ҚОНУН ҲАММА УЧУН БИР ХИЛМИ? ЁКИ ФУҚАРОНИНГ ҲИМОЯЛАНИШ ҲУҚУҚИ ҚОҒОЗДА ҚОЛИБ КЕТМОҚДАМИ?

“Тезкор янгиликлар” таҳририятига Қашқадарё вилоятидан ташвишли мурожаат келиб тушди.
Мурожаат муаллифи Умида Холмирзаеванинг маълум қилишича, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Бироқ у бу ҳақда расмий қарор орқали эмас, балки телефон қўнғироғи орқали хабардор қилинганини билдирган.
Мурожаатга кўра, у 2025 йил май–июнь ойларида ижтимоий тармоқда руҳий тушкунлик ва қаттиқ асабий ҳолат таъсирида пост жойлаштирган. Пост остидаги изоҳда фуқаро Т. С.нинг исмини ёзган. Кейинчалик Т. С. шахсан телефон қилиб, постни ўчиришни сўраган ва мурожаатчи унинг илтимосига кўра мазкур постни дарҳол ўчирганини, бу ҳолатни тасдиқловчи далиллар ҳам мавжудлигини билдирган.
Шу билан бирга, мурожаатчи ушбу ҳолат ўзининг илгариги воқеалар, хусусан, Т. С. ҳаракатлари натижасида ноҳақ жавобгарликка тортилгани ҳақидаги қарашлари ва кучли руҳий изтироблари оқибатида юзага келганини қайд этган.
Унинг таъкидлашича, 2026 йил 18 март куни Т. С. ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилган. Шу билан бир вақтда, мурожаатчининг ўзи ҳам 2026 йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Т. С нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ариза киритган.
Мурожаатчи 2026 йил 25 июнь куни Кўкдала тумани ИИБ ходими телефон орқали унга қарши жиноят иши қўзғатилганини айтиб, терговга чақирганини билдирган.
Бироқ, унинг таъкидлашича, бугунги кунга қадар:
жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарор унга топширилмаган;
процессуал мақоми расман тушунтирилмаган;
суд экспертизаси хулосаси билан таништирилмаган;
иш материаллари билан танишиш имконияти берилмаган.
Мурожаатчи бу ҳолатлар унинг Конституция ва жиноят-процессуал қонунчилигида кафолатланган ҳимояланиш ҳуқуқини тўлиқ амалга оширишга тўсқинлик қилаётганини билдирган.
Шунингдек, у иш бўйича “мараз” сўзига берилган суд лингвистик экспертизаси хулосасига нисбатан ҳам жиддий шубҳа билдириб, мазкур хулосани мустақил эксперт муассасасида қайта текширишни сўраган. Чунки, унинг айтишича, ҳозирга қадар эксперт хулосаси мазмуни, эксперт олдига қўйилган саволлар ва хулоса қандай асосларда чиқарилгани ҳақида унга маълумот берилмаган.
Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, малакали юридик ёрдам олиш ҳамда қонун билан белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Жиноят-процессуал қонунчилиги ҳам ҳар бир процесс иштирокчисининг ҳуқуқлари таъминланишини талаб қилади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида инсон қадрини юксалтириш, айниқса хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Давлат раҳбари томонидан ҳар бир мурожаат қонуний, холис ва адолатли кўриб чиқилиши лозимлиги бир неча бор таъкидланган.
Шу муносабат билан мурожаатчи Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ички ишлар вазири ҳамда Қашқадарё вилояти Тергов департаменти раҳбаридан:
— унга нисбатан жиноят иши қонуний қўзғатилган-қўзғатилмаганини хизмат текшируви орқали ўрганишни;
— Кўкдала тумани ИИБ тергов органи томонидан процессуал қонун талабларига риоя этилган-этилмаганини текширишни;
— унинг процессуал ҳуқуқлари таъминланишини назоратга олишни;
— зарурат туғилганда ишни холисликни таъминлаш мақсадида юқори турувчи тергов органига ўтказиш масаласини кўриб чиқишни;
— ҳамда экспертиза хулосасини қайта, мустақил муассасада ўрганишни сўраган.
“Тезкор янгиликлар” таҳририяти мазкур мурожаатда баён этилган ҳолатлар юзасидан ваколатли давлат органлари қонунчилик талаблари асосида холис ва ҳар томонлама ўрганиш ўтказишига, мурожаатчига қонуний тартибда жавоб берилишига ҳамда жамоатчиликка расмий муносабат билдирилишига умид қилади.
Изоҳ: Мазкур материалда келтирилган маълумотлар мурожаатчи тақдим этган ариза ва баёнот мазмунига асосланган бўлиб, таҳририят барча манфаатдор томонларнинг расмий муносабатини эълон қилишга тайёр.



