб, ҳунармандларнинг фаолияти билан танишдилар.

Related Articles

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button