Тадбиркорлар: «Нега биздан пул йиғиляпти?»

Таҳририятга жиддий мурожаат келиб тушди
“Тезкор янгиликлар” электрон нашри таҳририятига Когон туманида яшовчи, Афғонистон уруши қатнашчиси, Когон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Салим Набиевдан мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда Бухоро вилояти Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раҳбарияти томонидан унга нисбатан турли босим ва тазйиқлар ўтказилаётгани, шунингдек, айрим тадбиркорлардан қонунчиликда белгиланмаган миқдорларда маблағлар йиғилаётгани ҳақида жиддий иддаолар билдирилган.
Энг муҳими, таҳририят ихтиёрида бир қатор тадбиркорларнинг видеомурожаатлари ҳам мавжуд бўлиб, уларда тадбиркорлар очиқчасига: «Нега бизлардан пул оляпти? Бу маблағлар нима асосда йиғиляпти?» деган саволларни ўртага ташламоқда. Улар ўз мурожаатларида маблағ йиғиш жараёнидан норозилигини билдирган.
Мурожаат муаллифининг таъкидлашича, ташкилот уставида аъзолик бадаллари аниқ белгиланган бўлишига қарамай, тадбиркорлардан анча юқори миқдорда маблағ талаб қилинаётгани ҳақида маълумотлар бор. Айрим тадбиркорлар эса ўзларига турли текширув ва жарималар билан таҳдид қилинганини айтиб, бу ҳолатдан хавотир билдирмоқда.
Агар ушбу маълумотлар ўз тасдиғини топса, бу тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари бузилиши, мансаб ваколатларидан ноқонуний фойдаланиш ва коррупциявий хавфлар юзага келганини англатиши мумкин.
Савол туғилади: истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган ташкилотнинг ўзи тадбиркорларни босим остига қўяётган бўлса, уларнинг ҳуқуқини ким ҳимоя қилади?
Конституция ва амалдаги қонунларга кўра, жамоат ташкилотларига аъзолик мутлақо ихтиёрий ҳисобланади. Ҳеч бир тадбиркор ёки фуқаро таҳдид, босим ёки мажбурлаш орқали аъзоликка жалб қилиниши мумкин эмас.
Таҳририят сифатида мазкур мурожаат ва тадбиркорлар томонидан билдирилган иддаолар юзасидан Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа ваколатли органлар томонидан холис, қонуний ва шаффоф текширув ўтказилишига умид қиламиз.
Зеро, қонун устувор бўлган жамиятда ҳеч бир раҳбар ёки мансабдор шахс ўз манфаатини қонундан устун қўймаслиги керак. Агар мурожаатда келтирилган ҳолатлар ва тадбиркорлар билдирган иддаолар тасдиқланса, айбдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши адолат талабидир.
Таҳририят мавзу юзасидан мутасадди ташкилотлар муносабатини ҳам эълон қилишга тайёр.



